Жаҳон матбуоти шарҳи

Жаҳон матбуоти шарҳи

SpaceX компаниясининг тушуми 2,5 баравардан зиёд ошди (Deutsche Welle)

2026 йилнинг III чораги якунларига кўра, SpaceX компаниясининг тушуми 161 фоизга ошиб, 14,58 млрд долларга етди. Соф фойда 4,4 млрд долларни ташкил этиб, таҳлилчилар прогнозидан икки баравардан зиёд юқори бўлди. Молиявий ҳисобот эълон қилингач, компания акциялари нархи 4 фоизга ошди.

Сунъий интеллект соҳасидан тушум 9 баравардан зиёд ошиб, 7,6 млрд долларга етди. Бунга асосан ҳисоблаш қувватларини ижарага бериш ҳисобига эришилди. Starlink сунъий йўлдош тармоғининг ривожланиши ҳам даромадлар ўсишига ҳисса қўшди.

SpaceX компаниясининг капитал харажатлари 19,6 млрд долларга етди, шундан 16,4 млрд доллари сунъий интеллект инфратузилмасига йўналтирилди. Июнь ойида компания тарихдаги энг йирик бирламчи оммавий акциялар таклифини (IPO) ўтказди. Унинг бозор қиймати 2 трлн долларга баҳоланмоқда.

Жанубий Корея компаниялари Хитойда хотира чиплари ишлаб чиқаришни модернизация қилмоқда (Reuters)

Samsung компанияси 2027 йил охирига қадар Хитойнинг Сиань шаҳридаги заводида 286 қатламли NAND флеш-хотира чиплари ишлаб чиқариш қувватини ойига 40 мингта яримўтказгич пластинасига етказишни режалаштирмоқда. Ушбу чиплар смартфонлар, компьютерлар ва маълумотларни қайта ишлаш марказларида ахборотни сақлаш учун қўлланилади. Жанубий Кореянинг SK Hynix компанияси эса Хитойнинг Далянь шаҳридаги заводида 240 қатламли хотира чиплари ишлаб чиқаришга ўтмоқчи.

Omdia таҳлил компанияси маълумотларига кўра, Хитойнинг Yangtze Memory Technologies (YMTC) компаниясининг мамлакат ички NAND бозоридаги улуши 2025 йилдаги 28 фоиздан 2026 йилнинг II чорагида 38,5 фоизгача ошган. Шу даврда Samsung ва SK Hynix компаниялари улуши мос равишда 33,5 ва 17 фоизгача қисқарган.

Хитойдаги заводларни модернизация қилиш АҚШнинг экспорт рухсатномаларига боғлиқ. Илғор микросхемалар ишлаб чиқариш ускуналарини Хитойга етказиб бериш учун АҚШ лицензияси талаб этилади.

Европа Иттифоқи Арктикани ривожлантириш бўйича янгиланган стратегияни тақдим этди (European Commission)

20 октябрь куни Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ЕИнинг Арктика бўйича янгиланган стратегиясини тақдим этди. Ҳужжат сўнгги беш йилда илк бор қайта кўриб чиқилди.

Хусусан, Европа Иттифоқи Гренландияда қайта тикланувчи энергетика, хомашё қазиб олиш, транспорт ва уй-жой қурилишини ривожлантиришга 200 млн евро инвестиция киритади. Шунингдек, Гренландия ва Европа ўртасида сувости кабелини ётқизиш назарда тутилган.

Европа мудофаа жамғармаси доирасида технологиялар, авиация ва ускуналарни ривожлантиришга 260 млн евро ажратилган. Музёрар кемалар флотини ва сунъий йўлдош кузатув тизимларини кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Стратегия Rail Nordica темир йўл лойиҳасини жадаллаштириш, транспорт ва рақамли тармоқларни ривожлантириш, муҳим минерал ресурслар таъминот занжирларини мустаҳкамлаш ҳамда Арктика атроф-муҳитини муҳофаза қилишни ҳам назарда тутади.

Хитой антибиотиклари импортининг ўсиши Европада пенициллин ишлаб чиқаришга таҳдид солмоқда (Reuters)

Евростат маълумотларига кўра, Европа Иттифоқининг пенициллинлар ва уларнинг ҳосилалари импортида Хитой улуши 2019–2025 йилларда 44 фоиздан 86 фоизгача ошган. Европада пенициллин ишлаб чиқаришнинг барча босқичларини қамраб олган ягона завод Австрияда жойлашган бўлиб, Швейцариянинг Sandoz компаниясига тегишли. Мазкур завод Хитой ишлаб чиқарувчилари билан кучайиб бораётган рақобатга дуч келмоқда.

Корхонани кенгайтиришга 200 млн евро инвестиция киритилганига қарамай, арзон импорт маҳсулотлари ва юқори электр энергияси харажатлари унинг рентабеллигига салбий таъсир кўрсатмоқда. 2025 йилда ЕИнинг энергияни кўп истеъмол қилувчи тармоқларида электр энергияси нархи Хитойга нисбатан 50 фоиз юқори бўлган. Европада дори воситаларининг давлат харидларида эса энг паст нархга устуворлик берилади.

2026 йил март ойида Sandoz компанияси Хитой амоксициллин ишлаб чиқарувчиларининг демпинг амалиёти юзасидан Европа комиссиясига шикоят киритди. Компания антидемпинг текшируви ўтказилиши ва эҳтимолий ҳимоя божлари жорий этилишини талаб қилмоқда. Хитой эса инсофсиз рақобат ҳақидаги айбловларни рад этиб, саноатни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) қоидаларига мувофиқлигини таъкидламоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар