Ўзбекистон бўйича ХВЖнинг IV моддаси: Иқтисодиёт юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолмоқда

Ўзбекистон бўйича ХВЖнинг IV моддаси: Иқтисодиёт юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолмоқда

IV модда бўйича маслаҳатлашувлар ХВЖга аъзо мамлакатларнинг макроиқтисодий сиёсатини мониторинг қилишнинг асосий воситаси бўлиб, иқтисодиёт ҳолати, мавжуд хатарлар ва кейинги ислоҳотларнинг устувор йўналишларига доир мустақил баҳолашни ўз ичига олади.

Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор юқори ўсиш суръатларини намоён этмоқда

ХВЖ баҳоларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистоннинг реал ЯИМи 7,7%га ўсган, 2026 йилнинг биринчи чорагида эса йиллик ҳисобда ўсиш суръати 8,7%гача тезлашган.

Юқори иқтисодий фаоллик барқарор ички талаб, инвестициялар ўсиши ва давом этаётган бозор ислоҳотлари билан қўллаб-қувватланмоқда.

Шу билан бирга, камбағаллик ва ишсизлик даражаси пасайишда давом этмоқда.

Инфляция пасайишда давом этмоқда

2024 йилдаги энергетика ислоҳоти натижасида инфляциянинг вақтинчалик тезлашишидан сўнг нархлар ўсиши суръатлари босқичма-босқич секинлашмоқда.

Йиллик инфляция 2026 йил апрель ойида 7,0%гача пасайган бўлиб, 2027 йил охирига келиб Марказий банкнинг 5%лик мақсадли кўрсаткичига эришилиши кутилмоқда.

ХВЖ экспертларининг фикрича, қатъий пул-кредит сиёсатини сақлаб қолиш инфляцияни барқарор пасайтиришнинг зарур шарти бўлиб қолмоқда.

Давлат молиясининг ҳолати яхшиланмоқда

Консолидациялашган бюджет тақчиллиги 2024 йилдаги ЯИМга нисбатан 3,0%дан 2025 йилда 2,1%гача қисқарган.

Бюджет кўрсаткичларининг яхшиланиши юқори иқтисодий ўсиш, солиқ тушумларининг кўпайиши ва жаҳон олтин бозоридаги қулай конъюнктура ҳисобига таъминланган.

2026 йилда бюджет тақчиллиги ЯИМга нисбатан 1,5% даражасида бўлиши прогноз қилинмоқда. Давлат қарзи эса ЯИМнинг қарийб 28%и даражасида сақланиб қолади, бу халқаро чегаравий кўрсаткичлардан сезиларли даражада паст.

Иқтисодиётнинг ташқи барқарорлиги мустаҳкамланмоқда

Жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги 2024 йилдаги ЯИМга нисбатан 4,7%дан 2025 йилда 3,9%гача қисқарган.

Яхшиланишнинг асосий омиллари жаҳон бозорида олтин нархларининг юқорилиги, хомашёга боғлиқ бўлмаган экспортнинг ўсиши ва меҳнат мигрантлари пул ўтказмаларининг барқарорлиги бўлди.

Халқаро захиралар етарли даражада сақланиб қолмоқда ва ХВЖ прогнозларига кўра, улар 12 ойдан ортиқ импорт ҳажмини қоплайди.

Иқтисодиётнинг истиқболлари ижобийлигича қолмоқда

ХВЖ 2026 йилда иқтисодиётнинг 6,8%га, 2027 йилда эса 6,0%га ўсишини прогноз қилмоқда.

Жамғарма прогнозларига кўра, аҳоли жон бошига ЯИМ 2025 йилдаги $3,8 мингдан 2027 йилда қарийб $5 минггача ошади.

Хусусий истеъмол, инвестициялар, таркибий ислоҳотлар ва хусусий секторни ривожлантириш иқтисодий ўсишнинг асосий ҳаракатлантирувчи омиллари бўлиб қолади.

Ижобий истиқболларга қарамай, ХВЖ бир қатор хавф омилларини қайд этмоқда.

Ташқи хатарлар

Асосий таҳдидлар қуйидагилардан иборат:

  • жаҳон иқтисодий конъюнктурасининг ёмонлашиши;
  • геосиёсий кескинликнинг кучайиши;
  • экспортга ташқи талабнинг пасайиши;
  • халқаро молиялаштириш шартларининг эҳтимолий қатъийлашиши.

Ички хатарлар

Жамғарма иқтисодиётнинг ортиқча қизиб кетишини кучайтириши мумкин бўлган омилларни чеклаш зарурлигини таъкидламоқда:

  • бюджет харажатларининг режалаштирилган даражадан ортиқ ўсиши;
  • имтиёзли ва директив кредитлаш кўламининг сақланиб қолиши;
  • таркибий ислоҳотларнинг секинлашиши.

ХВЖ тавсиялари

Бюджет интизомини сақлаш

ХВЖ бюджетнинг қўшимча даромадларини харажатларни кенгайтиришга эмас, балки молиявий барқарорликни мустаҳкамлашга йўналтиришни тавсия қилмоқда.

Узоқ муддатли истиқболда бюджет қоидаларини кучайтириш ва давлат харажатларининг хомашё даромадлари ўзгаришларига боғлиқлигини камайтириш таклиф этилмоқда.

Қатъий пул-кредит сиёсатини давом эттириш

Ички иқтисодий фаолликнинг юқорилигини ҳисобга олган ҳолда, ХВЖ инфляция мақсадли даражада тўлиқ мустаҳкамлангунга қадар чекловчи пул-кредит сиёсатини сақлаб қолишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.

Инфляцион таргетлаш режимини янада ривожлантириш ва валюта курси мослашувчанлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Банк секторини мустаҳкамлаш

Жамғарма давлат банкларини хусусийлаштиришни жадаллаштириш, кредит хатарларини баҳолаш сифатини ошириш, директив кредитлаш ҳажмини қисқартириш ва Марказий банк мустақиллигини таъминлашни тавсия қилмоқда.

ХВЖ фикрича, бу молиявий ресурсларни тақсимлаш самарадорлигини ошириш ва эҳтимолий фискал хатарларни камайтириш имконини беради.

Таркибий ислоҳотларни жадаллаштириш

Давлат корхоналарини ислоҳ қилиш, корпоратив бошқарув сифатини ошириш, рақобат муҳитини ривожлантириш, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини якунлаш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш устувор йўналишлар сифатида белгиланган.

Ушбу чора-тадбирлар меҳнат унумдорлигининг ўсишига ва хусусий инвестицияларнинг кенгайишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Меҳнат бозорини ривожлантириш ва инсон капиталини ошириш

ХВЖ хотин-қизлар ва ёшларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, норасмий бандликни қисқартириш, ишчи кучининг малакасини ошириш ҳамда кўникмаларнинг таркибий етишмовчилигини бартараф этиш зарурлигини таъкидламоқда.

Жаъфар Хидиров,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Maqolani ulashing

O'xshash yangiliklar