Халқаро валюта жамғармаси 2026 йил апрель ойида токенлаштиришнинг глобал молиявий тизим трансформацияси таъсирига бағишланган “Tokenized Finance” номли таҳлилий ҳисоботни эълон қилди.
Халқаро валюта жамғармаси ҳисоботида қайд этилишича, токенлаштириш молиявий тизим трансформациясининг муҳим омилларидан бирига айланмоқда. У ҳисоб-китобларни тезлаштириб, операциялар самарадорлигини оширади, бироқ айни пайтда янги хатарларни ҳам юзага келтиради. Бу эса тартибга солиш механизмларини мослаштириш ва бозорлар барқарорлигини таъминлашда давлат ролини кучайтиришни талаб қилади.
Ҳужжатда таъкидланишича, токенлаштириш фақат технологик янгиланиш эмас, балки чуқур институционал ўзгаришдир. Ушбу жараёнда молиявий активлар ва мажбуриятлар тақсимланган реестрлар асосида ишловчи дастурлаштириладиган рақамли токенлар шаклига ўтказилади. Бу эса ҳисоб-китобларни бир зумда амалга ошириш, ликвидликни узлуксиз бошқариш ва смарт-контрактлар орқали молиявий операцияларни автоматлаштириш имконини яратади.
Молиявий тизимдаги энг муҳим ўзгаришлардан бири — ишончнинг қайта тақсимланишидир. Илгари ишонч асосан тартибга солинган воситачилар ва институтларга таянган бўлса, токенлаштирилган моделда у кўпроқ инфратузилма ва дастурий кодга ўтади. Бу транзакция харажатларини қисқартириш ва самарадорликни оширишга хизмат қилади, бироқ шу билан бирга алгоритмлар, маълумотлар сифати ҳамда рақамли инфратузилмани бошқариш билан боғлиқ янги хавфларни юзага келтиради.
Пул муомаласи соҳасида токенлаштирилган пулнинг учта асосий тури шаклланмоқда:
- токенлаштирилган банк депозитлари,
- тартибга солинадиган стейблкоинлар
- марказий банкларнинг улгуржи рақамли валюталари.
Бу моделларнинг ҳар бири давлат ва хусусий сектор ўртасида хавф-хатарларни турлича тақсимлайди. Шу билан бирга, асосий масала пул бирлигини сақлаш ва ҳисоб-китоб воситаларига бўлган ишончни таъминлашдан иборат бўлиб қолмоқда.
Банк секторида токенлаштириш ликвидликни реал вақт режимида бошқаришга ўтишга олиб келмоқда. Бу эса ликвид ресурсларни доимий равишда мавжуд сақлашга бўлган талабларни кучайтиради ҳамда кредитлаш ва хатарларни бошқариш механизмларини ўзгартиради. Капитал бозорларида эса у савдо ва ҳисоб-китоблар ўртасидаги вақт фарқини қисқартиради, бу орқали кредит хатарлари камаяди. Аммо у кунлик ликвидликка бўлган талабни ошириб, проциклик жараёнлар хавфини ҳам кучайтириши мумкин.
Молиявий бозорлар инфратузилмасининг трансформациясига алоҳида эътибор қаратилмоқда Тақсимланган платформаларга ўтиш самарадорлик ва шаффофликни оширса-да, хавфларни бир жойга жамланишини кучайтиради. Бундай тизимларда юзага келадиган носозликлар тизимли хусусиятга эга бўлиб, қисқа вақт ичида бутун бозорга таъсир кўрсатиши мумкин.
Молиявий барқарорлик нуқтаи назаридан токенлаштириш икки томонлама таъсир кўрсатади: у шаффофлик ва тезкор ҳисоб-китоблар орқали анъанавий хавфларни камайтиради, бироқ операциялар тезлиги, автоматлаштириш ҳамда глобал ўзаро боғлиқлик сабаб янги хавфларни ҳам келтириб чиқаради. Айниқса, ривожланаётган иқтисодиётлар ушбу хатарларга нисбатан янада сезгир бўлиши мумкин. Бу мамлакатларда капитал оқимларининг кескин ўзгарувчанлиги, валюта алмашиниши хавфининг ортиши ва пул-кредит суверенитетининг сусайиши эҳтимоли кучаяди.
Ривожланишнинг учта эҳтимолий сценарийси кўриб чиқилмоқда: давлат ҳисоб-китоб активларига таянувчи мувофиқлаштирилган модель, ўзаро мос келмайдиган платформаларга асосланган парчаланган тизим ва хусусий рақамли пуллар устунлик қиладиган сценарий. Шу билан бирга, молиявий тизимнинг якуний шакилланиши, аввало, давлат сиёсати самарадорлиги ва халқаро мувофиқлашув даражасига боғлиқ эканлиги таъкидланмоқда.
Сиёсатнинг устувор йўналишлари қаторида ишончли активлар асосида ҳисоб-китобларни таъминлаш, ҳуқуқий аниқликни шакллантириш, халқаро стандартлар ва интероперабеллик (тизимлар ўртасида ўзаро мослашувчанлик)ни ривожлантириш, шунингдек ликвидликни бошқариш ва инқирозга қарши тартибга солиш инструментларини молиявий бозорларнинг узлуксиз ишлаш шароитларига мослаштириш белгиланмоқда.
Умуман олганда, токенлаштириш молиявий тизим самарадорлигини сезиларли даражада ошириш имконига эга экани қайд этилмоқда. Бироқ аниқ институционал асослар мавжуд бўлмаса ва давлатнинг «ишонч таянчи» сифатидаги роли етарли даражада таъминланмаса, у хавфларни камайтириш ўрнига, аксинча, тизимли хавфларни кучайтириши мумкин. Бу эса инқирозли ҳолатларнинг тез тарқалишига ва глобал молиявий бозорларнинг парчаланишига олиб келиши эҳтимолини оширади.
Ўзбекистондаги ҳолат
2025 йил июль ойида «HUMO» миллий тўлов тизими шу номдаги токенни чиқариш бўйича пилот лойиҳани ишга туширди. Ушбу токен давлат облигациялари билан таъминланган бўлиб, бу унинг барқарорлигини кафолатлайди ва қийматининг кескин ўзгаришларини чеклайди.
«HUMO» токени чиқарилиши Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг крипто-активлар бўйича ягона электрон реестрида рўйхатдан ўтказилган. Токеннинг таъминоти мавжудлиги ва унинг сақланиши устидан назоратни «Asterium» криптодепозитарийси амалга оширади.
Ушбу токен чиқарилиши хорижий инвестицияларни жалб қилишга, бизнес учун ҳисоб-китобларни соддалаштиришга ва молиявий операциялар шаффофлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда. Таъминланган токендан фойдаланиш транзакциялар устидан назоратни кучайтиради ҳамда инновацион молиявий инструментларга бўлган ишончни мустаҳкамлайди.
Шунингдек, таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 ноябрдаги ПҚ–359-сон қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 сентябрга қадар мамлакатда «Очиқ банкинг» тизими жорий этилади. Ушбу тизим банклар, тўлов ташкилотлари ва финтех компаниялар ўртасида маълумотлар алмашинувини хавфсиз ва стандартлаштирилган тарзда амалга оширишни таъминлайди.
Шу билан бирга, 2026 йил 1 январдан тартибга солишнинг махсус ҳуқуқий режими (яъни, “тартибга солиш қумдони”) жорий этилди. Унинг доирасида барқарор токенлардан тўлов воситаси сифатида фойдаланишга, шунингдек тақсимланган реестр технологиялари асосида пилот лойиҳаларни амалга оширишга рухсат берилган.
Маълумот учун: 2025 йилда Қирғизистон сомга 1:1 нисбатда боғланган «KGST» стейблкоинини ишга туширди. У BNB Chain блокчейн платформасида фаолият юритади. Шу билан бирга, мамлакатда марказий банк рақамли валютасини ишлаб чиқиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. У ҳозирда пилот босқичида бўлиб, жумладан давлат ҳисоб-китобларида қўллаш имкониятлари ҳам кўриб чиқилмоқда.
Қозоғистон криптовалюталар муомаласини миллий даражада легаллаштирмоқда. 2026 йилдан бошлаб криптобиржалар фаолиятини Халқаро молиявий маркази (ХММ) доирасидан ташқарида амалга оширишга рухсат берилади, майнинг маҳсулотларини сотишга қўйилган чекловлар бекор қилинади ва рақамли активларни тартибга солишнинг лицензиялаш асосидаги модели жорий этилади. Шу билан бирга, рақамли тенге лойиҳасини ривожлантириш ишлари давом этмоқда. У ҳозирда пилот босқичидан ўтиб, реал тўлов сценарийларида синовдан ўтказилмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш