Ўзбекистонда июнь ойида ишбилармонлик фаоллиги ўсишда давом этди

Ўзбекистонда июнь ойида ишбилармонлик фаоллиги ўсишда давом этди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан баҳоланган Ишбилармонлик фаоллиги индекси (ИФИ) 2026 йил июнь ойида 1128 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 12,8 фоизга ошган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса 36 фоизга ўсиш кузатилган.

Жорий йилнинг июнь ойида ИФИ компонентлари даражасидаги қуйидаги ўзгаришлар кузатилди:

  • - хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисоб-варақларидаги операциялар сони бўйича компонент 18,7 фоизга ортган;
  • товар-хом ашё биржасида хом-ашё сотиб олиш жадаллиги 13,5 фоизга ошган;
  • фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар бўйича компонент 1,2 фоизга ошган;
  • товар белгилари бўйича компонент 18,5 фоизга ошган;

Шунингдек, 2026 йил июнь ойида ИФИ барча ҳудудда ўтган ойга нисбатан ўсиши кузатилган.
Жумладан, Сирдарё (51,3 %), Сурхондарё (49,1 %), Наманган (47,1 %) ва Хоразм вилоятларида (45 %) сезиларли даражада ўсиш кузатилган.

Ҳисобот даврида банклараро тўлов операциялари сони 7 930,9 минг тани ташкил этиб, 2026 йилнинг май ойига нисбатан 1 246,9 минг транзаксияга (18,7%) ортган (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш 25,7 %).

Банклараро тўлов операциялари сони барча ҳудудда ошган. Хусусан, Қашқадарё (25,9 %), Жиззах (24,7 %), Фарғона (23,7 %) ва Сирдарёда (23,0 %) юридик шахслар ўртасидаги банк операциялари сони ўтган ойга нисбатан сезиларли ошган.

Мазкур ўсиш, Марказий банкнинг банклараро электрон тўлов тизими орқали амалга оширилган тўлов ҳужжатларининг умумий сони ортиши билан изоҳланади. Бунда 2026 йилнинг майь ойига нисбатан мемориал ордерлар сони 24,2 фоизга (ёки 510,9 мингтага), тўлов топшириқномалари 14,5 фоиз (ёки 620,9 мингтага), тўлов талабномалари 25,6 фоиз (ёки 3,7 мингтага) ва инкасса топшириқномалари 40,4 фоиз (ёки 111,3 мингтага) ошган.

Жорий йилнинг июнь ойида ИФИнинг биржа компоненти 1,1350бирликни ташкил этган (ўтган ойга нисбатан 13,5 фоизга ортган). Бунда, ҳар бир битим бўйича сотиб олинган товарларнинг ўртача ҳажми 3,8 фоизга камайганлиги ва тузилган битимлар сони 31 фоизга ортганлиги кузатилди.

Республика товар-хом ашё биржасида асосий 34 турдаги товарлар савдосининг умумий айланмаси ҳажми 2026 йил июнь ойида 9 509 млрд. сўмни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 27,7 фоизга ошган.

Бунда, биржа савдолардаги ушбу фаолликда омухта ем савдоси ҳажмининг ўтган ойга нисбатан 12 бараварга, пахта толасидан олинадиган линт 4,2 баравар, шиша банкалари 2,5 бараварга ва бензин ёқилғисининг (АИ 91, 92, 95) ўртача 2,1 бараварга ортиши асосий омил ҳисобланади.

Ҳисобот даврида фаолият юритаётган хўжалик субъектлари компоненти 1,0120 бирликни ташкил этиб, олдинги ойга нисбатан 1,2фоизга ортган. Бунда:

  • барча турдаги фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони олдинги ойга нисбатан 10 471 бирликка ортиб, 530,3 мингтани ташкил этган;
  • йирик тадбиркорлик билан шуғулланувчи корхоналар сони эса 46 тага камайиб, 4 649 тани ташкил этган;
  • кичик корхоналар сони 9,2 мингтага ортиб, 435,4 мингтага етган. Шунингдек, фермер хўжаликлари сони 1283 тага ортиб, 90,3 мингтани ташкил этган.

2026 йилнинг июнь ойида савдо белгилари бўйича компонент 1,1855 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 18,5фоизга ошган. Мазкур даврда юридик шахслар томонидан 473 та товар белгилари ва товар номлари рўйхатга олинган.

Исломбек Сапарматов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази


Maqolani ulashing

O'xshash yangiliklar