Бугун АОКА пресс-холида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари Умид Абидходжаев иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ҳамкорлиги масалалари билан боғлиқ муҳим маълумотлар тақдим этилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон кенг доирадаги хорижий шериклар билан дўстона, ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришда муҳим ютуқларга эришди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилган очиқ, конструктив ва амалий ташқи сиёсат дунёнинг деярли барча минтақалардаги давлатлар, шунингдек, етакчи халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан самарали алоқаларни сезиларли даражада мустаҳкамлашга имкон берди.
Хусусан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) каби минтақавий институтлар доирасида Ўзбекистоннинг ҳамкорлиги сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
Мамлакатимиз 2019 йилда аъзо бўлган Туркий тилли давлатларнинг ҳамкорлик кенгаши (ТДҲК) фаолиятида иштирок этиши Тошкентнинг кўп томонлама дипломатиясининг янги йўналишига айланди.
Бундан ташқари, жорий йилда Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) таркибида кузатувчи давлат мақомини олди.
Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги доирасида ҳамкорлик
Сўнгги йилларда мамлакатимиз Ҳамдўстлик фаолиятидаги иштирокини сезиларли даражада фаоллаштирди. Ўзбекистон МДҲ Иқтисодий Кенгаши, Ҳамдўстликнинг Парламентлараро ассамблеяси ва 20 дан ортиқ тармоқ органларига қўшилди. Мақсадлари миллий манфаатларга жавоб берадиган бошқа тармоқ органлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Ҳамдўстликка аъзо давлатлар Ўзбекистоннинг асосий савдо шериклари ҳисобланади. 2020 йилнинг 9 ойида республиканинг МДҲ давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 8 059,5 миллион долларни ва жами ташқи савдо айланмасидаги улуши 29,3 фоизни ташкил этди.
Ўзбекистон томони МДҲ давлатлари билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни Ўзбекистоннинг мавжуд иқтисодий салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, шу жумладан, таъминот ва ишлаб чиқариш маҳсулотлари ассортиментини диверсификациясини кенгайтириш асосида ривожлантиришдан манфаатдор.
Ўзбекистон МДҲ давлатлари билан транспорт ва транзит соҳасида, шу жумладан, транспорт коридорларини ривожлантириш бўйича ўзаро имтиёз ва преференциялар бериш, шунингдек, янги ўзаро манфаатли транспорт йўналишларини шакллантириш ва ривожлантириш соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштиришга катта аҳамият беради.
Коронавирус пандемияси билан боғлиқ жаҳондаги мураккаб вазиятга қарамай Ўзбекистон раислиги даврида бир қатор муҳим тадбирлар бўлиб ўтди. Улар орасида Ҳукумат раҳбарлари кенгаши, иқтисодий кенгаш, ташқи ишлар вазирлари кенгаши, МДҲ давлатлари ҳудудларини ўта хавфли юқумли касалликлар импорти ва тарқалишидан санитария муҳофазаси муаммоларига бағишланган Мувофиқлаштирувчи кенгаш, илмий-техникавий ва инновацион соҳаларда ҳамкорлик бўйича давлатлараро кенгаш ва бошқаларни алоҳида таъкидлаш лозим.
Хусусан, МДҲни янада ривожлантириш бўйича янгиланган Концепция, Ҳамдўстликни 2030 йилгача иқтисодий ривожлантириш стратегияси, шунингдек, ҳарбий ва чегара соҳасидаги ҳамкорлик, инновация, транспорт, маданият ва спорт, туризм ва ёшлар ҳамкорлиги соҳасидаги 9 дастурий ҳужжат қабул қилинди.
Жорий йилнинг 18 декабрь куни Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги раҳбарлари кенгашининг Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида видеоконференция шаклида бўлиб ўтган МДҲда Ўзбекистон раислигининг якуний тадбири бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ҳамдўстлик доирасида кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича бир қатор таклифларни билдирди, шу жумладан:
● "яшил" ва соддалаштирилган йўлаклар амалиётини кенг жорий этиш;
● Ҳамдўстлик доирасида электрон тижоратни ривожлантириш бўйича ягона платформани ишга тушириш ва "Йўл харитаси" ни қабул қилиш;
● Индустриал саноат кооперациясининг комплекс дастурини ишлаб чиқиш;
● транспорт коридорларининг рақобатбардошлигини ошириш, қоидалар ва стандартларни мувофиқлаштириш, мувофиқлаштирилган тариф сиёсатини олиб бориш ва ўзаро имтиёзлар бериш;
● барча санитария талабларига риоя қилган ҳолда ўзаро асосда ҳаво қатновини иложи борича тезроқ тиклаш, бу ишбилармонлик, гуманитар ва туристик алмашинувни тиклашга ёрдам беради;
● меҳнат муҳожирларининг ҳужжатларини ўзаро тан олишнинг ягона механизмини яратиш ва бу борада алоҳида дастур қабул қилиш;
● санитария-эпидемиологик вазият самарали мониторингини олиб бориш, фавқулодда вазиятларни кузатиш ва тезкор таъсир кўрсатиш тизимини шакллантириш;
ШҲТ фаолиятида Ўзбекистоннинг иштироки
Ўзбекистон томони кўп томонлама ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорлик воситаси деб билади.
Бугунги кунда ШҲТ ўзини тўлақонли ва нуфузли халқаро ташкилот сифатида қатъий шаклланди, деб ҳисоблаймиз.
ШҲТнинг ўсиб бораётган халқаро обрўси ва жозибадорлигини белгилайдиган энг муҳим жиҳатлар қуйидагилардир:
Биринчидан, ШҲТ ўзининг асосий тамойилларидан келиб чиқиб, ўзини минтақада барқарорлик ва хавфсизликни сақлашнинг ишончли кафили деб эълон қилади, бу дунёда юзага келадиган бундай тез ўзгарувчан ва нотинч вазиятнинг ҳозирги босқичида энг долзарблиги йўқотилмайдиган аҳамият касб этади.
Иккинчидан, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда кўп қиррали самарали ҳамкорликни ташкил этиш бўйича қўйилган ва ҳал қилинаётган вазифаларнинг долзарблиги ҳар бир аъзо мамлакат учун аҳамиятли бўлган йирик лойиҳаларни амалга оширишда зарур шартномавий-ҳуқуқий базани шакллантиради.
Учинчидан, ШҲТ аъзо давлатларнинг тенг ҳуқуқли бирлашмаси бўлиб, унинг фаолияти бошқа мамлакатлар манфаатларига қарши йўналтирилмаганлигини ва блокли қарама-қаршилик хусусиятига эга эмаслигини яққол намойиш этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ШҲТ доирасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, логистика, инновациялар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик самарадорлигини оширишга қаратилган (ШҲТнинг 2017-2019 йиллардаги Остона, Циндао ва Бишкек саммитлари) бир қатор ташаббусларини амалга ошириш бўйича ташаббуслар алоҳида аҳамиятга эга. Жумладан:
● Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 июндаги ПҚ–3807-сонли Фармони билан Тошкентда ШҲТнинг Халқаро дипломатия маркази ташкил этилди;
● Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 июндаги ПҚ–3815-сонли қарори билан Самарқандда "Ипак йўли" халқаро туризм университети ташкил этилди;
● 2019-2020 йилларда ШҲТга аъзо давлатларнинг илмий тадқиқот муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида амалий тадбирлар режаси ("Йўл харитаси") қабул қилинган;
● ШҲТга аъзо давлатларнинг рақамлаштириш ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ҳамкорлик концепцияси қабул қилинди.
2019 йил 26 сентябрда Тошкентда биринчи Ахборот технологиялари ва инновацион ривожланиш форуми бўлиб ўтди.
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасида ҳамкорлик
Ўзбекистон Республикасининг ТТДҲК таркибига кириши унинг Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган кўп томонлама дипломациянинг фаоллашуви натижаси бўлди. Республиканинг Туркий Кенгаш фаолиятидаги иштироки савдо-сотиқ ва инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шароитларни яхшилаш, транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, божхона ва транзит процедураларини, товарлар, капитал, хизматлар ва технологияларнинг эркин ҳаракатланишини босқичма-босқич амалга ошириш учун молиявий ва банк операцияларини янада соддалаштириш учун яхши истиқболларни очиб беради.
2020 йил 10 апрель ТТДҲК Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши “COVID-19 пандемиясига қарши курашда бирдамлик ва ҳамкорлик" мавзусида бўлиб ўтди. Тадбир давомида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Кенгаши давлатлари ўртасида COVID-19 пандемияси ва унинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларига қарши курашда халқаро юк ташувларни осонлаштириш билан бир қаторда ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган бир қатор ташаббусларни илгари сурди.
ЕОИИ билан ўзаро ҳамкорлик
Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) — бу Божхона иттифоқи ва Ягона иқтисодий макон тўғрисидаги битим асосида тузилган халқаро интеграцион иқтисодий бирлашмадир.
ЕОИИ Остона шаҳрида Россия, Қозоғистон ва Белоруссия ўртасида 2014 йил 29 майда имзоланган Евроосиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги шартноманинг 2015 йил 1 январда кучга кириши билан иш бошлади.
Бугунги кунда Россия, Белоруссия, Қозоғистон, Арманистон ва Қирғизистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзо давлатларидир.
Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучи учун катта бозор шаклланди. Иштирокчи мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулоти 1,8 триллион долларни ташкил этади, аҳолиси 180 миллион кишидан ортиқ.
ЕОИИ ривожланишининг асосий устувор йўналиши аъзо давлатларнинг молиявий-иқтисодий ресурсларини бирлаштириш, Иттифоқ доирасидаги ўзаро интеграцион алоқаларни кучайтириш, савдо-иқтисодий, транспорт, энергетика соҳалари ва алоқа соҳасида умумий салоҳиятдан самарали фойдаланиш бўлиб қолмоқда.
ЕОИИ Олий иқтисодий кенгаши қарорига асосан “2030 йилгача Евроосиё иқтисодий иттифоқи ривожланишининг асосий йўналишлари” доирасида 2025 йилгача ягона транспорт майдони, умумий энергия ва электр бозорлари ва мувофиқлаштирилган агросаноат сиёсатини шакллантириш белгиланган.
2020 йил 11 декабрь Олий Евроосиё Иқтисодий Кенгаши йиғилишидан сўнг, Ўзбекистон Республикасига ташкилотда кузатувчи мақомини бериш тўғрисида бир овоздан қарор қабул қилинди. Ўзбекистондан ташқари, худди шундай мақомга Молдова (2018) ва Куба (2020) ҳам эга.
Юқорида айтиб ўтилганлардан ташқари, таъкидлаш лозимки, Евроосиё иқтисодий иттифоқи савдо-иқтисодий ҳамкорлик ўрнатиш бўйича Эркин савдо ҳудуди (FTA) тўғрисидаги шартномалар имзолаш орқали ҳам учинчи мамлакатлар билан ҳам ҳамкорлик қилади.
Бугунги кунга қадар FTA шартномалари Вьетнам (2016), Сингапур (2018), Эрон (2018), Сербия (2019) билан имзоланди, шунингдек, Хитой билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битим (2017) бўйича музокаралар якунланди.
Ҳозирда ЕОИИ FTA шартномасини тузиш тўғрисида Ҳиндистон, Миср, Таиланд, Мўғулистон ва бошқа мамлакатлар билан музокаралар олиб бормоқда.
Изоҳ қолдириш