Тинчлик кенгашида иштирок
21 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан АҚШ раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Тинчлик кенгаши Низомини таъсисчи мамлакат сифатида Давос шаҳрида имзолаш маросимида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Швейцарияда бўлди. Мамлакатимиз етакчиси АҚШ Президентига йўллаган мактубида ушбу ташаббус Яқин Шарқдаги кўп йиллик можароларни ҳал этиш, кенг минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланаётганини таъкидлади.
АҚШ Президенти Дональд Трамп раислигида ўтган тадбирда Озарбайжон, Арманистон, Аргентина, Баҳрайн, Болгария, Венгрия, Индонезия, Иордания, Қозоғистон, Қатар, Марокаш, Мўғулистон, Парагвай, Покистон, Саудия Арабистони, Туркия ва бошқа давлатлар раҳбарлари, бош вазирлари ва ташқи ишлар вазирлари ҳам қатнашди.
Тинчлик кенгашининг ташкил этилиши Ўзбекистон ташқи сиёсатининг тинчликни таъминлаш борасидаги ташаббуслари ва кўп қиррали ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифаларига мосдир. Янги тузилма БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси билан қўллаб-қувватланган Ғазо секторидаги можарони тугатиш бўйича комплекс режани амалга ошириш доирасида шакллантирилмоқда.
Тинчлик кенгаши можаронинг кескинлашув хавфини камайтириш, Ғазо секторида иқтисодий ва ижтимоий тикланиш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган. Бу фаровон иқтисодиёт ва тинч-осойишта ҳаётга эга Янги Ғазони барпо этиш, истиқболда Фаластин давлатини тузиш имкониятини вужудга келтирмоқда.
Кенгаш Низомини имзолаб, Ўзбекистон уни таъсис этган давлатлардан бирига айланди. Бу мамлакатимизнинг кенгаш фаолиятида изчил иштирок этишга ҳамда барча таъсисчи давлатлар ва халқаро шериклар билан яқин ҳамкорликда унинг ваколатларини ҳаётга татбиқ этишда амалий ҳисса қўшишга тайёрлигини англатади.
Тинчлик кенгаши Низомини имзолаш маросими доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ўртасида мулоқот бўлиб ўтди. Етакчилар ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. Кўп томонлама, шу жумладан, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Давос шаҳрига амалий ташрифи доирасида “Blackrock” компанияси директорлар кенгаши аъзоси ва катта бошқарувчи директори Адебайо Огунлеси билан учрашди. Ушбу етакчи компания билан инвестициявий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва илгари эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Компаниянинг Ўзбекистондаги бир қатор корхоналар капиталига кириш, қўшма инвестиция механизмларини ишлаб чиқиш ва мамлакат инвестиция муҳитини яхшилаш учун халқаро экспертизани жалб қилиш бўйича ташаббуслари қўллаб-қувватланди.
Давос шаҳридаги тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо билан учрашув ўтказди. Ушбу етакчи молия институти билан стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Банкнинг мамлакатимиз билан ҳамкорлиги барқарор стратегик тусга эга. Ўзбекистон ЕТТБнинг минтақадаги энг йирик ҳамкори бўлиб қолмоқда. Банкнинг инвестициялари ҳажми қарийб 7 млрд. долларга етди. 2025 йилда амалиётлар, шу жумладан, хусусий секторни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган маблағларнинг ҳажми 1 млрд. доллардан ошди. ЕТТБнинг “яшил” энергетикани ривожлантириш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, экологик дастурларни амалга ошириш, молия бозорини ислоҳ қилиш ва тадбиркорликни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси юқори баҳоланди.
Учрашув чоғида жорий йил учун ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, жумладан, хусусий сектор ва инфратузилмани ривожлантириш, темир йўл транспортини рақамли трансформация қилиш ҳамда бошқа масалалар белгилаб олинди. Аёллар ва ёшларни замонавий касблар ва бизнесга ўқитиш бўйича дастурларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Иордания делегацияси билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 февраль куни Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Сенати Раиси Файсал Ақиф Мисқал ал-Фаёз бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Ўтган йили Самарқандда олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон – Иордания кенг қамровли шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Икки томонлама алоқалар ва алмашинувлар фаол тус олгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ҳажми ва қўшма корхоналар сони ортиб бормоқда. Парламентларда ташкил этилган “дўстлик гуруҳлари” ишини “йўл харитаси” асосида фаоллаштириш, уларнинг давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларнинг самарали амалга оширилишини таъминлашдаги ролини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди. Савдо, саноат кооперацияси, туризм ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, жорий йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши ва етакчи компаниялар бизнес форумини натижадор қилиб ўтказиш зарурлиги таъкидланди.
Покистонга давлат ташрифи
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг таклифига биноан 5-6 февраль кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди. Ташриф давомида Ўзбекистон-Покистон ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ва кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалаларига эътибор қаратилди. Ташриф доирасида сиёсий мулоқотни, ҳукуматлараро, парламентлараро, ишбилармонлик ва минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлашнинг асосий жиҳатлари ҳар томонлама кўриб чиқилди.
5 февраль куни Исломобод шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф тор доирада музокара ҳамда олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилишини ўтказдилар. Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон – Покистон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг амалий жиҳатлари атрофлича муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда ўзаро алоқалар фаол тус олгани мамнуният билан қайд этилди. Сиёсий мулоқот мустаҳкамланиб, парламентлараро ва идоралараро алмашинувлар жадал ривожланмоқда. Ўтган йил якунларига кўра ўзаро савдо ҳажми салкам 500 млн. долларга етди. Ўзбекистонда Покистон капитали иштирокидаги 230 га яқин корхона фаолият юритмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар кўпайди. Банклараро корреспондентлик муносабатлари мустаҳкамланмоқда. Тўқимачилик, фармацевтика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Ишбилармон доиралар ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон – Покистон Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди. Яқин келажакда ўзаро товар айирбошлашни 2 млрд. долларга етказиш вазифаси қўйилди. Амалдаги Имтиёзли савдо битими доирасидаги маҳсулотлар турини, шунингдек, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун фитосанитария рухсатномалари рўйхатини янада кенгайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг Лаҳор ва Карачидаги савдо уйларидан фаол фойдаланиш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.
Транспорт-логистика алоқаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш, шунингдек, “Покистон – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” транспорт йўлагини ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Икки мамлакат ҳудудларининг ўзаро алоқалари иқтисодий ҳамкорлик ривожининг асосий драйверларидан бири сифатида белгиланди. Ўзбекистон – Покистон ҳудудлараро форумини ташкил этишга келишилиб, унинг биринчи учрашувини шу йил Хоразм вилоятида ўтказиш таклифи билдирилди.
Зиёрат туризми соҳасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари алоҳида муҳокама қилинди. Икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилда Покистонда Ўзбекистон маданияти ҳафталиклари ва Ўзбекистон киноси кунларини ўтказишга келишиб олинди. Давлатимиз раҳбари Бобурийлар меросини тарғиб қилиш учун Лаҳорда қўшма маданият марказини ташкил этишни таклиф қилди.
Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф томонидан Қўшма декларация ва Икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги баённома имзоланди. Бундан ташқари, ташриф давомида кўпгина ҳужжатлар имзоланган бўлиб, Ўзбекистон – Покистон Ишбилармонлик кенгашини ташкил этиш тўғрисида битим; Ўзбекистон – Покистон ҳудудлараро форумини ташкил этиш тўғрисида шартнома; Икки мамлакат мудофаа вазирликлари ўртасида “йўл харитаси” шулар жумласидан.
Шунингдек, Порт хизматлари ва чегирмалар тақдим этиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида; Кончилик ва геология соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида; Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида; Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида; Фармацевтика маҳсулотларини назорат қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида; Тўқимачилик ва тикувчилик саноатида ҳамкорлик тўғрисида; Рақамли ва ахборот технологиялари соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида; Радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида; Экология ва табиий офатлар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида; Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида бир қатор битимлар ва Фавқулодда вазиятларни бошқариш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланди.
6 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Покистон Ислом Республикаси Президенти Асиф Али Зардорий билан тор доирада ва делегациялар иштирокида учрашув ўтказди. Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, дўстлик ҳамда стратегик шерикликни мустаҳкамлашнинг жорий ҳолати ва долзарб йўналишлари муҳокама қилинди.
Амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқаларини ривожлантириш ҳамда ишбилармонлик алмашинувларини фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди. Яқин истиқболда ўзаро савдо ҳажмини 2 млрд. долларга етказиш бўйича қўшма чора-тадбирларни мувофиқлаштириш ва амалга ошириш масалалари алоҳида муҳокама қилинди. Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудлараро форумнинг биринчи йиғилишини шу йил Хивада ўтказишга келишиб олинди.
Халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди. Томонлар долзарб минтақавий ва халқаро кун тартиби бўйича позицияси ўхшашлиги ҳамда бир-бирларини қўллаб-қувватлашни давом эттиришларини яна бир бор тасдиқладилар. Маданий-гуманитар алмашинувларни янада кенгайтириш ҳамда таълим, экология, спорт ва бошқа йўналишларда қўшма лойиҳаларни илгари суришга ўзаро интилиш қатъий экани қайд этилди.
Мудофаа кучлари Бош қўмондони – Қуролли Кучларнинг қуруқликдаги қўшинлари қўмондони, фельдмаршал Асим Мунир билан учрашувда ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, хавфсизликка таҳдид солаётган хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Икки мамлакатнинг етакчи мудофаа саноати корхоналари ўртасидаги кооперация алоқаларини фаоллаштириш, ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш дастурларини кенгайтириш, тажриба алмашиш ва қўшма ўқув тадбирларини ўтказиш муҳимлиги таъкидланди. Транспорт-логистика соҳасида истиқболли инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш бўйича алоҳида “йўл харитаси”ни тайёрлаш юзасидан келишувга эришилди.
6 февраль куни давлат ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида икки мамлакат раҳбари иштирокида қўшма бизнес форуми ўтказилди. Тадбирда икки мамлакатнинг 300 дан зиёд етакчи саноат корхоналари ва савдо компаниялари, тармоқ ташкилотлари ҳамда ишбилармонлик тузилмалари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди. Покистон томонидан PEL, Waves Singer, Sadaqat, Fauji, Platinum, Fast Cables, National Fruit, Amson Group, Shaigan, Hans International, Secure Logistics Group, NLC, Fairmont, Go Dairy, Engro, Herbion, AGP, Arco, Habib Rafiq, Pakistan Steel Mills, Siddiq Sons, Uniworth, Diners, Fatima Group, Fateh Group, Hub Leather, Siddiq Leather, Royal Leather, Davis, Ahsan Dyeing ва бошқа кўплаб компаниялар қатнашди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида иқтисодий шерикликнинг муҳим йўналишларини кўрсатиб ўтди. Фармацевтика ва тиббиёт, енгил саноат, кон-металлургия тармоғи ва геология, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш шулар жумласидан. Покистон компаниялари Ўзбекистондаги дори воситалари, биотехнологиялар ва тиббий асбоб-ускуналарни маҳаллийлаштириш лойиҳаларига таклиф этилди. Тошкент фармацевтика паркида покистонлик инвесторлар учун қулай шароитлар яратилади.
Халқаро брендлар учун тайёр тўқимачилик маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқаришда катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Ўзбекистон тўқимачилик корхоналарини ишончли бошқарувга бериш ва покистонлик ҳамкорлар учун алоҳида чарм саноати зоналарини ташкил этишга тайёр. Гўшт, картошка ва гуручни биргаликда етиштириш, шунингдек, уруғчилик ва селекция соҳасида Покистон Миллий геномика институти билан шериклик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, транспорт-логистика соҳасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш савдо ҳажмини янада оширишнинг муҳим шарти экани қайд этилди. “Покистон – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” йўналиши бўйлаб юк ташиш, Лаҳор ва Исломобод шаҳарларига эса авиақатновлар йўлга қўйилди, Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳаси илгари сурилмоқда. Жорий йилнинг апрель ойидан Карачига юк рейслари ва Лаҳорга тўғридан-тўғри йўловчи рейслари қатнай бошлайди.
Ташриф якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга “Нишони Покистон” орденини топшириш маросими ҳам бўлиб ўтди. Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарига Покистон Миллий фан ва технологиялар университетининг фахрий доктори ва профессори унвонларини бериш маросими бўлиб ўтди.
Покистон пойтахтидаги кўчалардан бирига “Тошкент”, янгидан барпо этиладиган боққа эса Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи берилди ва бу Ўзбекистон-Покистон халқлари ўртасидаги дўстлик, меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлаш рамзи бўлди.
ОИИБ делегацияси билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Цзоу Цзяи бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашув аввалида мамлакатимиз етакчиси ушбу нуфузли кўп томонлама молиявий институт раҳбарини лавозимга киришгани билан самимий табриклади. Учрашувда Ўзбекистоннинг Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан стратегик шериклигини кенгайтиришнинг амалий масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда банк билан кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Амалдаги ва истиқболли қўшма лойиҳалар портфели 7 млрд. доллардан ошди. Ўтган йилнинг ўзида молиялаштириш ҳажми 1 млрд. доллардан зиёдни ташкил этди.
Ўзбекистон Президенти хусусий сектор, аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва илгари суриш, камбағалликни қисқартириш дастурини амалга оширишга кўмаклашиш, муқобил энергетика, энергия самарадорлиги, сув таъминоти, ижтимоий хизматни ривожлантириш каби устувор соҳаларда самарали ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини қайд этди.
ОИИБнинг минтақавий аҳамиятга эга йирик инфратузилмавий лойиҳаларда фаол иштирок этиши муҳимлиги таъкидланди.
Ўз навбатида, Цзоу Цзяи мамлакатимиздаги ўзгаришлар кўламини юқори баҳолаб, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этишга тайёрлигини билдирди.
"Иқтисодий шарҳ" журнали №2/2026
Изоҳ қолдириш