Таҳлилларга кўра, жорий йилда дунёнинг кўплаб мамлакатларида йиллик инфляциянинг ошиши жуда тезлашган. Хусусан, Европа мамлакатларида 2022 йил сентябрь ойида ёқилғи-энергетика маҳсулотлари нархи йиллик ҳисобда қарийб 41 %га, озиқ-овқат маҳсулотлари қарийб 12 %га ошган.
Кузатилаётган инфляцион босим таъсирида қўшни давлатларда 2022 йилнинг январь-август ойларида:
- ун ва дон маҳсулотларининг нархи 1,2 баробаргача (Россия Федерациясида 11%, Қозоғистон Республикасида 24%, Қирғизистон Республикасида 21%);
- ўсимлик ёғи нархи 11%гача (Россияда – 11%, Қозоғистонда – 11% ва Қирғизистонда – 9%);
- пиёз маҳсулоти нархи 1,8 баробаргача (Россияда - 33%, Қозоғистонда - 47%, Қирғизистонда - 83%);
- гўшт нархи қарийб 15%гача (Россияда – 13%, Қозоғистонда – 15%, Қирғизистонда – 10%)га ошганлиги кўзатилади.
Умуман олганда, олдинги йиллардаги кўрсаткичлар, шу жумладан мавсумий омиллар, шунингдек дунёдаги жорий вазият ва ички бозорда кутилаётган тенденциялар ички истеъмол бозорлари индексига таъсир ўтказмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида (ўтган йилнинг декабр ойига нисбатан) Навоий вилояти бўйича ўртача инфляция кўрсаткичи 7,9%ни (республика кўрсаткичи 8,1% ёки 0,2 пункт кам) ташкил этди. Шундан,
- озиқ-овқат маҳсулотлари 9,3% (республика кўрсаткичи 10,0 % ёки 0,7 пункт кам);
- ноозиқ-овқат маҳсулотлари 8,7% (республика кўрсаткичи 7,9% ёки 0,8 пункт кўп);
- хизматлар кўрсатиш 4,2% (республика кўрсаткичи 4,8% ёки 0,6 пункт кам)ни ташкил этди.
Бунда энг юқори ўсиш ресторан ва меҳмонхоналар хизматлари 12,8%га, соғлиқни сақлаш хизматлари 11,4%га, маиший товарлар ва хизматлар, ижтимоий ва турли товарлар ҳамда бошқа хизматлар 11,2%га, дам олиш, спорт ва маданият хизматлари 9,4%га, уй рузғор асбоблари, маиший техника ва турар жойларга кундалик хизматлар кўрсатиш 8,9%га ошган.
Шу билан бирга, ўтган даврда вилоятда айрим озиқ-овқат маҳсулотларнинг нархи сезиларли даражада ошган. Жумладан:
- пиёз – 69,2% (республикада ўртача 74,9%)га;
- шакар – 51,8% (республикада - 53,8%)га;
- буғдой уни – 44,1% (республикада - 40,7%)га;
- буханка нони – 39,6% (республикада - 51,0%)га;
- барча навдаги гуруч – 17,5% (республикада – 19,2%)га;
- сабзи – 11,4% (республикада – 8,7%)га;
- пахта ёғи – 10,5% (республикада - 11,0%)га;
- ўсимлик ёғи – 10,3% (республикада - 13,2%)га.
Ўз навбатида, ушбу даврда ўтган йилнинг декабрига нисбатан картошка нархи 8,4%га арзонлашганлигини кўришимиз мумкин.
Бундан ташқари, шу йилнинг сентябрь ойида ўтган ойга нисбатан истеъмол нархлари индекси 1,0%га, шундан озиқ-овқат маҳсулотлари 1,4%га, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,8%га ва хизматлар 0,7%га ўсиши кўзатилган.
Жумладан, мол гўшти нархи 2,6%га, барча турдаги гуруч 2,6%га, товуқ гўшти 2,4%га, картошка 2,3%га, шакар 2,2%га, буғдой уни 2,1%га, тухум нархи 1,9%га ва кунгабоқар ёғи 1,9%га юқори ўсиш кўзатилган, пиёз нархи 4,2%га ва сабзи 2,3%га арзонлашган.
Таъкидлаш жоиз, прогноз параметрларига кўра жорий йил якунига қадар инфляция даражаси 12,0%гача бўлиши кўзда тутилмоқда.
Ушбу инфляцион ҳолатдан келиб чиқиб, маҳаллий ҳокимлик органлари аҳоли эҳтиёжи учун етишмайдиган асосий истеъмол товарлари, айниқса картошка, пиёз, ўсимлик ва пахта ёғи, шакар ва гуруч маҳсулотлари, зарур ҳолларда хусусий секторни жалб қилган ҳолда муқобил бозорлардан импорт қилиш орқали кафолатли таъминлаш ҳамда инфляцияни ушлаб туриш юзасидан зарурий чораларни кўриш лозим ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш