S&P кредит рейтинги нимани англатади?

S&P кредит рейтинги нимани англатади?

5 июнь куни S&P Global Ratings (S&P) халқаро рейтинг агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси халқаро кредит рейтинги бўйича навбатдаги ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон рейтинги «BB-» даражада тасдиқланган. Шунингдек, S&P агентлиги Ўзбекистон бўйича кутилмани «барқарор»дан «салбий»га ўзгартирган. Бундан аввал, Fitch Ratings агентлиги мамлакат суверен рейтингини «BB-» (барқарор) даражада тасдиқлаган.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар Маркази илмий ходими Нозимжон Ортиқов Ўзбекистонга берилган рейтинг нимани англатиши, рейтингнинг ўзгаришига қандай омиллар таъсир этиши, кутилманинг «барқарор»дан «салбий»га ўзгаришининг асосий сабабларига тўхталиб ўтади.

S&Pнинг кредит рейтинги нима ва у қандай мақсадларда ишлатилади?

S&Pнинг суверен рейтинг методологиясида қайд этилишича, агентлик томонидан мамлакатларга икки турдаги рейтинглар берилиши мумкин: умумий ва аниқ бир молиявий мажбуриятлар бўйича. Умумий турдаги рейтинг қарздор давлат ўзининг барча молиявий мажбуриятларини ўз вақтида бажара олиш қобилияти бўйича агентликнинг фикрини акс эттирса, иккинчи турдаги рейтинг маълум бир турдаги ёки алоҳида молиявий мажбурият бўйича кредит рискини ўлчашга хизмат қилади.

Молиявий бозор иштирокчилари мазкур рейтингдан эмитент давлатнинг тўловга лаёқатли эканлигини, қарз бўйича асосий тўлов ва фоизларни ўз вақтида қайтара олиш имкониятини ҳамда дефолт бўлиш эҳтимоллигини аниқлаш мақсадида фойдаланади.

Шунингдек, давлатларга бериладиган суверен кредит рейтинги узоқ муддатли шкала ва рейтингнинг келгусидаги эҳтимолий йўналишидан иборат. S&Pнинг рейтинг шкаласи «AAA» дан «D»гача бўлиб, «ААА» энг юқори баҳони англатса, «D» эса давлат ўзининг молиявий мажбуриятларини бажара олмаслигини (дефолт) билдиради. Шкалага қўшимча равишда «АА»дан «ССС»гача бўлган рейтинглар олдида «+» ёки «-» белгилари ҳам ишлатилади.

Рейтингнинг келгусидаги эҳтимолий йўналиши ҳам, ўз навбатида, икки хил бўлиши мумкин — кутилма (outlook) ва назорат рўйхати (CreditWatch). Мамлакат бўйича берилувчи кутилма унинг узоқ муддатли рейтинги ўрта муддатда (одатда 6 ойдан 2 йилгача) қандай ўзгариши мумкинлигини кўрсатади.

Кутилма тўрт хил — «ижобий» (рейтинг кўтарилиши мумкин), «салбий» (пасайиши мумкин), «барқарор» (ўзгармайди) ва «ривожланувчи» (келгусида рейтингнинг кўтарилиши ёки пасайиши ноаниқ). Берилган кутилма бўйича рейтингнинг ўзгариш эҳтимоллиги 1/3 га тенг.

Назорат рўйхатига киритилиш эса агентлик мамлакат тўлов қобилиятига сезиларли таъсир кўрсатувчи ҳодиса ёки тенденциялар натижасида унинг рейтингини ўзгартиришни кўриб чиқаётганлигини англатади. Рўйхатга киритилиш натижасида рейтингнинг ўзгариш эҳтимоллиги 50%га тенг. Шуни таъкидлаш керакки, келгусидаги эҳтимолий йўналиш (кутилма ёки назорат рўйхати) суверен рейтингни келажакда албатта ўзгаришини англатмайди.

Нима учун S&P Ўзбекистон бўйича кутилмани «барқарор»дан «салбий»га ўзгартирди ва бу нимани англатади?

S&P ҳисоботида қайд этилишича, кутилманинг «барқарор»дан «салбий»га ўзгартирилишига сабаб сифатида қуйидагилар келтириб ўтилган:

  • Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи агентлик кутганидан юқорироқ суръатда ўсаётганлиги;
  • Инвестиция дастурлари, иқтисодиётни модернизация қилиш ва Сovid-19га қарши курашиш асосан давлат маблағлари ҳисобига амалга оширилиши натижасида ташқи қарз жалб этишнинг ортиши ва тўлов балансининг жорий ҳисобварақлари бўйича дефицит юқори даражада қолишининг кутилаётганлиги.

Юқорида қайд этилганидек, кутилманинг «барқарор»дан «салбий»га ўзгартирилиши албатта келгусида Ўзбекистоннинг рейтинги хозирги
«BB-» даражадан «B+»га тушинини англатмайди. Агентлик кутилмани «барқарор» ҳолатга қайтиши учун ўрта муддатда давлат қарзи ўсишининг секинлашиши асос бўлишини таъкидлаб ўтган.

Давлат қарзи, бюджет ва жорий ҳисобварақлар бўйича дефицитнинг агентлик кутаётганидан тезроқ суръатда ўсишининг сабаби нимада?

Covid-19 пандемиясининг тарқалиши натижасида иқтисодий ўсиш суръатининг пасайиши ва соғлиқни сақлаш ҳамда иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча фискал харажатларнинг пайдо бўлиши 2020 йилда Ўзбекистонда давлат бюждети дефицитининг кутилганидан кўпроқ даражада бўлишига олиб келмоқда.

Мамлакат тўлов баланси ҳолатининг ёмонлашувига асосий сабаб эса пандемия натижасида мамлакатнинг асосий савдо ҳамкорлари иқтисодиётидаги пасайиш ва экспорт қилинувчи хом-ашё товарлари нархининг кескин тушиши ҳисобланади.

Бошқа ривожланаётган давлатлар сингари Ўзбекистоннинг давлат қарзи асосан хорижий валютада ва инфляция суръатининг кучайиш хавфи фонида дефицитни фақатгина ички манбалар орқали молиялаштиришнинг имкони йўқ. Сабаби, қўшимча фискал харажатлар валюта курсига босим ўтказиши, инфляция жараёнларини кучайтириши ва охир оқибатда макроиқтисодий барқарорликка путур етказиши мумкин. Шунинг учун, давлат бюджети дефицитининг ортиши кутилганидан кўра кўпроқ ташқи қарз жалб этишни тақозо этади.

Айнан шу сабабга кўра, Ўзбекистон Президентининг 19 мартдаги фармони билан инқирозга қарши курашиш мақсадида махсус жамғарма ташкил этилиб, унда 10 трлн сўм ёки 1 млрд АҚШ доллари шакллантирилиши ва маблағларнинг асосий манбаси этиб халқаро молиявий ташкилотлардан жалб этиладиган қарзлар кўрсатиб ўтилди. Шу кунга қадар, инқирозга қарши курашиш мақсадида Халқаро валюта жамғармасидан (ХВЖ) 375 млн ва Жаҳон банкидан 295 млн АҚШ доллари миқдорида қарз маблағлари ўзлаштирилди.

Ўрта муддатда Ўзбекистоннинг давлат қарзи қандай ўзгаради?

Давлат қарзининг сўнги йиллардаги ўсиши динамикасига қарамай, халқаро меъёрларда қабул қилинган тўловга лаёқатлилик ва ликвидлилик кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистоннинг жами давлат қарзи (ЯИМга нисбатан 30,5 фоиз), шу жумладан давлат ташқи қарзи (ЯИМга нисбатан 27,1 фоиз) мўътадил даражада сақланиб қолмоқда.

Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) 19 май куни эълон қилган Ўзбекистоннинг жорий ва келгуси йиллар учун янгиланган макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва қарз барқарорлиги таҳлилига оид сўнгги ҳисоботида хорижий кредитлар бўйича имзоланадиган шартномаларнинг йиллик қиймати белгиланган чегарадан (4 млрд доллар) ортмаса, давлат қарзининг миқдори ўрта муддатда барқарор сақланиб (ЯИМга нисбатан 35%), қарз бўйича ҳавф-хатар паст даражада қолиши қайд этилган.

Базавий сценарийда ХВЖ томонидан давлат қарзи барқарорлиги кўрсаткичлари қуйидаги фаразлар асосида ҳисобланган:

Иқтисодий ўсиш бўйича. Иқтисодий ўсиш суръати COVID-19 таъсирини инобатга олган ҳолда, 2020 йилда ўсиш суръати 2019 йилдаги қарз барқарорлиги таҳлилида кутилган 6%дан 1.5%га пасайтирилган. Узоқ муддатда эса бу кўрсаткич ўртача 5.2%ни ташкил этади деб қабул қилинган.

Фискал дефицит бўйича. Умумий фискал дефицит 2020 йилда Ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 5,5%га етиши прогноз қилинган. 2019 йилги қарз барқарорлиги таҳлилида мазкур кўрсаткич 1,75% бўлиши кутилган. Ўрта муддатда эса фискал дефицит ЯИМга нисбатан 2% бўлиши айтилган.

Тўлов баланси ҳолати бўйича. 2020 йилда жорий ҳисобварақлар бўйича дефицит пандемиянинг таъсирини ҳисобга олган ҳолда аввалги прогноз 4,5%дан 9,5%га (ЯИМга нисбатан) ўзгартирилган. Ўрта муддатда эса дефицит бўйича олдинги прогноз ўзгармасдан қолади ва 4,25%ни ташкил этади.

Ташқи қарз динамикаси, ЯИМга нисбатан %да. Манба: Халқаро валюта жамғармасининг ҳисоботи, 2020 йил 19 апрель

Мазкур фаразлар асосида, ХВЖ ҳисоб-китобига кўра, базавий сценарийда давлатнинг ташқи қарзи мўтадил равишда ўзгариб боради ва ўрта муддатда ЯИМга нисбатан 35%дан пастроқ кўрсаткични ташкил этади.

Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи бўйича тўловга лаёқатлилик ва ликвидлилик кўрсаткичларининг келгусидаги динамикаси

Барқарорлик кўрсаткичлари1

2020

2021

2022

2023

2024

2025

2030

2040

1

Давлат ташқи қарзининг ЯИМга нисбати (%)

24.7

29.5

30.9

30.9

30.8

29.9

29.5

25.5

2

Давлат ташқи қарзининг экспорт ҳажмига нисбати (%)

84.1

117.8

114.4

110.7

109.3

103.3

100

86.4

3

Давлат ташқи қарзга хизмат кўрсатиш харажатларининг экспорт хажмига нисбати (%)

4.5

6.8

8

7.9

7.8

9.7

7.4

9

4

Давлат ташқи қарзга хизмат кўрсатиш харажатларининг бюджет даромадларига нисбати (%)

4.6

6.9

8.6

8.7

8.7

11

8.4

10.3

1 Ривожланаётган давлатлар учун қабул қилинган дисконт ставкаси (5%) орқали мазкур кўрсаткичларнинг жорий қиймати топилган. Манба: Халқаро валюта жамғармасининг ҳисоботи, 2020 йил 19 апрель

Шунингдек, қарз юки ва унга хизмат кўрсатиш кўрсаткичларида ҳам минимал ўсиш кузатилиши прогноз қилинмоқда (юқоридаги жадвал). Тўловга лаёқатлилик индикатори — давлат ташқи қарзи жорий қийматининг ЯИМга нисбатан кўрсаткичи 2020 йилдаги 24,7%дан 2021 йилда 30,0%га етиб, ўрта муддатда пасайиш тенденциясига эга. Бу кўрсаткич Ўзбекистон сингари давлатлар учун қабул қилинган меъёр — 55%дан паст. Тушумлар миқдорига нормаллаштирилган бошқа кўрсаткичлар ҳам жорий йилда бироз кўтарилсада, ўрта муддатда улар барқарорлашади.

ХВЖ томонидан турли сценарийлар асосида ўтказилган стресс-тест натижалари кўрсатмоқдаки, юқорида аниқланган қарз барқарорлиги кўрсаткичлари келажакдаги кутилиши мумкин бўлган турли шоклар таъсирида ҳам ҳавфсиз нуқтадан ортмайди. Бунда, давлат қарзига таъсир этувчи макроиқтисодий ва фискал омиллар (реал ЯИМ ўсиш суръати, бюджет тақчиллиги, айирбошлаш курси, фоиз ставкалари, ташқи савдо кўрсаткичлари) энг катта салбий ўзгариши асосида келгуси давр учун сценарийлар ҳосил қилинган ҳамда давлат қарзининг келажакда ушбу сценарийлар таъсири остида ривожланиш динамикаси ҳисобланган.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар Маркази

илмий ходими Нозимжон Ортиқов

Gazeta.uz

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар