2023 йил 31 март, жума куни Бухоро шаҳрида “Конституцион ислоҳот устуворликлари: Ўзбекистон – ижтимоий давлат” мавзусидаги халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан аҳолига давлатимизнинг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ўзгарувчан ролини, унинг ижтимоий соҳани бошқаришдаги вазифалари ва масъулиятини тушунтириш, шунингдек, ижтимоий давлатнинг ўзбек моделини, унинг шаклланиши ва кейинги ривожланиш хусусиятларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди.
Давра суҳбатида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг болалар жамғармаси (UNICEF)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбар даражасидаги масъул ходимлари ва вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, республика давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ вакиллари, илмий ва таълим муассасалари экспертлари иштирок этди. Ушбу тадбирнинг модератори Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов бўлди.
Янгиланган Конституцияга кўра, “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат”дир. Мамлакатимиз тарихида биринчи марта Ўзбекистон ижтимоий давлат эканлиги Конституция даражасида мустаҳкамланади.
“Ўзбекистон ижтимоий давлат ва адолатли жамият қуриш йўлидан дадил кетаётганини ҳисобга олиб, «Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат» тамойилини конституциявий норма сифатида белгиланиши”, – ҳақида таъкидланди маърузада.
Маърузачилар Конституцияга киритилган ўзгартишлар, аввало, инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимоя ва иқтисодий фаровонлик кафолатлари асосий қонун даражасида мустаҳкамланадиган Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилганлиги қайд этилди.
Шундай қилиб, сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар муносабати билан иқтисодиёт жадал суръатлар билан ўсмоқда, бу эса ижтимоий вазифаларни ҳал этишга кўпроқ маблағ ажратишга имкон берди. Агар 2018 йилда мамлакатнинг ижтимоий сиёсатга сарфланган харажатлари 35 трлн сўмни, 2019 йилда 61,3 трлн сўмни, 2020 йилда 74,2 трлн сўмни, 2021 йилда 85,3 трлн сўмни ташкил этган бўлса, 2022 йилда эса унинг миқдори 105,5 трлн сўмдан зиёдга етди. Бу эса кейинги беш йилда ижтимоий сиёсатни изчил кучайтириш имконини берди.
Давра суҳбати давомида камбағалликни қисқартириш, соғлиқни сақлашни ижтимоий давлат сиёсатининг энг муҳим йўналиши сифатида ривожлантириш босқичлари, мактабгача ва мактаб таълими тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг конституциявий асослари, Конституцияда ўқитувчи мақомини мустаҳкамлаш, шунингдек, конституциявий ислоҳотлардни ва ижтимоий соҳада давлат олдида турган узоқ муддатли вазифаларни муҳокама қилдилар.
Муҳокама давомида эксперт олимлар, Олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, талабалар, фуқаролик жамияти вакиллари, ОАВ вакиллари ҳам саволлар беришди. Модератор референдумнинг мамлакатимиз аҳолиси ҳаётидаги энг муҳим сиёсий аҳамиятини қайд этди.
Тадбир якунида, иштирокчилар долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш имконини берувчи платформа яратилгани учун ташкилотчиларга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.
Изоҳ қолдириш