Жаҳон матбуоти шарҳи

Жаҳон матбуоти шарҳи

Канада металлургия, электромобиль ишлаб чиқариш ва муҳим минералларни қазиб олишни қўллаб-қувватлаш учун 6,4 млрд доллар ажратади (Miningweekly)

Канада ҳукумати ва Онтарио провинцияси саноатни ривожлантириш ҳамда АҚШнинг импорт божлари таъсирини камайтириш мақсадида 6,4 млрд долларлик давлат қўллаб-қувватлаш чораларини эълон қилди.

Маблағнинг 3,6 млрд доллардан ортиғи пўлат ишлаб чиқариш саноатини қўллаб-қувватлашга, жумладан, корхоналарни модернизация қилиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва АҚШдан ташқари янги экспорт бозорларига чиқишга йўналтирилади.

Шунингдек, 1,8 млрд доллар электромобиллар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга ажратилади. Қўшимча 710 млн доллар эса Онтарио провинциясининг «Олов ҳалқаси» (Ring of Fire) ҳудудидаги бориш қийин бўлган муҳим минерал конларини ўзлаштириш учун зарур инфратузилмани ривожлантиришга сарфланади.

Дунёдаги энг йирик микрочип ишлаб чиқарувчиси Хитойнинг нодир ер металларига муқобил манбалар изламоқда (Reuters)

Дунёдаги энг йирик яримўтказгич ишлаб чиқарувчиси бўлган Тайваннинг TSMC (Taiwan Semiconductor Manufacturing Company) компанияси Хитойдан етказиб бериладиган маҳсулотларга қарамликни камайтириш мақсадида ишлаб чиқариш ускуналаридаги нодир ер металлари сақлаган қисмларни алмаштириш имкониятини ўрганмоқда.

2025 йилда Хитой айрим нодир ер материаллари, магнитлар ва уларни қайта ишлаш технологиялари экспорти устидан назорат жорий этди. Ушбу чекловлар жаҳон яримўтказгич саноати учун хавф туғдирмоқда. Чунки нодир ер металларидан тайёрланган магнитлар микрочип ишлаб чиқарувчи автоматлаштирилган ускуналарнинг электр двигателларида қўлланилади.

TSMC етказиб берувчиларга таркибида нодир ер металлари бўлмаган электр двигателларидан фойдаланиш имконияти юзасидан сўров юборди. Айни пайтда АҚШ ва Тайвань стратегик аҳамиятга эга минералларни етказиб бериш манбаларини кўпайтириш устида ишламоқда. Уч йил ичида ички талабнинг 50 фоизини қоплайдиган нодир ер материалларини тажриба тариқасида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Осиёда суюлтирилган табиий газ импорти сўнгги уч ойдаги энг юқори даражага етади (Reuters)

Kpler таҳлилий компанияси баҳолашича, жаҳон бозорида нархлар кескин ошганига қарамай, октябрь ойида Осиёга суюлтирилган табиий газ (СТГ) импорти 23,31 млн тоннани ташкил этиб, сўнгги уч ойдаги энг юқори даражага етади.

Хитойнинг СТГ импорти сентябрь ойидаги 5,2 млн тоннадан 5,47 млн тоннагача ошади. Айни пайтда Японияга етказиб бериш ҳажми 4,47 млн тоннагача камайиб, сўнгги беш ойдаги энг паст даражага тушади.

Шимолий Осиёга етказиб бериладиган СТГнинг жорий бозор нархлари уч баравар ошди. Бунга асосан Форс кўрфази мамлакатларидан етказиб беришдаги узилишлар сабаб бўлди. Европада газ омборларининг тўлдирилиш даражаси 74,6 фоизни ташкил этмоқда. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 11 фоиз бандга паст.

Эль-Ниньо иқлим ҳодисасининг кучайиши ҳам ноаниқликни оширмоқда. Бу Шимоли-Шарқий Осиё мамлакатларида газ истеъмолининг кўпайишига олиб келиши мумкин.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар