Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 24 февраль куни қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида жорий йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Сувдан оқилона фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, жорий йил суғориш мавсумида сув таъминоти меъёрга нисбатан 25 фоиз кам бўлиши кутилмоқда. Шу боис сув исрофига умуман йўл қўймаслик ҳаётий зарурат.
Хусусан, 430 минг гектарда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш орқали 3 миллиард кубметр сувни иқтисод қилиш мумкин.
Бу, ўз навбатида, шундай технология ва ускунларга талабни оширади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, томчилатиб суғориш тизимлари ва қувурлар ишлаб чиқариш учун жорий йил февраль-апрель ойларида 35-40 минг тонна полиэтилен зарур. Шу боис, сув тежовчи технологиялар учун зарур бўлган полиэтилен ва полипропилен учун импорт божи 1 октябргача бекор қилингани айтилди.
Сув хўжалиги вазирлигига 3 мингдан зиёд насосларни таъмирлаш ва янгилаш, насос станцияларида электр энергияси ва сув сарфини “онлайн” мониторинг қилиш тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди.
Эслатиб ўтамиз, Ҳукумат қарори (95-сон, 23.02.2021 й.) билан Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича харажатларининг бир қисмини қоплаш ва берилган субсидияни қайтариш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Унга кўра, сувни тежайдиган суғориш технологиясини жорий этиш учун субсидиялар ажратилади.
Изоҳ қолдириш