Мактаб дарсликлари ижара пули доимий равишда бекор қилинди. Бу ҳақда халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов 6 сентябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди. Аввалига ижара пули фақат 2022/2023 ўқув йили учун бекор қилинганини таъкидлаган вазир ўринбосари кейинроқ, дарсликлар доимий равишда бепул тақдим этилишини қайд этди.
Халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов мактаб дарсликлари ижараси бепул бўлиши ҳақида изоҳ берди:
"2022 йилга мўлжалланган Давлат бюджети тўғрисидаги қонун билан ХТВ ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармасининг бюджетини тасдиқланган. Бу йил дарсликларни чоп этишга 1,1 трлн сўм йўналтирилиши режа қилинганди. Маблағларнинг бир қисми — 605 млрд сўм давлат бюджетидан, қолган қисми — Бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармаси маблағлари ҳисобидан (299,4 млрд сўм), шундан 283,4 млрд сўми ижара тўлови билан қопланиши белгиланган.
Қонунчиликка кўра, ушбу Жамғарма маблағлари ижара тушумларидан шаклланиши белгиланган. Жорий йилда 500 млрд сўм ижара тушумидан қопланиши керак эди", дейди Темур Комилов.
Президентимизнинг инсон қадрини улуғлаш, аҳолига енгиллик яратишга қаратилган эзгу ғоялари асосида дарсликлар ижараси бепул бўлди. Бу нима дегани? Яъни, бу йил ижара тушумидан шаклланиши — ота-оналар тўлаши керак бўлган 500 млрд сўмга яқин пул давлат бюджетидан тўлаб берилади.
Эътиборли томони, кейинги ўқув йиллари учун ҳам мактаб дарсликларининг ижараси бепул бўлади.
Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифходжаев:
"Дарсликлар ижараси учун айрим мактабларда пул йиғилган бўлиши мумкин. Энди ота-оналар мактабга мурожаат қилиб шу маблағларни қайтариб олишлари мумкин ва керак. Вазирлик биринчидан, дарслик учун ижара пулини йиғмаслик, иккинчидан, агар йиғиб бўлинган бўлса, ота-оналарни хабардор қилиб, қўлларига қайтариб беришни сўраб мурожаат қилиб қолади".
Изоҳ қолдириш