Қорақалпоғистон Республикаси 2021 йилда қайси давлатлар билан кўпроқ савдо қилди? (+Инфографика)

Қорақалпоғистон Республикаси 2021 йилда қайси давлатлар билан кўпроқ савдо қилди? (+Инфографика)

2021 йилда Қорақалпоғистон Республикасининг умумий ташқи савдо айланмаси қарийб 657,2 млн.долларни ташкил этди ва бу 2020 йилга нисбатан 21,9%га ошди. (Маълумот учун: 2020 йилда ҳудуд ташқи савдо айланмаси 539 млн.долларни ташкил этган).

Ҳудуд савдо балансида экспорт ҳажми 418,6 млн.доллар ва импорт ҳажми 238,6 млн.доллар билан ижобий салдо қайд этилди.

2021 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Хитой (23,2%), Россия (18,9%), Туркия (16,4%), Қозоғистон (9,7%), Латвия (5,0%) ва Корея Республикаси (4,7%) билан кўпроқ савдо қилган.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, 2021 йилда ҳудуд ташқи савдо айланмасининг 62,7%и Нукус шаҳри ҳиссасига тўғри келган. Ташқи савдо айланмасида энг катта улуш билан кейинги ўринларни Мўйноқ (5,7%), Беруний (3,8%), Тўрткўл (3,7%), Тахиатош (3,1%), Элликқалъа (2,9%) туманлари эгаллаган. Нукус (1,0%), Бўзатов (0,5%) ва Тахтакўпир (0,3%) туманларининг улуши эса сезиларли даражада паст бўлган.

Экспорт ҳажмида ўсиш суръати қайд этилган

2021 йилда ҳудуд экспортининг ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 115,4%ни ташкил этди ва экспорт ҳажми 418,6 млн.долларга етди. Экспортнинг қарийб 71,2%и тармоқ корхоналари ҳиссасига ва 28,8%и ҳудудий корхоналар улушига тўғри келган.

Қорақалпоғистон Республикасидан экспорт қилинадиган товарлар номенклатурасини кимё саноати маҳсулотлари (67,9%), озиқ-овқат маҳсулотлари (11,3%), пахта толаси (2,8%), машина ва ускуналар (1,16%), хизматлар (0,6%), энергия ресурслари (0,3%) ва бошқа товарлар (15,9%) ташкил этган.

Қорақалпоғистон Республикасининг 2021 йилдаги экспорти таркиби

2021 йилда электротехника маҳсулотлари, технологик жиҳозлар ва автомобил эҳтиёт қисмлари экспортининг ўсиши ҳисобидан машина ва асбоб-ускуналар экспорти 7,62 бараварга ошди.

Шу билан бирга, 2021 йилда пахта толаси экспорти 1,75 бараварга, кимё саноати маҳсулотлари экспорти 1,12 бараварга, бошқа товарлар экспорти эса 1,36 бараварга ошди.

Жаҳон мамлакатлари кесимида экспорт ҳажми таҳлили шуни кўрсатди, ҳудуддан экспорт қилинган маҳсулотларнинг асосий истеъмолчилари 108,1 млн.доллар миқдорида экспорт ҳажми билан Хитой (25,8%), Туркия – 93,1 млн.доллар (22,2%), Россия – 82,2 млн.доллар (19,6%), Қозоғистон – 40,1 млн.доллар (9,6%), Латвия – 29,9 млн.доллар (7,1%), Украина – 14,3 млн.доллар (3,4%), Буюк Британия – 9,3 млн.доллар (2,2%) ва Корея Республикаси – 7,6 млн.доллар (1,8%) билан кейинги ўринларни эгаллаган.

Ҳудуднинг умумий экспорт ҳажмидаги энг катта улуш Нукус шаҳрига (71,7%) тўғри келди. Нукус шаҳридан МДҲ, Европа, Болтиқбўйи мамлакатларига, Афғонистон, Доминикан Республикаси, Эрон, Туркия ва Хитойга, асосан, 13 турдаги маҳсулотлар, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари, алкогол ичимликлари, ёғоч маҳсулотлари, ип-калава, кимё саноати маҳсулотлари, пластмасса ва пластмассадан ясалган буюмлар, пахта толаси, мусиқа асбоблари, фармацевтика маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар экспорт қилинган.

Экспорт ҳажми бўйича кейинги ўринларни Қонлиқўл (3,9%), Беруний (3,4%), Элликқалъа (3,0%) ва Мўйноқ (2,8%) туманлари эгаллади. Шу билан бирга, Тахтакўпир (0,3%), Қораўзак (0,2%) ва Бўзатов (0,2%) туманлари энг кам улушга эга бўлди.

Импорт ҳажмида ҳам ўсиш суръати кузатилди

2021 йилда ҳудуд импорти 2020 йилга нисбатан 35,3 фоизга ошди ва 238,6 млн.долларни ташкил этди.

Ҳудуднинг умумий импорти 44,6%и машина ва ускуналар, 25,0%и кимё саноати товарлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари, 7,1%и энергия ресурслари, 4,9%и хизматлар, 1,1%и қора ва рангли металлар ва 17,4%и бошқалар маҳсулотлар ҳиссасига тўғри келди.

Қорақалпоғистон Республикасининг 2021 йилдаги импорт таркиби

Импортнинг сезиларли ўсиши машиналар ва асбоб-ускуналар импорти 1,71 бараварга, хизматлар импорти 1,58 бараварга, энергетика ресурслари импорти 1,44 бараварга, кимё саноати товарлари импорти 1,16 бараварга ошиши билан боғлиқ.

2021 йилда Қорақалпоғистон Республикасига энг кўп товар ва хизматлар Хитой (18,7%), Россия (17,6%), Қозоғистон (10,0%), Корея Республикаси (9,8%) ва Туркиядан (6,1%) импорт қилинган.

Қуйида 2021 йилда ҳудуд импортида энг кўп улушга эга асосий савдо ҳамкор мамлакатлар кўрсатилган.

Импорт ҳажмининг туманлар (шаҳарлар) бўйича таҳлили шуни кўрсатдики, ҳудуд импортининг энг катта улуши Нукус шаҳри (46,7%), Мўйноқ (11,6%), Тўрткўл (8,2%), Қораўзақ (6,1%), Тахиатош (5,8%) ва Беруний (4,5%) туманларига тўғри келади. Шу билан бирга, ҳудуд импортида Амударё (0,5%), Тахтакўпир (0,4%) ва Шуманай (0,2%) туманларининг улуши кам.

Бўзатов (импорт 7,7 баравар), Қораўзак (3,5 баравар), Хўжайли (3,1 баравар) ва Беруний (2,3 баравар) туманлари импортининг ўсиш суръатларида кескин ўсиш кузатилди. Бу ушбу туманларга машина ва асбоб-ускуналар, ёғоч маҳсулотлари, маиший техника, минерал ўғитлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар импортининг кўпайиши ҳисобидан содир бўлган.

Юсуп Жумабаев

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Қорақалпоғистон Республикаси филиалининг етакчи илмий ходими

Саламат Бегманов

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Қорақалпоғистон Республикаси филиалининг бош илмий ходими


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар