Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2026 йил март ойи якунлари бўйича Ўзбекистон кўчмас мулк бозоридаги ўзгаришлар юзасидан янгиланган таҳлилни тақдим этди. Баҳолашларга кўра, бозорда фаоллик сезиларли даражада ошган.
Март ойида республика бўйича уй-жой олди-сотди битимлари сони 43,6 мингтани ташкил қилди. Бу февраль ойига нисбатан 47 фоизга кўп.
Март ойида фаолликнинг бундай ошиши қисман апрель ойидан жорий этилган янги ҳисоб-китоб тартибига ўтиш билан боғлиқ. Мазкур ўзгариш айрим харидорларни уй-жой сотиб олишни олдинроқ амалга оширишга ундаган бўлиши мумкин.

Йиллик ҳисобда бозорда сезиларли ўсиш кузатилган. Жумладан, битимлар сони ўтган йилнинг март ойига нисбатан 2 бараварга ошган.
Ҳудудлар кесимида
Март ойи якунларига кўра, ўтган ойга нисбатан республикадаги барча ҳудудларда уй-жой бозорида фаоллик ошган.
Энг юқори ўсиш Сирдарё вилоятида қайд этилди — бу ерда битимлар сони 64,6 фоизга ошган. Шунингдек, Жиззах вилоятида 73,2 фоиз Наманган вилоятида эса 63 фоиз, ўсиш кузатилган.
Андижон, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида ҳам ўсиш суръати 40–50 фоиз атрофида бўлган.
Жами битимларнинг қарийб 34 фоизи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган. Пойтахтда бир ой давомида савдо ҳажми 44 фоизга ошиб, 12,8 мингтага яқин битим қайд этилган.
Иккиламчи уй-жой бозоридаги ҳолат
Март ойи якунларига кўра, республика бўйича иккиламчи уй-жой бозорида нархлар ойлик ҳисобда 0,4 фоизга ошган.

Йиллик ҳисобда эса нархлар ўсиши юқорилигича қолмоқда. Ўртача олганда, иккиламчи уй-жой нархи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10 фоизга кўтарилган.
Энг катта ўсиш Сирдарё вилоятида кузатилиб, нархлар 22 фоизга ошган. Самарқанд вилоятида бу кўрсаткич 18,7 фоиз, Андижон вилоятида эса 17,6 фоизни ташкил этган.
Тошкент шаҳрида уй-жой бозори нархлар динамикаси
Пойтахтда уй-жой нархлари сегментлар кесимида турлича ўзгарган. Иккиламчи бозорда ўсиш секинлашган бўлса, янги уйлар бозорида нархлар сезиларли даражада ошган.
Йиллик ҳисобда иккиламчи бозорда бир квадрат метр уй-жойнинг ўртача нархи 5 фоизга кўтарилган. Энг юқори кўрсаткич Миробод туманида — 7,3 фоиз, Мирзо Улуғбек туманида — 7,2 фоиз ва Чилонзор туманида — 6,9 фоиз бўлган.
Янги уй-жойлар бозорида эса нархлар янада тезроқ ўсган. Ўтган йилнинг март ойига нисбатан бир квадрат метрнинг ўртача нархи 8,8 фоизга ошган. Энг юқори кўрсаткич Мирзо Улуғбек туманида — 15,5 фоиз, Миробод туманида — 14,9 фоиз ва Юнусобод туманида — 14,6 фоиз даражасида қайд этилган.
Пойтахтда ижара нархлари динамикаси
Март ойида Тошкент шаҳрида уй-жой ижарасининг ўртача нархи ҳар бир квадрат метр учун қарийб 8,9 долларни ташкил этган. Бу февраль ойига нисбатан 2,7 фоизга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса 10,8 фоизга юқори.

Энг юқори ижара нархлари асосан пойтахтнинг марказий туманларида сақланиб қолмоқда. Жумладан, Миробод, Шайхонтоҳур, Яккасарой ва Мирзо Улуғбек туманларида бир квадрат метр ижара нархи ўртача 11 доллар атрофида бўлган.
Шу билан бирга, йиллик ҳисобда ижара нархларининг энг катта ўсиши Яшнобод туманида кузатилиб, 18,9 фоизни ташкил этган. Мирзо Улуғбек туманида бу кўрсаткич 14,3 фоиз, Яккасарой туманида эса 12,5 фоиз бўлган.
Жалолиддин Усмонов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
тел: (78) 150 02 02 (417)
Изоҳ қолдириш