Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) Ўзбекистонда кўчмас мулк бозоридаги талаб ўзгаришларини доимий равишда таҳлил қилиб келмоқда.
2022 йил февраль ойида республика бўйича 22 мингта кўчмас мулк олди-сотди шартномалари расмийлаштирилди ва жорий йилнинг январь ойига (17,7 минг) нисбатан 24,1%га кўпайди. 2021 йилнинг шу даврига (20,2 минг) нисбатан ўсиш суръати 8,7% , 2020 йилнинг февраль ойига (16,9 минг) нисбатан 30%ни ташкил этди.
Ҳудудлар кесимида февраль ойидаги энг юқори ўсиш суръатлари Бухоро (50,8 %), Наманган (37 %), Фарғона (30,9 %) ва Хоразм (29,6 %) вилоятларида қайд этилди.
Кўчмас мулк бозорида битимлар сонининг камайиши Тошкент (-13,4 %), Навоий (-6,4 %) ва Андижон (-1,9 %) вилоятларида кузатилди.
1-расм. Кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича расмийлаштирилган шартномалар сонининг ўзгариши
Мутахассисларнинг фикрича, 2020 йилдаги короновирус инқирозидан сўнг Ўзбекистонда уй-жой кўчмас мулк бозори 2021 йилда тўлиқ тикланди.
Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ипотека ислоҳотлари, 2021 йилда ипотека кредитларининг либераллаштирилиши ва уй хўжаликлари даромадларининг тикланиши Ўзбекистонда уй-жой кўчмас мулк бозорининг янада ривожланишига таъсир кўрсатди.
Умуман олганда, Ўзбекистонда глобал хавф-хатарлар шароитида арзон уй-жой, имтиёзли ипотека кредитлари ва субсидиялар бўйича давлат дастурлари орқали ушбу секторда аҳолининг харид қилиш қобилиятини қўллаб-қувватлаш давом эттирилади.
Иккиламчи уй-жой бозоридаги нархларнинг ўзгариши
Марказ натижаларига кўра, февраль ойида иккиламчи бозорда ўртача уй-жой нархлари 1,7 %га ошди (январь ойида ўсиш – 1,4 %).
Ҳудудлар кесимида уй-жой нархининг энг юқори ўсиш суръатлари Сирдарё (10,1%) ва Сурхондарё (6,4%) вилоятларида шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида (4,5%) кузатилди. Самарқанд (-2,3%) ва Андижон (-2,1%) ва Наманган (-1,3%) вилоятларида уй-жой нархининг пасайиши қайд этилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Тошкент шаҳрида ўтган ойга нисбатан иккиламчи бозорда ўртача уй-жой нархлари 1,6 %га ошган. Туманлар кесимида энг юқори ўсиш Учтепа (4,2 %), Яккасарой (3,4 %) ва Яшнобод (2,9 %) туманларида кузатилган. Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур (-2,1 %) ва Бектемир (-1,9 %) туманларида иккиламчи уй-жой бозорида ўртача нархларнинг пасайиши қайд этилди.
Пойтахтда ижара нархларининг қандай ўзгариб бораётгани, Ўзбекистонда уй сотиб олиш учун ўртача қанча вақт кераклигини ва қайси ҳудудларда бу кўпроқ вақт талаб этилишини ва қайси шаҳарларда бу кўрсаткич нисбатан пастлигини, шунингдек, ипотека кредити олишга лаёқатли аҳоли улуши тўғрисида батафсил маълумотларни “Иқтисодий шарҳ журналининг 3-сонида билиб олишингиз мумкин бўлади.
Халилуллоҳ Ҳамидов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Сектор мудири
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Жамоатчилик билан ишлаш бўлими
тел: (78) 150 02 02 (417)
Изоҳ қолдириш