2021 йил январь-декабрь ойларида вилоят ЯҲМ ҳажми 59 357,7 млрд. сўмни ташкил этган ҳолда ўтган йилнинг мос даврга нисбатан 7,2%га ўсган.
Шунингдек, вилоятнинг ЯИМ таркибида ҳиссаси 8,1%ни ташкил этган. Айтиш жоизки, ЯҲМ ҳажми жиҳатдан Навоий вилояти Республика бўйича Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан кейинги 3-ўринда бўлса, аҳоли жон бошига нисбатан ҳисоблаганда 1-ўринда.
Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ ҳажми эса 57 983,4 минг сўмни ташкил қилган, бу эса ўтган йилнинг мос даврга нисбатан 5,2%га ошган.
ЯҲМ таркибида саноат улуши қурилишни қўшган ҳолда 72,7% (2020 йилда 74,5), қишлоқ хўжалиги улуши 15,0% (2020 йилда 13,8%) ва хизмат кўрсатиш улуши 12,3% (2020 йилда 11,7%)ни ташкил қилган.
Саноат
Таҳлил қилинаётган даврда вилоят бўйича ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари 73 631,1 млрд. сўмни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 10,7%га ошган. Вилоятда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг республика саноатидаги улуши 16,3%ни ташкил қилган. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган саноат маҳсулотлари ҳажми 5 715,8 минг сўмни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 8,6% ўсиш эришилган.
Асосий капиталга инвестициялар ҳажми 16 309,1 млрд. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 93,4%ни ташкил этган.
Истеъмол товарлари
Вилоятда 4 338,8 млрд. сўмлик истеъмол товарлари ишлаб чиқарилган бўлиб, 2020 йилга нисбатан 5,9%га ўсган. Республика истеъмол товарларида вилоятнинг улуши 2,9%ни ташкил қилган.
Қишлоқ хўжалиги
Навоий вилояти 2021 йилда Республика қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 4,8%ини етиштирган бўлиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 15 224,5 млрд. сўмни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 4,0%га ошган. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажми 14 871,4 минг сўмни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 2,1%га ўсиш кузатилган.
Қурилиш ишлари
Вилоятда ташкил этилган қурилиш ишлари ҳажми 5 079,0 млрд. сўмга етиб, 2020 йилга нисбатан 15,1% га ошган. Вилоятда қурилиш ишлари ҳажмининг республика кўрсаткичидаги улуши 4,7%ни ташкил қилган.
Чакана савдо
Вилоятда ўтган йилда чакана савдо ҳажми 9 521,4 млрд. сўмни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 8,2%га ошган. Чакана савдо товар айланмасининг 85,5%и кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилган. Ушбу кўрсаткич 2020 йил мос даврига нисбатан 11,9%га ўсган.
Хизмат кўрсатиш
Навоий вилоятида кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 7 442,5 млрд. сўмни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 11,8%га ошган. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 7 270,2 минг сўмни ташкил қилган ҳолда, 2020 йилга нисбатан 15,9%га ошган.
Вилоятда 2021 йилнинг январь-декабрь ойларида 4 835 та янги кичик корхона ва микрофирмалар ташкил қилинган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврга нисбатан 13,5%га кўп демакдир.
Ташқи савдо айланмаси
2021 йил январь-декабрь ойлари якуни билан вилоятнинг ташқи савдо айланмаси ҳажми 1 166,1 млн.долларни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 88,9%ни ташкил этди. Вилоят ташқи савдо айланмасини республика ташқи савдо айланмасидаги улуши 2,8%ни ташкил қилган.
2021 йилда жами амалга оширилган экспорт ҳажми – 508,5 млн.долларни ташкил қилиб, 2020 йилга нисбатан 19,2%га ортгани кузатилган. Импорт ҳажмида эса 2020 йилга нисбатан 20,2%га ўсиши кузатилиб, 657,6 млн.долларни ташкил этган.
Баҳодир Ҳусанов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш