Ҳудудларнинг ишбилармонлик фаоллигининг 2022 йил апрель ойидаги асосий кўрсаткичлари қандай ўзгарган

Ҳудудларнинг ишбилармонлик фаоллигининг 2022 йил апрель ойидаги асосий кўрсаткичлари қандай ўзгарган

Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, жорий йилнинг 1 январидан 30 апрелигача бўлган даврда республикада солиқ тушумлари ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,8%га ошган.

Жумладан, Бухоро (37,0%), Фарғона (35,6%), Хоразм (34,6%), Самарқанд (33,3%), Андижон (30,2%) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикаси (30,7%) ва Тошкент шаҳрида (47,3%) солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши қайд этилди.

Солиқ тушумларининг ўсиши иқтисодиётдаги ижобий ўзгаришлар натижасида, шунингдек, солиқ маъмуриятчилиги тизимини такомиллаштириш, жумладан янги маъмурий воситаларни жорий этиш, жараёнларни рақамлаштириш ва автоматлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштириш ва солиқ қонунчилиги талабларига риоя этиш тартибини соддалаштириш ҳисобига таъминланди.

Таҳлил қилинаётган даврда божхона тўловлари бўйича тушумлар 43,7%га ошди. Даромаднинг энг катта ўсиши Жиззах (2,1 баробар), Хоразм (91,0%), Сирдарё (83,3%), Бухоро (71,6%), Қашқадарё (70,0%) ва Андижон (66,7%) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (45,5%) кузатилди.

Божхона тушумларининг ўсиши ташқи солиқ солинадиган импорт ҳажми ва валюта курсининг ошиши, савдо айланмасининг ўсиши, мамлакатимизда ишлаб чиқариш қувватларининг ошириши, божхона маъмуриятчилиги тартиб-таомилларини соддалаштириш, жараёнларни рақамлаштириш ва автоматлаштириш, жумладан, божхона органлари томонидан рискларни бошқариш тизимидан кенг фойдаланиш ҳисобига таъминланди.

Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, йил бошидан 30 апрелга қадар товарлар экспорти ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,7%га ошган. Товарлар экспорт ҳажмининг сезиларли ўсиши Қашқадарё (69,1%), Наманган (41,1%), Фарғона (37,3%), Самарқанд (33,8%), Сирдарё (29,7%) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (42,8%) қайд этилди.

Ўзбекистон экспортининг ўсиши саноат маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кимё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг ўсиш суръатлари билан изоҳланади.

Товар экспортининг қисқариши Бухоро (25,8 фоизга), Сурхондарё (7,0 фоиз) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (18,1 фоизга) кузатилди.

Бухоро вилоятида экспорт ҳажмининг камайиши 2022-йилнинг январь-апрель ойларида пахта толаси экспорти камайганлиги билан, бу эса маҳсулотларнинг ички бозорга йўналтирилганлиги билан боғлиқ.

Қорақалпоғистон Республикасида экспорт ҳажмининг камайиши пластмасса ва ундан тайёрланган маҳсулотлар, ип-калава ва фармацевтика маҳсулотлари экспортининг камайганлиги билан, шунингдек, пахта толаси экспортининг бутунлай бекор қилиниши ва ички бозорга йўналтирилиши билан изоҳланади.

Ўз навбатида, Сурхондарё вилоятида экспорт ҳажмининг камайиши мева-сабзавот маҳсулотлари экспортининг камайиши ҳамда пахта толаси ва калаванинг ички бозорга йўналтирилиши билан боғлиқ.

Таҳлил қилинаётган даврда Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасида тузилган битимлар ҳажми 44,1%га ўсди. Биржада савдо фаоллигининг сезиларли ўсиши Навоий (66,6%), Хоразм (55,3%), Жиззах (50,9%), Самарқанд (42,1%) вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикасида (56,0%) ва Тошкент шаҳрида (81,4%) кузатилди.

Ушбу ҳудудларда тузилган битимлар ҳажмининг ўсиши автомобил бензини, дизел ёқилғиси, қора ва рангли металлар, пахта толаси, катод қопламали мис, полиэтилен, озуқабоп буғдой, қурилиш ва хўжалик материаллари, минерал ўғитлар, техник чигитлар, шакар, спиртли ичимликлар ва бошқа товарлар савдосининг кўпайиши натижасида содир бўлган.

Шу билан бирга, Сирдарё вилоятида 13,2 фоизга қисқариш кузатилди. Бу полипропилен, ўсимлик ёғи, пахта толаси, қора металл, цемент, техник чигитлар, буғдой, омухта ем, совун маҳсулотлари ва суйилтирилган газ савдоси бўйича тузилган битимлар сони ва ҳажмининг камайиши билан изоҳланади.

Бу даврда 66 330 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, уларнинг энг кўпи Самарқанд (8 192), Фарғона (6 323), Тошкент (5 653), Қашқадарё (5 592), Андижон (5 280) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (9 392) рўйхатга олинган.

Юсуп Жумабаев
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар