Минтақавий келишувлар жаҳон савдосини қайта шакллантирмоқда — PIIE

Минтақавий келишувлар жаҳон савдосини қайта шакллантирмоқда — PIIE

“Peterson Institute for International Economics” (PIIE) экспертлари баҳолашича, минтақавий савдо келишувлари жаҳон савдосини ривожлантиришда тобора муҳим инструментга айланмоқда. Бироқ уларнинг кенгайиши Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) атрофида шаклланган кўп томонлама тизимни тўлиқ алмаштира олмайди.

Мақолада таъкидланишича, глобал даражада музокаралар секинлашган шароитда айнан минтақавий форматлар савдони либераллаштириш ва янги қоидаларни келишишда самарали майдон бўлиб хизмат қилмоқда.

Глобал савдо муҳити

Жаҳон савдо тизими универсал кўп томонлама форматдан босқичма-босқич шундай моделга ўтмоқдаки, унда савдо тўсиқларини камайтиришга оид амалий қарорлар тобора кўпроқ йирик минтақавий келишувлар доирасида қабул қилинмоқда.

Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) савдони тартибга солишда ҳануз асосий ўринни сақлаб қолмоқда. Бироқ тарифларни либераллаштириш, бозорларга кириш, инвестициялар, хизматлар ва янги савдо қоидалари каби масалалар тобора кўпроқ минтақавий блоклар орқали илгари сурилмоқда.

Бу ҳолат чекланган сондаги давлатлар ўзаро келишувга глобал кўп томонлама майдонларга нисбатан анча тезроқ эриша олиши билан изоҳланади.

Ушбу тенденциянинг ёрқин мисолларидан бири 2025 йил ноябрида Транс-Тинч океани ҳамкорлиги (ТТОҲ) комиссияси томонидан Уругвай, Бирлашган Араб Амирликлари, Филиппин ва Индонезияни эҳтимолий янги иштирокчилар сифатида белгилаш тўғрисидаги қарор ҳисобланади.

Бу эса келишувнинг дастлабки географик доирасидан ташқарига чиқиб бораётганини ва унинг янги авлод савдо платформаларидан бири сифатидаги аҳамияти тобора ортиб бораётганини англатади.

Транс-Тинч океани ҳамкорлиги 2016 йилда Осиё-Тинч океани минтақасидаги 12 та давлат ўртасида тузилган преференциал савдо келишуви бўлиб, унинг асосий мақсади тариф тўсиқларини камайтиришдан иборат.

Уругвай мисолида асосий хулосалар

Уругвайнинг мазкур келишувга эҳтимолий қўшилиши оддий иштирокчилар сонининг ошишидан кўра анча кенгроқ аҳамиятга эга. Кичик ва очиқ иқтисодиёт учун бу ташқи савдони диверсификация қилиш, чекланган бозорларга қарамликни камайтириш ва экспортнинг янги йўналишларига чиқиш имконини кенгайтириш воситаси ҳисобланади.

Келишувда иштирок этиш Уругвайга Осиё, Шимолий ва Лотин Америкаси бозорларига кенгроқ кириш имконини беради, мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини оширади ҳамда унинг глобал қўшилган қиймат занжирларидаги ўрнини мустаҳкамлайди.

Қўшимча имкониятлардан агросаноат мажмуаси, озиқ-овқатни қайта ишлаш, логистика ва хизматлар экспорти соҳалари ҳам фойда кўриши мумкин.

Инвесторлар учун ҳам бунинг аҳамияти аниқ: бир вақтнинг ўзида бир нечта интеграция маконларига кириш имконига эга мамлакат капитал жойлаштириш, ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва экспорт операцияларини амалга ошириш учун қулай майдон сифатида қаралади.

Шу тариқа, Уругвай мисоли жаҳон савдосидаги янги тенденцияни кўрсатмоқда. Яъни ҳатто кичик иқтисодиётлар ҳам энди фақат турли давлатлар билан савдо қилиш билан чекланиб қолмай, балки савдо ва инвестиция учун ягона қоидаларга эга бўлган йирик институционал платформаларга қўшилишга интилаётгани кузатилмоқда.

Савдо тенденциялари

PIIE тадқиқоти олтита йирик минтақавий бирлашмани қамраб олган: Европа Иттифоқи, Шимолий Америка эркин савдо келишуви (NAFTA), Жанубий Америка умумий бозори (Mercosur), Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (ASEAN), Транс-Тинч океани ҳамкорлиги (ТТОҲ) ҳамда Ҳар томонлама минтақавий иқтисодий шериклик (RCEP).

Таҳлил 1995–2024 йиллар маълумотлари асосида амалга оширилган. Айрим иштирокчи давлатлар бўйича ҳисоб-китоблар эса 2000 йилдан бошлаб юритилган, бу эса олдинги даврга оид статистик маълумотлар мавжуд эмаслиги билан изоҳланади.

2024 йил ҳолатига кўра, ички минтақавий импорт улуши энг юқори даражада Европа Иттифоқи ва Ҳар томонлама минтақавий иқтисодий шериклик (RCEP)да кузатилди, жами импортнинг қарийб ярми ушбу блоклар ичидаги ўзаро савдога тўғри келган.

Энг паст кўрсаткич эса Жанубий Америка умумий бозори (Mercosur) ва Транс-Тинч океани ҳамкорлигида (ТТОҲ)да қайд этилди, бу ерда ички савдо улуши олтидан бир қисмдан камни ташкил этган.

Бироқ узоқ муддатли динамика шуни кўрсатадики, кўриб чиқилган давр мобайнида ички минтақавий импорт улушининг барқарор ўсиши фақат RCEPда кузатилган. Қолган барча блокларда ушбу кўрсаткич пасайиш тенденциясини намоён этган.

Бу эса муҳим хулосани англатади: савдо келишувининг мавжудлиги ўз-ўзидан ўзаро савдо ҳажмининг ўсишини кафолатламайди.

Савдо оқимларини ўзгартиришда Хитойнинг ўрни

Муҳим ташқи омиллардан бири сифатида Хитойнинг саноат маҳсулотлари бўйича йирик етказиб берувчига айланиши алоҳида аҳамият касб этмоқда. 2000–2024 йиллар давомида минтақавий бирлашмалар умумий импорти таркибида Хитойдан импорт улуши сезиларли даражада ошган. Жумладан, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари Ассоциациясида (ASEAN) бу кўрсаткич 5,0% дан 22,2% гача, Транс-Тинч океани ҳамкорлигида (ТТОҲ) 6,7% дан 17,6% гача, Европа Иттифоқида 3,0% дан 10,1% гача, Жанубий Америка умумий бозорида (Mercosur) 3,2% дан 24,2% гача, Шимолий Америка эркин савдо келишувида (NAFTA) эса 6,8% дан 14,4% гача ошган.

Шуни таъкидлаш жоизки, савдо таркибига фақат тариф имтиёзлари эмас, балки саноат ишлаб чиқариш ҳажми, нарх бўйича рақобатбардошлик, логистика имкониятлари ва таъминот занжирларининг барқарорлиги ҳам таъсир кўрсатади.

Транс-Тинч океани ҳамкорлигининг кенгайиши ягона савдо ва инвестиция қоидаларига эга бўлган давлатлар тармоғининг шаклланишини англатади. Бундай келишув қанчалик кўп иштирокчини қамраб олса, унинг бизнес, инвесторлар ва экспортчилар учун аҳамияти шунчалик ортади.

Агар Уругвай тўлиқ иштирокчига айланса, бу келишувнинг бошқа давлатлар учун ҳам жозибадорлигини оширади ва йирик савдо платформаларининг кенгайиш тенденциясини янада мустаҳкамлайди. Натижада, жаҳон савдоси тобора кўпроқ нафақат глобал қоидаларга, балки қайси минтақавий блоклар тезроқ ривожланаётгани ва қайси давлатлар янги иқтисодий алоқаларга тезроқ мослашаётганига ҳам боғлиқ бўлиб боради.

Шу билан бирга, тадқиқотда қайд этилишича, айрим ҳолларда минтақавий бирлашмалар ташкил этилиши тариф тўсиқларини фақат чекланган даражада камайтиради. Бунинг сабаби иштирокчи давлатларда аввалдан ҳам тарифлар нисбатан паст бўлгани билан изоҳланади. Бошқа ҳолларда эса ички тарифларнинг камайтирилишидан олинадиган самара товар келиб чиқиши қоидаларининг мураккаблиги билан чекланади, чунки бундай талабларга жавоб бериш ҳамиша ҳам осон эмас.

Шу тариқа, мазкур икки омил минтақавий блоклар доирасида савдо ҳажмининг кутилган даражада ўсишига тўсқинлик қилиши мумкин.

ЖСТнинг ўрни

Минтақавий келишувлар аҳамияти ортиб бораётганига қарамасдан, Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) глобал савдо тизимида тизимли аҳамиятини сақлаб қолмоқда.

Ташкилот баҳолашича, жаҳон савдосининг тахминан 74% қисми ҳануз энг қулай шартлар режими асосида амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ЖСТ савдони тартибга солишнинг қатор муҳим йўналишлари бўйича ишларни давом эттирмоқда. Жумладан, савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш, субсидияларни чеклаш, рақамли савдо, инвестиция режими ҳамда балиқчилик соҳасидаги қоидаларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хулосалар

Жаҳон савдо тизими босқичма-босқич шундай моделга ўтмоқдаки, унда минтақавий келишувлар амалий савдо либераллаштиришнинг асосий майдонига айланмоқда.

Бу шароитда устунликка эга бўладиган давлатлар янги келишувларга ўз вақтида қўшила оладиган, иқтисодиёт рақобатбардошлигини оширадиган ва жаҳон савдосининг ўзгариб бораётган тузилмасига тез мослаша оладиган мамлакатлар бўлади.

Ўзбекистондаги ҳолат

Бугунги кунда Ўзбекистон 10 та давлат билан эркин савдо келишувларига эга (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия, Беларусь, Озарбайжон, Украина, Грузия ва Молдова). Шунингдек, мамлакат МДҲ эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартнома иштирокчиси ҳисобланади (ушбу шартнома доирасида Арманистон билан ҳам эркин савдо режими амал қилади).

Сўнгги йилларда преференциал савдо келишувлари географияси ҳам кенгайди. Хусусан, 2023 йилда Туркия, Покистон ва Эрон билан, 2024 йилда эса Афғонистон билан шундай келишувлар имзоланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон 47 та давлат билан савдода энг қулай шароит режими (MFN)ни тақдим этишни назарда тутувчи келишувларни имзолаган бўлиб, бу ташқи савдо сиёсатида либераллаштириш йўналиши изчил давом этаётганини кўрсатади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёнини фаол илгари сурмоқда. 2026 йил 1 апрель ҳолатига кўра, бозорларга кириш бўйича музокаралар манфаатдор 35 та давлатдан 33 таси билан якунланган, улардан 14 таси билан тегишли протоколлар имзоланган. 2023 йилдан буён қарийб 80 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган бўлиб, ЖСТ талабларига мувофиқлаштирилган ҳужжатлар сони 180 тадан ошган.

Минтақавий келишувлар аҳамиятининг ортиши ЖСТга аъзо бўлиш жараёнининг аҳамиятини камайтирмайди, аксинча, улар бир-бирини тўлдиради. Минтақавий форматлар алоҳида бозорларга тезкор кириш ва чуқурроқ иқтисодий интеграцияни таъминласа, ЖСТ глобал даражада ягона, шаффоф ва прогноз қилинадиган савдо қоидаларини кафолатлайди.

Шу тариқа, Ўзбекистон ташқи иқтисодий сиёсатида икки йўналиш минтақавий келишувлар орқали савдони кенгайтириш ва кўп томонлама тизим доирасида барқарор қоидаларни таъминлаш уйғун равишда шаклланмоқда. Бу эса мамлакатнинг жаҳон савдо тизимига интеграциясида минтақавий ва глобал ёндашувларни самарали бирлаштираётганини кўрсатади.

Қозоғистон ва Қирғизистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) иштирокчилари ҳисобланади. Ушбу иттифоқ доирасида 5 та давлат — Қозоғистон, Россия, Беларусь, Арманистон ва Қирғизистон ўртасида эркин савдо режими амал қилади. Шунингдек, ЕОИИ даражасида Вьетнам ва Сербия билан ҳам эркин савдо келишувлари тузилган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар