2022 йил 13 июнь куни Ўзбекистон таҳлил марказлари ва Жанубий Осиё ва Покистон халқаро тадқиқотлар маркази ўртасида "Покистон-Ўзбекистон икки томонлама муносабатлари: ташқи сиёсатга назар" мавзусида видеоконференция бўлиб ўтди, унда икки мамлакат экспертлари иштирок этишди.
Ушбу вебинарда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими Эдвард Романов "Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда Ўзбекистон-Покистон ҳамкорлигининг ривожланиши ва унинг истиқболлари" мавзусида маъруза қилди.
Эксперт ўз нутқида 2019 йил октябрь ойида Ўзбекистонда Президент фармони билан "Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегияси" тасдиқланганини таъкидлади. Ушбу Стратегияда алоҳида боб аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласига бағишланган. Унда таъкидланишича, озиқ-овқат хавфсизлигининг тўрт таркибий қисмлари озиқ-овқатнинг мавжудлиги, уни харид қилиш қобилияти, ундан фойдаланиш ва унинг барқарорлиги бўйича озиқ-овқат хавфсизлигининг давлат сиёсати ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.
Ҳужжатда қайд этилишича, аҳолини барқарор нархлардаги хавфсиз ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мамлакатимизнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Ушбу мақсадга эришиш учун халқаро даражада тан олинган услубиятлар ва илғор тажрибалар асосида озиқ-овқат хавфсизлигини баҳолаш тизимини жорий қилиш ҳамда доимий мониторинг қилиш каби тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Маъруза давомида Ўзбекистон “Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги” индексида 2021 йилда 113 та мамлакат орасида 53,8 балл билан 78-ўринни эгаллагани таъкидланди. Ушбу рейтингда бу озиқ-овқат хавфсизлигининг "ўртача даражаси" деган маънони англатади. Дарвоқе, Покистон рейтингда 75-ўринни эгаллаб, озиқ-овқат хавфсизлиги "ўртача даражада" бўлган мамлакатлар гуруҳига киритилди.
Ушбу рейтингда Ўзбекистоннинг асосий ютуқлари қаторида "иқтисодий қулайлик" параметри алоҳида таъкидланган бўлиб, унга кўра Ўзбекистон ўз мавқеини 15 пунктга, хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорти бўйича тарифларни пасайтириш орқали яхшилади (қишлоқ хўжалигида ўртача импорт тарифи 19,1%дан 11,4%гача пасайди).
Ҳар йили 135 мамлакат ўртасида Америка халқаро озиқ-овқат сиёсати илмий-тадқиқот институти томонидан тузиладиган "Глобал очлик индекси" маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2021 йилда 5,9 балл тўплади, бу ушбу тоифадаги мақбул 9,9 балл билан "паст даража" деган маънони англатади (2012 йилда 9,5 баллни ташкил этган).
Шунингдек, Ўзбекистоннинг озиқ-овқат импорти таркибида дон маҳсулотлари (23%), ўсимлик мойлари (18%), шакар ва шакар хом ашёси (12%), гўшт маҳсулотлари (6%), шунингдек, экспорт таркибида мева-сабзавот маҳсулотлари (60%), ун ва дон саноати (19%) энг катта улушни эгаллайди.
Эксперт Ўзбекистоннинг Покистон билан ўзаро савдоси ҳақида гапирар экан, икки мамлакат ўртасида амалга оширилмаган экспорт салоҳияти мавжудлигини таъкидлади.
Хусусан, сўнгги 5 йилда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ташқи савдо ҳажми 2016 йилдаги 35,6 млн доллардан 2021 йилда 181,5 млн долларгача 5,1 баравар ошди. Шу билан бирга, кўриб чиқилаётган давр мобайнида Ўзбекистоннинг Покистонга экспорти 13 бараварга ортиб, 10 млн доллардан 130 млн долларга етди. Покистондан импорт ҳажми эса 25,5 млн доллардан 51 млн долларгача 2 баравар ошди.
2021 йилда Ўзбекистоннинг Покистонга экспорти таркибида 62,3 млн долларлик дуккакли экинлар (экспорт ҳажмининг 48%), шунингдек, 59,2 млн долларга тенг калава иплари (46%) етакчилик қилди.
Ўзбекистонга Покистондан импорт қилинадиган маҳсулотларнинг асосий улушини 21,6 млн долларлик картошка (импорт ҳажмининг 42%) ва 18,8 млн долларлик дори воситалари (37%) ташкил этди. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, кўрсатилган ҳажмдаги картошка импорти фақат 2021 йилда кузатилган бўлиб, дори воситалари каби Покистондан келтириладиган анъанавий импорт товари ҳисобланмайди.
Маъруза давомида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги экспорт ва импорт таркибида маҳсулот ҳажмининг деярли ярмини озиқ-овқат маҳсулотлари ташкил этиши қайд этилди. Бу Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги икки мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ҳамкорлигидан далолат беради.
Эксперт фикрича, Ўзбекистон экспорти таркибини Покистон импорти таркиби билан қиёсий таҳлил қилиш маҳаллий маҳсулотларни Покистон бозорига экспорт қилишни кучайтириш учун яхши имкониятлар мавжудлигини кўрсатади.
Масалан, Ўзбекистон ташқи бозорларга экспорт қиладиган баъзи товарларни Покистон қуйидаги ҳажмларда импорт қилади: дуккакли маҳсулотлар $466 млн, узум $85 млн, пиёз $73 млн, помидор $42 млн, ёнғоқ $19 млн ва бошқа маҳсулотлар.
Ўз навбатида, Покистон Ўзбекистонга картошка, янги ва қуритилган цитрус мевалар ҳамда гуруч экспортини кўпайтириши мумкин.
Бундан ташқари, Ўзбекистон асосан Бразилиядан шакарқамиш хом ашёсини Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқарадиган заводлар учун хом ашё сифатида сотиб олади. Покистон эса катта ҳажмда шакарқамиш ишлаб чиқаради ва хом қамиш шакарини Ўзбекистонга экспорт қилиши мумкин.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Покистонга экспорти ҳажмини ошириш йўлидаги асосий тўсиқ, юқорида айтиб ўтилганидек, мамлакатлар ўртасида тўғридан-тўғри темир йўл алоқаларининг йўқлиги ҳисобланиб, бу транспорт харажатларининг ошишига ва Покистон бозорига етказиб беришда маҳаллий экспорт маҳсулотларининг рақобатбардошлиги пасайишига олиб келади.
Эксперт “Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар” темир йўли қурилиши лойиҳасини амалга ошириш ушбу муаммони ҳал қилиши мумкинлигини таъкидлади. Ўзбекистон ушбу мамлакат иштирокида трансафғон темир йўл йўналишини қуриш бўйича йирик лойиҳани амалга оширишни режалаштирган.
Ўзбекистон ва Покистон экспорти асосан тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўз ичига олган ўхшаш тузилмага эга эканлигини ҳисобга олиб, ўзаро савдо ҳажмларини ошириш мақсадида тайёр маҳсулотларни учинчи давлатлар бозорларига экспорт қилиш бўйича қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил қилиш зарур.
Хусусан, Ўзбекистон ва Покистон ишлаб чиқарувчилари ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида кооперация ташкил этишга кўмаклашиш зарур. Масалан, Ўзбекистонда қўшма шоли кластерини (Покистон дунёда гуруч етиштириш бўйича 10-ўринда) ёки қўшма балиқчилик хўжаликларини (Покистонда балиқ экспорти 2019 йилда 350 млн долларни ташкил этди) ташкил этиш имкониятини кўриб чиқиш керак. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Покистон капитали иштирокидаги 180 га яқин корхона фаолият кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасида Покистоннинг йирик компанияларини жалб қилиш имкониятини кўриб чиқиш лозим.
Хулоса ўрнида вебинар иштирокчилари Покистон ва Ўзбекистон ўртасида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласида катта истиқболлар мавжудлиги ва улар устида ишлашни давом эттириш зарурлиги тўғрисида келишиб олдилар.
Изоҳ қолдириш