Инфографика: Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо давлатлар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлиги

Инфографика: Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо давлатлар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлиги

Ўзбекистон 2020 йилдан бошлаб Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) фаолиятида кузатувчи давлат сифатида иштирок этади. ЕОИИга аъзо давлатлар (Арманистондан ташқари) Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорлари қаторига киради. Хусусан, Россия Ўзбекистон экспортида 1-ўринни, Қозоғистон 3-ўринни, Қирғизистон 7-ўринни, Беларусь 12-ўринни эгаллайди.

Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан савдоси эркин савдо режимида амалга оширилади.

Ўзаро савдо кўрсаткичлари

Ўзбекистон ташқи савдосида 2025 йил якунларига кўра ЕОИИ мамлакатларининг улуши умумий товар айирбошлаш ҳажмида 24,8%, экспортда 20,3% ва импортда 28,1% ни ташкил этди.

2017–2025 йиллар давомида Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 2,8 баробарга ошиб, 7,2 млрд доллардан 20,2 млрд долларга етди, экспорт ҳажми 2,1 баробарга ўсиб, 3,3 млрд доллардан 6,9 млрд долларга етди, импорт эса 3,4 баробарга ошиб, 3,9 млрд доллардан 13,3 млрд долларга етди.

Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажмининг асосий қисми Россия ҳиссасига тўғри келиб, 64,4% ни ташкил этади, Қозоғистон ҳиссаси 24,7% ни ташкил қилади, қолган қисми Қирғизистон — 5,9%, Беларусь — 4,8% ва Арманистон — 0,2% ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатларига экспортида Россия ҳиссаси 63,2% ни, Қозоғистон — 22,5% ни, Қирғизистон — 11,2% ни, Беларусь — 2,7% ни ва Арманистон — 0,4% ни ташкил этди.

Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатларидан импортида Россия ҳиссаси 65,1% ни, Қозоғистон — 25,8% ни, Беларусь — 5,9% ни, Қирғизистон — 3,2% ни ва Арманистон — 0,1% ни ташкил этди.

2025 йилда Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатларига экспорт ва импорт таркиби қуйидаги товар позицияларидан иборат бўлди:

Экспорт — 6,9 млрд доллар, шу жумладан: саноат товарлари (ип-калaва, пластмасса ва металллар ҳамда улардан тайёрланган маҳсулотлар) — 1,8 млрд доллар; озиқ-овқат маҳсулотлари (мева-сабзавотлар) — 1,33 млрд доллар; турли тайёр маҳсулотлар (тайёр кийим-кечак) — 1,02 млрд доллар; машина ва транспорт ускуналари (электротехника товарлари, транспорт воситалари ва уларнинг қисмлари) — 728,9 млн доллар; кимё маҳсулотлари (ўғитлар, фармацевтика маҳсулотлари ва бошқалар) — 366,5 млн доллар; ичимликлар ва тамаки — 132,3 млн доллар; минерал ёқилғи (керосин, дизель ёқилғиси) — 124 млн доллар; бошқа товарлар — 106,5 млн доллар; озиқ-овқат бўлмаган хом ашё — 97,2 млн доллар, шунингдек хизматлар (асосан транспорт, шунингдек қувур транспорти, молиявий, ахборот, кончилик ва бошқалар) — 1,2 млрд доллар.

Импорт — 13,3 млрд доллар, шу жумладан: саноат товарлари (металллар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар) — 3,3 млрд доллар; минерал ёқилғи (нефть маҳсулотлари, табиий газ) — 2,8 млрд доллар; озиқ-овқат маҳсулотлари (дон маҳсулотлари, ун, ўсимлик ёғи) — 2,8 млрд доллар; кимё маҳсулотлари (фармацевтика маҳсулотлари, кимёвий бирикмалар, пластмасса) — 1,1 млрд доллар; озиқ-овқат бўлмаган хом ашё (ёғоч, рудалар) — 1 млрд доллар; машина ва ускуналар — 983,4 млн доллар; ҳайвон ва ўсимлик ёғлари (кунгабоқар ёғи) — 439,7 млн доллар; ичимликлар ва тамаки — 209,4 млн доллар; турли тайёр маҳсулотлар — 179,5 млн доллар, шунингдек хизматлар (транспорт, суғурта, компьютер хизматлари ва бошқалар) — 492,6 млн доллар.

Инвестициявий ҳамкорлик

2026 йил 1 март ҳолатига кўра Ўзбекистонда ЕОИИга аъзо давлатлар инвестициялари иштирокида 5 мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.

Фақат 2025 йилнинг ўзида ЕОИИ мамлакатларидан 3,7 млрд доллар инвестициялар жалб қилинган (Россия — 2,6 млрд доллар, Қозоғистон — 870 млн доллар, Қирғизистон — 197 млн доллар, Беларусь — 76,5 млн доллар, Арманистон — 4,7 млн доллар).

ЕОИИ мамлакатлари экспорт бозорларининг ўрни

ЕОИИ мамлакатлари бозорлари Ўзбекистоннинг тайёр маҳсулотлари, жумладан мева-сабзавот, тўқимачилик, машинасозлик ва бошқа тармоқлар маҳсулотларининг асосий истеъмолчилари ҳисобланади. Хомашё маҳсулотлари эса асосан учинчи мамлакатларга (Хитой, Туркия, Европа ва бошқалар) етказиб берилади. Шу билан бирга, Ўзбекистон умумий экспорти таркибидан олтин чиқариб ташланса, ЕОИИ мамлакатларига экспорт улуши 29% ни ташкил этади.

Масалан, 2025 йилда Ўзбекистон умумий экспорт ҳажмидан ЕОИИ мамлакатларига 1,6 минг тоннадан ортиқ мева ва сабзавот маҳсулотлари (умумий экспорт вазнининг 76%) 1,1 млрд долларга (мева-сабзавот экспорти умумий қийматининг 55%) етказиб берилган. Шунингдек, тўқимачилик маҳсулотларининг 70% дан ортиғи ҳамда машина, ускуна ва транспорт воситаларининг қарийб 70% қисми ушбу бозорларга йўналтирилган.

Шу билан бирга, ЕОИИ мамлакатларидан саноат корхоналари фаолияти ва қурилиш учун зарур бўлган асосий озиқ-овқат маҳсулотлари (буғдой, ун, ўсимлик ва ҳайвон ёғлари ва бошқалар), истеъмол товарлари, хом ашё ва материаллар (металлар, алюминий, ёғоч ва бошқалар), шунингдек машина ва ускуналар импорт қилинади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар