Ўзбекистонда 2020 йил 1 январдан бошлаб электрон меҳнат дафтари жорий этилади. Бу ҳақда президент томонидан имзоланган “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда айтилган.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2020 йил 1 январдан қуйидагиларни таъминловчи “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини (“ЯММТ” ИДАК) жорий қилиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди:
иш берувчилар ва ходимлар ўртасидаги меҳнат муносабатларини, шу жумладан, меҳнат шартномаларини тузиш, меҳнат шартномаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, уларни тугатиш тартиб-таомилларини электрон рўйхатдан ўтказишни амалга ошириш;
иш берувчиларнинг тузилмаси (штатлар жадвали), шу жумладан, мавжуд ва яратиладиган иш ўринлари, меҳнат шароитлари, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари тўғрисидаги электрон маълумотлар базасини шакллантириш;
ходимнинг меҳнат стажини ҳисоблаш тўғрисидаги маълумотлар, ҳисобланган иш ҳақи ва жисмоний шахсларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги даромадларига ҳисобланган солиқлар, фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия жамғармаси ҳисобига тўловлар ҳақидаги ахборотга асосланган электрон меҳнат дафтарчасида жисмоний шахсларнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш ва юритиш;
аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишни мувофиқлаштириш даражасини ва унинг самарадорлигини ошириш учун меҳнат бозори кўрсаткичлари ҳолати ва динамикаси тўғрисидаги ахборотлардан иборат маълумотларни идоралараро тизимлаштирилган тарзда ва мунтазам равишда электрон алмашишни жорий этиш;
ходимлар ҳамда ишчиларнинг сон ва сифат таркиби, вакансиялар, шунингдек, ишга жойлашиш учун номзодларга иш берувчилар томонидан қўйиладиган малакавий ва бошқа талаблар тўғрисида автоматик тарзда тўпланадиган холис, шаффоф ва долзарб маълумотларни шакллантириш;
манфаатдор ташкилотларга улар ўз зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни бажариши учун “ЯММТ” ИДАКдан зарурий маълумотларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этиш;
меҳнат ресурсларининг, хусусан, меҳнат ресурслари тоифалари, ишга лаёқатли, иқтисодий фаол ва нофаол аҳоли қатламлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари асосида пенсия ёшидаги ишлаётган шахслар ва ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисида ҳар куни янгиланадиган балансини шакллантириш;
меҳнат муносабатлари ва меҳнат муҳофазаси, ишга жойлаштириш дастурлари бўйича ўтказиладиган текширувлар, шунингдек, иш ўринларининг аттестацияси, Меҳнат муҳофазаси соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари ягона реестрига тегишли маълумотларнинг (ахборотларнинг) тўлиқ киритилишиниэкспертизадан ўтказиш натижаларини мониторинг қилиш;
хорижга вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетадиган фуқароларни онлайн рўйхатдан ўтказиш, ташкилий тартибдаги меҳнат миграцияси тўғрисидаги келишувга асосан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхоналари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларида меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташе томонидан хорижда ишга жойлаштирилган фуқаролар ҳақида маълумотлар базасини яратиш, шунингдек, ишга жойлаштирилаётган мамлакатда бўлиш қоидалари, меҳнат шароитлари, ижтимоий ва яшаш-турмуш таъминоти, чет эллик иш берувчилар билан тузиладиган меҳнат шартномаларининг ҳуқуқий жиҳатлари, қонунчиликда назарда тутилган молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида онлайн тартибда маълумотлар тақдим этиш имконияти;
меҳнат бозорининг, ҳудудлар, жинс ва ёш омиллари, соҳалар ва мутахассисликлар кесимида ишчи кучига бўлган талаб ва таклифнинг ривожланиш тенденциялари прогнозини шакллантириш;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг амалга оширилган ва амалга оширилиши режалаштирилаётган ахборот ресурслари билан интеграциялаш;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига меҳнат ва аҳоли бандлиги соҳаларида давлат бошқаруви бўйича юклатилган функцияларни тўла ҳажмда ва тезкорлик билан амалга ошириш.
Белгилаб қўйилишича:
а) 2020 йил 1 январдан бошлаб янги меҳнат шартномаларини тузиш, амалдаги меҳнат шартномаларига ўзгартириш киритиш, шунингдек, уларни тугатиш ҳолатларини “ЯММТ” ИДАКда мажбурий рўйхатдан ўтказиш тартиби жорий этилади. Бунда 2020 йил 1 январга қадар тузилган амалдаги меҳнат шартномалари 2020 йил 1 сентябрдан кечиктирмасдан “ЯММТ” ИДАКда рўйхатдан ўтказилиши шарт. Меҳнат шартномаларини “ЯММТ” ИДАКда рўйхатдан ўтказиш белгиланган тартибда иш берувчи томонидан амалга оширилади;
б) 2020 йил 1 январдан бошлаб, рўйхатдан ўтказиладиган меҳнат шартномаларидаги маълумотлар асосида “ЯММТ” ИДАКда автоматик тарзда шакллантириладиган ходимнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олувчи электрон меҳнат дафтари жорий этилади;
в) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “ЯММТ” ИДАКнинг балансда сақловчиси ҳисобланади;
г) “ЯММТ” ИДАКдан фойдаланиш барча юридик ва жисмоний шахслар учун бепул ҳисобланади. “ЯММТ” ИДАКни ишлаб чиқиш, кузатиб бориш, таъминлаш ва такомиллаштириш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.
Ходимнинг меҳнат стажи, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунига мувофиқ пенсия тайинлашда ходим томонидан амалга ошириладиган меҳнат фаолияти даврига асосан:
2020 йил 1 январдан сўнг – “ЯММТ” ИДАКда мавжуд маълумотлар асосида (қонун ҳужжатларида белгиланган алоҳида ҳоллардан ташқари);
2020 йил 1 январга қадар – “ЯММТ” ИДАК жорий қилингунгача ўрнатилган тартибда белгиланади.
Изоҳ қолдириш