Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 10 ноябрдаги “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлаш бўйича электрон шаклда ариза беришни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 596-сонли қарори[1] (кейинги ўринларда-қарор) қабул қилиниб, унга асосан Ўзбекистонда кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш тизимига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ушбу мақолада қарорга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ўрганиб чиқилди.
Қарорга кўра:
- кам таъминланган оилаларни аниқлаш мезонларига киритилаётган ўзгартиришлар 2023 йил 15 ноябрдан сўнг тақдим этилган аризаларга нисбатан жорий этилади.
“Онлайн ариза бериш тизими жорий этилади”
2024 йил 1 апрелдан бошлаб кам таъминланган оилалар учун “Ягона интерактив давлат хизматлари” портали орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам олиш учун онлайн мурожаат қилиш тартиби жорий этилади. Онлайн ариза топширишга уқуви, шароити йўқ фуқаролар номидан (фуқаро розилиги билан) “Инсон” ижтимоий марказининг ходимлари ариза топшириши мумкин бўлади.
Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетган ва Ўзбекистон Республикасига келган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тўғрисидаги ҳамда уларнинг чет элга бориш мақсадлари тўғрисидаги электрон маълумотлар «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тақдим этиб борилади. (Бунда, маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан белгилаб бериш тартиби бекор қилинади).
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги гематология, онкология, иммунология ва бошқа узоқ муддатли даволанишни талаб этадиган касалликлар билан касалланган шахслар тўғрисида ягона электрон маълумотлар базаси ишлаб чиқилади ва у «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига интеграция қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда чет элда суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўйича жазони ижро этиш муассасаларида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тўғрисидаги ягона электрон маълумотлар базасини ишлаб чиқиб, маълумотларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига тақдим этиб боради.
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг ахборот тизими билан интеграция қилинади ҳамда кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш учун мурожаат қилган оилаларнинг электр энергияси харажатлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш тартиби жорий этилади.
“Оиланинг иқтисодий ҳолати мунтазам мониторинг қилинади”
2023 йил декабрдан болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинланган оиланинг иқтисодий аҳволи ҳар ойда ўрганиб борилади. Агар оиланинг иқтисодий ҳолати яхшиланса, дастур моддий ёрдам бериш мезонларига мос келмай қолган оилаларни автоматик тарзда аниқлайди ва уларга пул бериш тўхтатилади.
2024 йил 1 мартдан бошлаб — болалар нафақаси ёки моддий ёрдам олаётган оиланинг номига расмийлаштирилмаган бироқ фойдаланувида бўлган автотранспорт воситалари, кўчмас мулклари ҳамда чорва моллари уларнинг аризаларида кўрсатган маълумотларга мувофиқлиги жойига чиққан ҳолда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ва «Инсон» ижтимоий хизматлари марказларининг ижтимоий ходимлари томонидан ўрганиб борилади ва ушбу Низомнинг 6-иловасига мувофиқ шаклда далолатнома (кейинги ўринларда — далолатнома) билан расмийлаштирилади. Бунда далолатнома фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раиси ва камида 2 нафар масъул ходимлар томонидан тасдиқланади.
Ўрганиш натижалари «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» АТга ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва «Инсон» ижтимоий хизматлари марказларининг ижтимоий ходимлари томонидан киритилади ва ахборот тизими томонидан болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўловини тўхтатиш ёки давом эттириш бўйича автоматик равишда қарор қабул қилинади.
“Ягона интерактив давлат хизматлари” портали ФҲДЁ органининг ахборот тизими билан интеграция қилинади
2024 йил 1 январдан янги туғилган чақалоқ тўғрисидаги маълумотлар ФҲДЁ органининг ахборот тизимидан онлайн ва автомат тарзда олинади. Яъни фуқароларнинг навбатдаги фарзанди туғилгач, болалар нафақасини қайта ҳисоблаш бўйича мурожаат қилмайди. Бола туғилган санадан маълумотлар автомат равишда дастурга келади, кейинги ойнинг биринчи санасидан пул миқдори янги туғилган болага ҳам қўшилган ҳолда қайта ҳисоблаб, ошириб борилади. Бу ҳам оворагарчиликнинг олдини олади.
Болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тўлови тўхтатилади, агар...
2023 йил 16 ноябрдан бошлаб берилган аризалар учун меҳнат органларига мурожаат қилганлиги сабабли расмий бандлик талаб этилмасдан болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинланган оила аъзоси болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинланган ойдан бошлаб 3 ой давомида меҳнат органи орқали касбга тайёрлаш, малака ошириш, қайта тайёрлаш ўқув курсларида ўқимаса, марказда иш изловчи ёки ишсиз сифатида рўйхатга олинмаса, ишга жойлашмаса, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи ва ўзини ўзи банд қилган фуқаролар рўйхатига кирмаса ёки меҳнат органларининг мақбул келадиган ишга доир таклифларини мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) рад қилган бўлса кейинги ойдан болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тўлови тўхтатилади.
Шунингдек:
- руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида турган оила аъзоларидан бандлик талаб этмаслик имтиёзи берилмоқда;
- расман никоҳи бекор қилинмаган алимент тўлаётган эр (хотин) оила таркибига киритилмаслиги белгиланди[2].
Юқоридаги ўзгаришлар инсон омили аралашмайдиган шаффоф механизим шакллантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Маълумот учун:
01.01.2024 йил ҳолатига кўра, моддий ёрдам пуллари 6 ой давомида 380 000 сўм миқдорида[3], болалар нафақаси 12 ой давомида 250 000 сўм - 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун, 325 000 сўм - ёши 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун; 150 000 сўм - оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча; 100 000 сўмдан - оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун тўлаб борилади.
Фуқаро болалар нафақаси олиш учун ҳар 12 ойда қайтадан ариза топширади[4]. Очиқ маълумотлар портали маълумотларига кўра 29 январь 2024 йил ҳолатига Ўзбекистон Республикаси бўйича 2 177 081 нафар оила болалар нафақаси ва 75 791 нафар оила моддий ёрдам олмоқда[5].
Фойдаланилган маълумотлар:
[1]https://lex.uz/docs/6663873
[2] Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 10.11.2023 йилдаги «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлаш бўйича электрон шаклда ариза беришни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 596-сон қарори https://lex.uz/docs/6663873
[3] Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам миқдори https://ihma.uz/oz/social
[4]Кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси миқдори https://ihma.uz/oz/social
[5]Ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилалар сони ва тўланган маблағлар тўғрисида маълумот https://data.egov.uz/uzbKr/data/64dc988bb04a41cb2e29d57f
Изоҳ қолдириш