Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошев, «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси директори ўринбосари Алишер Зуфаров, «Ўзбекистон почтаси» АЖ бош директори Алишер Файзуллаев ҳамда «Ucell», «UMS», «Beeline» компаниялари матбуот котиблари, шунингдек, Тошкентдаги Инха университети, Телекоммуникация тармоқларини бошқариш Республика маркази, «Матбуот тарқатувчи» АЖ ва бошқа қатор ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.
Тадбирда 9000 км оптик толали алоқа линиялари қурилиши натижасида 3117 та мактаб, 1646 та мактабгача таълим муассасаси, 962 та тиббиёт муассасаси оптик толали алоқа линиялари билан қамраб олингани, 544 та судлар маълумотлар узатиш тармоғига улангани маълум қилинди.
Қайд этилишича, телекоммуникациялар йўналишида оператор ва провайдерлар томонидан республика бўйича 786,0 минг портли кенг полосали технологияларга асосланган ускуналар ўрнатилиб, уларнинг жами сиғими 1,87 млн портга етказилган, шундан 125 минг порт (16 фоиз)
330 та қишлоқ жойларига тўғри келган.
Матбуот анжумани давомида мобил алоқа операторлари томонидан 1605 та база станциялари ўрнатилиб, тармоқ модернизация қилингани, шундан 132 таси «Обод қишлоқ» дастури доирасидаги ҳудудларга тўғри келгани айтиб ўтилди.
«Республикада Дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқишни ривожлантириш йўналишида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди, — деди вазир ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошев. — Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 10 январдаги қарори билан Ҳиндистоннинг дастурий технологиялар технопарки билан ҳамкорликда ҳинд илғор тажрибаси асосида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки ташкил этилди. Жорий йил 24 июлдан бошлаб Технопарк фаолияти йўлга қўйилиб, ҳозирда Технопаркда 300 дан ортиқ резидент-корхона мутахассислари фаолият юритмоқда».
Масъуллар Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетига хорижий мамлакатлардан 16 та профессор-ўқитувчи жалб қилингани, университет тузилмасида Ўзбек-Беларусь қўшма факультети ташкил этилиб, 2019/2020 ўқув йилида қўшма факультетга 505 та талаба қабул қилингани, Тошкент шаҳрида очилган Амити университетида ҳозирда 502 нафар талаба таҳсил олаётгани ҳақида маълумот берди.
«Президентимиз томонларидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг 3-ташаббуси доирасида Аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган, шунингдек, уларни ахборот технологиялари соҳасида тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш мақсадида республика бўйича 18 та IT-тадбиркорлик ва рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилди», — деди Қаҳрамон Йўлдошев.
Маълум қилинишича, “Хавфсиз шаҳар” тизимини жорий этиш йўналишида Йўл ҳаракати қоидаларини бузишни автоматлаштирилган ҳолда фото-видео қайд этишни ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаси доирасида Германиянинг “ATLAS International” компанияси ва Ички ишлар вазирлиги ўртасида лойиҳанинг I босқичида Тошкент вилоятига қурилма ва ускуналарни етказиб бериш юзасидан 11,3 млн евро миқдорида шартнома имзоланган.
Тадбирда ахборот технологияларини ривожлантириш мақсадида республикамизда миллий UZ доменида рўйхатдан ўтган фаол доменлар сони 71 мингдан ошгани айтилди.
Изоҳ қолдириш