ҚҚС суммасини қайтариш тартиби соддалаштирилди

ҚҚС суммасини қайтариш тартиби соддалаштирилди

Вазирлар Маҳкамасининг “Солиқ тўловчиларни ҳисобга олишни яна-да такомиллаштириш ва қўшилган қиймат солиғининг ўрнини қоплаш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди (595-сон 22.09.2021 й.).

Мазкур қарор билан интизомли солиқ тўловчиларга ўрни қопланиши лозим бўлган қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтаришни тезлаштирилган тартибда амалга оширилиши белгиланмоқда.

Солиқ тўловчиларни ҚҚС тўловчиси сифатида махсус рўйхатдан ўтказишнинг янги тартибига кўра солиқ органлари томонидан уларнинг фаолияти 7 кунлик муддатда автоматлаштирилган тизим орқали таҳлилдан ўтказилиши ва солиқ хавфининг паст, ўрта ҳамда юқори даражаларига ажратилиши назарда тутилган.

- солиқ хавфи паст даражада бўлган солиқ тўловчилар тўғридан-тўғри махсус рўйхатдан ўтказилади ва ҳеч қандай солиқ назорати тадбирлари амалга оширилмайди;

- солиқ хавфи ўрта даражада бўлган солиқ тўловчилар кейинги келадиган ўн икки ой ичида солиқ назоратининг текширув тадбирларини ўтказиш шарти билан махсус рўйхатдан ўтказилади;

- солиқ хавфининг юқори даражасига тушган солиқ тўловчиларнинг аризаси рад қилиниши ёки мавжуд ҚҚС гувоҳномалари ушбу камчиликлар бартараф этилгунга қадар автоматик равишда вақтинча тўхтатилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи солиқ тўловчиларда ҳамда уларнинг контрагентларида фаол ҚҚС гувоҳномасининг мавжудлиги билан белгиланмоқда.

2022 йил 1 январдан ҚҚС тўловчилар ва устав жамғармасида давлат улуши 50 фоиздан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар учун қуйидагилар мажбурий ҳисобланади:

- асосий воситалар, номоддий активлар ва товар-моддий ресурсларни ҳисобга олиш ҳамда ўз устав фондини шакллантириш ва камайтириш билан боғлиқ барча операцияларни давлат солиқ органларининг “E-aktiv” автоматлаштирилган автомат тизимида акс эттириш;

- хўжалик фаолияти давомида товар-моддий захиралар сақлаш муддати тугагач йўқ қилинганда ва ҳисобдан чиқарилганда 3 иш кунидан кечиктирмасдан “E-aktiv” ААТда акс эттириш.

2022 йил 1 январдан юридик шахслар томонидан кўчмас мулкни ижарага бериш (олиш) ёки текин фойдаланиш шартномалари давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилади. Бунда ҳисобга қўйиш масофадан туриб фақат электрон шаклда амалга оширилади.

Киритилаётган ўзгартиришлардан асосий мақсад, интизомли солиқ тўловчиларни турли солиқдан қочиш схемаларидан фойдаланаётган айрим тадбиркорлик субектлари билан иқтисодий муносабатларга кириш хавфидан сақлашдир.

Солиқ тўловчиларга кўмаклашиш мақсадида уларнинг шахсий кабинетида “Менинг ҳолатимни текшириш” имконияти яратилди. Бу орқали ушбу тартиб кучга киргунга қадар солиқ хавфининг юқори даражасига тушиши ҳамда мавжуд гувоҳномани вақтинча тўхтатилишига сабаб бўладиган камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш имкониятига эга бўлади.

Ушбу қарор қабул қилинган кундан бошлаб 3 ойдан сўнг кучга киради.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар