Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (CERR) ички бозордаги нархлар бўйича доимий мониторинг олиб бормоқда.
Хусусан, 2021 йил 12 майидан 19 майига қадар Ўзбекистонда асосий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган нархларнинг вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича ўзгариши таҳлили амалга оширилди.
Ўсимлик ёғи эътибор марказида
Сўнгги пайтларда ўсимлик ёғининг нархлари конъюктураси ҳукумат ва жамоатчилик диққат марказида бўлиб келмоқда. Ташқи бозорда ушбу маҳсулотга бўлган талабнинг ортиши давлат томонидан бозорни барқарорлаштирувчи чора-тадбирларнинг жорий этилишига олиб келди. Мониторинг шуни кўрсатмоқдаки, амалга оширилган ишлар ўз самарасини бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, ҳафта охирига келиб республикада бир литр ўсимлик ёғининг ўртача нарх 0,5% га пасайиб, 18 945 сўмни ташкил этди. Ўртача нархлар диапазони Андижон вилоятида бир литр учун 17 045 сўм, Тошкент шаҳрида 20 331 сўмгача бўлган оралиқда ўзгариб борди.
12 та вилоятда ўсимлик ёғи нархларининг пасайиши кузатилмоқда, энг юқориси Навоий (2,2%), Тошкент (0,9%), Қашқадарё (0,8%) ва Бухоро (0,8%) вилоятларида қайд этилди.
Туманлар кесимида ўсимлик ёғи нархининг бир литри учун энг катта пасайиш Навбаҳор (8,7%), Ўртачирчиқ (7%), Чуст (6,4%), Қўрғонтепа (4,9%), Шўрчи (4,1%), Кармана (3,5%) туманларида кузатилди.
Ҳафта давомида нархлар фақат 2 та вилоятда: Хоразм (0,4%) ва Жиззах (0,1%)да ошди.
3 ҳафта давомида 28 апрелдан 19 майгача республикада ўсимлик ёғининг ўртача нархи 1,3% га пасайди.
Ўсимлик ёғи нархларининг пасайиши ички бозордаги вазиятнинг барқарорлашаётганидан далолат беради.
Қуйида 12 майдан 19 майгача мол гўшти, сут, буғдой уни, шакар, тухум, картошка, гуруч нархларининг ўзгариши келтирилган.
Кўриб чиқилаётган давр мобайнида республикада ўртача нархларнинг ўсиши мол гўшти (0,2 %га, килоси 61 266 минг сўм), сут (0,1 %га, литри 6 095 минг сўм), буғдой уни (0,02 %га, килоси 4 880 сўм), шакар (0,2 %га, килоси 8 393 сўм) учун қайд этилди.
Ҳудудлар кесимида энг юқори нарх ўсиши:
- мол гўшти Сирдарё (0,7%) ва Навоий (0,6%) вилоятларида;
- сут Тошкент (2,5%), Қашқадарё (0,4%) вилоятларида;
- тухум Тошкент ва Фарғона (0,4%) вилоятларида;
- картошка Наманган (1,9%), Фарғона (1,1%) вилоятларида;
- гуруч Қашқадарё (0,8%) вилоятларида;
- буғдой уни Жиззах (0,8%), Фарғона (0,2%) вилоятларида;
- шакар Сирдарё (1,2%), Жиззах (0,4%) вилоятларида, Тошкент (0,4%) шаҳрида кузатилди.
Республикада ҳафта давомида ўртача нархларнинг пасайиши тухум (0,5 %га, ўнтаси 10 722 сўм), картошка (3,3 %га, илоси 4 519 сўм), гуруч (0,2 %га, килоси 10 141 сўм), ўсимлик ёғи (0,5 %га, литрига 18 945 сўм).
Ҳудудлар кесимида нархларнинг энг катта пасайиши қуйидагилар учун қайд этилди:
- мол гўшти – Андижон вилоятида (0,3%);
- сут – Қорақалпоғистон Республикасида (2,6%), Жиззах (1,3%) ва Самарқанд (1,2%) вилоятларида;
- тухум – Жиззах (3,1%), Қашқадарё (2,5%), Навоий (0,9) вилоятларида;
- картошка – Қашқадарё (9%), Самарқанд (5,4%) вилоятларида ва Тошкент (7,4%) шаҳрида;
- гуруч – Андижон (1,4%), Тошкент (0,8%), Фарғона (0,4%) вилоятларида,
- буғдой уни – Наманган ва Тошкент (0,1%), вилоятларида;
- шакар – Хоразм (0,7%), Андижон (0,4%) вилоятларида;
Ўзбекистонда кўриб чиқилаётган ҳафта давомида асосий истеъмол товарлари учун нарх муҳити нисбатан паст даражада ўзгарувчанлиги билан ажралиб туради. Ўтган ҳафтага нисбатан (5 майдан 12 майгача) мол гўшти нархининг ўсиш суръати сақланиб қолди, тухум ва картошка нархи пасайиб кетди, ун ва шакар нархларининг ўсиши динамикаси сезиларли даражада секинлашди.
Изоҳ қолдириш