БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра, октябрь ойида озиқ-овқат маҳсулотларининг жаҳон миқёсидаги нархлари сўнгги ўн йилдаги энг юқори даражага кўтарилди
Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, октябрь ойи якунида энг оммабоп озиқ-овқат маҳсулотларини ўз ичига олган озиқ-овқат нархлари индексининг қиймати 133,2 пунктга етган. Индекс охирги марта 2011 йилда 130 пунктдан ошиб кетган эди.
Ўтган ойда озиқ-овқат нархлари 3,9 фоизга ошди. Бунга кўп жиҳатдан дон, ёғ ва сут маҳсулотлари нархининг кўтарилиши сабаб бўлмоқда.
2020 йилнинг ўрталаридан бошлаб озиқ-овқат нархларининг изчил ўсиши давом этмоқда. Сўнгги 12 ойда озиқ-овқат нархлари индекси 30 фоиздан кўпроққа ошган.
Аввалроқ озиқ-овқат маҳсулотлари ва фавқулодда ёрдамга муҳтож инсонлар сони беш йил ичида энг юқори даражага кўтарилгани хабар қилинганди. Қайд этилишича, 2020 йилда низолар, иқтисодий қийинчиликлар, шунингдек, коронавирус пандемияси ва экстремал табиат ҳодисалари сабабли энг камида 155 миллион киши кескин очарчилик муаммосига дучор бўлди. Бу кўрсаткич 2019 йилга таққослаганда 20 миллионга кўпроқ.
Февраль ойида БМТ пандемия сабабли глобал озиқ-овқат танқислиги хавфи ҳақида огоҳлантирганди. Ташкилотга кўра, коронавирус пандемияси оқибатида озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари 2020 йилга нисбатан кўтарилгани сабабли қашшоқ давлатларнинг 2021 йилда озиқ-овқат инқирозига дуч келиши хавфи янада ортмоқда.
Изоҳ қолдириш