Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори юқори фаолликни сақлаб қолмоқда

Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори юқори фаолликни сақлаб қолмоқда

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2026 йил февраль ойи якунлари бўйича Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори динамикасига оид янгиланган таҳлилни тақдим этди. Унда битимлар фаоллиги ва ҳудудлар кесимидаги ўзгаришлар, шунингдек, пойтахтда уй-жой бозори ва ижара нархлари тенденциялари акс эттирилган.

Баҳолашларга кўра, февраль ойида республика бўйича уй-жой олди-сотди битимлари қарийб 4 фоизга ошиб, 29,7 мингтани ташкил этди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан тузилган битимлар сони 7,2 мингтага кўпайиб, ўсиш суръати 32,4 фоизни ташкил қилди.

Ҳудудлар кесимида

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан энг сезиларли ўсиш Навоий вилоятида қайд этилиб, кўрсаткич 53 фоизга ошди. Шунингдек, Сирдарё вилоятида ўсиш 39 фоизни ташкил этди. Тошкент шаҳрида эса битимлар сони 49 фоизга кўпайди.

Ўтган ойга нисбатан ҳудудлар бўйича энг юқори ўсиш Тошкент вилоятида кузатилиб, кўрсаткич 25 фоизга ошди. Навоий вилоятида ўсиш 22,6 фоизни, Сирдарё вилоятида эса 13,4 фоизни ташкил қилди.

Февраль ойида барча битимларнинг қарийб учдан бир қисми пойтахт бозори ҳиссасига тўғри келди. Тошкент шаҳрида ой давомида олди-сотди битимлари ҳажми 1,4 фоизга ошиб, тахминан 8,9 мингтани ташкил этди.

Иккиламчи уй-жой бозоридаги нархлар динамикаси

Ой якунларига кўра, республика бўйича иккиламчи кўчмас мулк бозорида нархлар ўсиш суръатининг бироз секинлашгани кузатилди. Шу билан бирга, пойтахтда февраль ойида нархлар мўътадил ўсиб, тахминан 1 фоизни ташкил этди.

Айни пайтда, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан республика бўйича иккиламчи уй-жой нархлари ўртача ҳисобда қарийб 9 фоизга ошган.

Йил давомида нархлар ўсишининг энг юқори суръатлари Сурхондарё вилоятида қайд этилди, бу ерда кўрсаткич 22 фоизга ошган. Шунингдек, Сирдарё вилоятида ўсиш 19,3 фоизни, Жиззах вилоятида 16,3 фоизни ташкил этди. Қорақалпоғистон Республикасида эса нархлар 15,9 фоизга ошган.

Тошкентда кўчмас мулк бозоридаги ҳолат

Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жой бозорида бир квадрат метрнинг ўртача нархи ўтган йилнинг февраль ойига нисбатан 3,2 фоизга ошди. Энг сезиларли нарх ўсиши Миробод туманида кузатилиб, кўрсаткич 7 фоизни ташкил этди. Шунингдек, Яккасарой туманида нархлар 5,6 фоизга, Шайхонтоҳур туманида 5,4 фоизга ва Чилонзор туманида 5,3 фоизга ошди.

Тошкент шаҳрида янги уй-жойлар бозорида бир квадрат метрнинг ўртача нархи ўтган йилнинг февраль ойига нисбатан 11,5 фоизга ўсди. Нархларнинг энг юқори ўсиши Миробод туманида қайд этилиб, кўрсаткич 18 фоизни ташкил этди. Шунингдек, Мирзо Улуғбек туманида нархлар 15,4 фоизга, Юнусобод туманида эса 15,2 фоизга ошди.

Ижара нархлари динамикаси

Февраль ойи якунларига кўра, пойтахтда уй-жой ижарасининг ўртача нархи ўзгаришсиз қолиб, бир квадрат метр учун тахминан 8,7 долларни ташкил этди. Шу билан бирга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ижара нархлари 8 фоизга ошган.

Февраль ойида пойтахтнинг марказий туманларида ижара нархлари нисбатан юқори бўлиб қолмоқда. Жумладан, Миробод, Шайхонтоҳур, Яккасарой ва Мирзо Улуғбек туманларида ижара нархи бир квадрат метр учун тахминан 11 доллар атрофида бўлган.

Шу билан бирга, ўтган йилга нисбатан ижара нархлари ўсиш суръати Яшнобод туманида 16 фоиз, Сергели туманида 13 фоиз, Юнусобод туманида 12 фоиз, Олмазор туманида 11 фоиз ва Шайхонтоҳур туманида 10 фоиз даражасида қайд этилди.

Жалолиддин Усмонов,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

тел: (78) 150 02 02 (417)


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар