ЎзЛиДеПнинг президентликка номзоди Шавкат Мирзиёев самарқандлик сайловчилар билан учрашувда ўзининг 5 йиллик президентлик дастури билан таништирди. Дастурда 10 минг ўринли масжид қурилиши, вилоятда камбағалликни 2 баробар қисқартириш режаси, «свет» ва сув бўйича режалаштирилган ишлар ҳамда тиббиёт ва таълим йўналишларида қилинадиган ишлар келтирилган.
Имом Бухорийнинг ёдгорлик мажмуасида 10 минг ўринли масжид қурилади
Имом Бухорийнинг Пайариқ туманидаги ёдгорлик мажмуаси ҳозирги вақтда тубдан қайта қурилмоқда. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Самарқандда сайловчилар билан учрашувда айтиб ўтди.
“Бу ерда 21 гектар майдонда боғ ва хиёбонлар, 10 минг ўринли масжид, 3 та меҳмонхона, 24 та оилавий меҳмон уйларидан иборат, зиёрат туризми мажмуаси барпо этилади.
Келгуси йили Фозил Йўлдош ўғли таваллуд топганига 150 йил тўлади. Ушбу тарихий сана бўйича махсус қарор қабул қилиб, уни адабиёт ва маънавият байрами сифатида ўтказамиз. Чунки маънавий дурдонамиз бўлган “Алпомиш” достони айнан ана шу машҳур бахши тилидан ёзиб олинган”, деди Шавкат Мирзиёев.
Самарқанд давлат университетига Шароф Рашидов номи берилади
Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев қадимдан илм-фан маркази сифатида шуҳрат қозонган Самарқанднинг нуфузли олийгоҳлари – Самарқанд давлат университети, Самарқанд тиббиёт институтларининг мамлакатимиз таълим тизимидаги ўрни ва салоҳиятини янада ошириш мақсадида ўз таклифларини ўртоқлашди.
“Самарқанд давлат университетига ушбу қутлуғ масканда таҳсил олган, шу ерда ишлаган, республикамизда илм-фан, таълим, маданият, адабиёт ва санъат ривожига беқиёс ҳисса қўшган атоқли давлат ва жамоат арбоби, таниқли адиб Шароф Рашидов номини берсак, нима дейсизлар?
Шунингдек, Самарқанд тиббиёт институтига университет мақомини бериш ҳақида алоҳида қарор қабул қилсак, ўйлайманки, ушбу йирик олийгоҳнинг мавжуд салоҳияти ва келгуси ривожи учун янада пухта замин яратган бўламиз. Фақат ном билан чекланмаслик керак, катта-катта корпуслар, ётоқхоналар қуришимиз керак. Университетга янги шароитлар яратишимиз зарур. Ном билан эмас, мақом билан нуфузини оширамиз. Бу тиббиёт университети менга жуда яқин. Ҳар бир туманда бу университетнинг кафедраларини очамиз ва ҳақиқий халқ университетларига айлантирамиз”, деди амалдаги президент Шавкат Мирзиёев.
Самарқандда камбағаллик 2 баробарга қисқартирилади
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур тайёрлангани ҳақида маълум қилди.
“450 мингта иш ўрни яратиш орқали камбағалликни 2 баробарга қисқартириш – энг устувор вазифамиз бўлади. Бунинг учун, келгуси беш йилда ялпи ҳудудий маҳсулотни 1,4 бараварга ошириб, 90 триллион сўмга етказишимиз зарур. Бунинг учун, авваламбор, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш орқали, 130 мингта иш ўринлари яратилади. Бунинг учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида вилоятга ҳар йили қарийб 1 триллион сўм имтиёзли кредит ажратилади.
Нарпай мисолида туманни “ишсизликдан холи ҳудуд”га айлантириш бўйича янги тизим қандай ишлаши тўғрисида тўхталиб ўтсам. Айни пайтда туманда 14 мингта меҳнатга лаёқатли аҳоли иш билан таъминланмаган. Шу билан бирга, 4 мингта оила камбағал тоифага киритилган. Тумандаги мавжуд 57 та маҳалланинг 11 таси қизил ва 33 таси сариқ маҳалла тоифасига киради.
Энди бевосита қуйи бўғинда ижрони ташкил этиш учун, тумандаги маҳаллаларга бириктириладиган “ҳоким ёрдамчилари” лавозимлари жорий этилади. Улар маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш ва янги иш жойларни ташкил этиш бўйича, тизимли ишларни ташкил этади.
Ушбу ёрдамчиларга маҳаллада оилавий тадбиркорлик кредитларини бериш, лидер тадбиркорлар лойиҳаларини амалга оширишда кўмаклашиш, эҳтиёжманд оилаларга субсидиялар ажратиш ва уларни жамоат ишларига жалб қилиш, ёшларни касбга ўқитиш бўйича молиявий инструментлар берилади”, деди Шавкат Мирзиёев.
Ўз ечимини кутаётган муаммолар
Айни вақтда Самарқанд вилоятида эришилган ютуқлар билан бир қаторда, ҳали ўз ечимини кутаётган кўплаб муаммолар ҳам мавжуд. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев айтиб ўтди.
“Бугунги кунда Самарқанддаги энг долзарб масалалардан бири – 170 мингдан зиёд аҳоли доимий иш ўрнига муҳтож, 65 мингга яқин оила доимий даромад манбаига эга эмас. Шу билан бирга, келгуси беш йилда 200 минг ёшлар меҳнат бозорига кириб келишини ҳам, ҳисобга олишимиз зарур.
Иккинчи муҳим масала – Самарқанд мамлакатимиздаги аҳолиси энг кўп ҳудуд бўлиб, келгуси беш йилда 4,5 миллионга етади. Уларга қулай яшаш шароитларини таъминлаш лозим. Лекин, ҳозирда вилоятнинг 1,6 миллион нафар аҳолиси марказлашган ичимлик суви билан таъминланмаган, 6 минг километр ички йўллар таъмирталаб ҳолатда. Электр тармоқлари эскиргани боис, вилоятда электр таъминоти аҳоли учун ҳам, тадбиркорлар учун ҳам энг жиддий масалалардан бири бўлиб қолмоқда.
Учинчи масала – мавжуд имкониятларга қарамасдан, туман ва шаҳарларда саноат бир маромда ўсаётгани йўқ. Айниқса, хомашёга бой Қўшработ, Нуробод ва Оқдарё туманларида саноат ривожланиши анча орқада.
Тўртинчи масала – вилоятда қишлоқ хўжалиги имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Булунғур, Жомбой, Самарқанд, Ургутнинг мева-сабзавотчилик ва узумчилик, Нуробод, Қўшработ туманларининг чорвачиликдаги имкониятлари тўлиқ ишга солинмаяпти.
Бешинчи масала – вилоятнинг айрим ҳудудларида соғлиқни сақлаш ва таълим тизими ортиқча юклама билан ишламоқда. Соғлиқни сақлаш объектлари қувватини ошириш ва уларни замонавий жиҳозлаш талаб этилади”, деди Шавкат Мирзиёев.
Самарқанд Ўзбекистоннинг “Туризм дарвозаси”га айланади
Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан учрашувда Самарқанднинг асосий драйверларидан бири бўлган туризм соҳасида 40 минг киши бандлиги таъминланиши хусусида ҳам айтиб ўтди.
“Вилоятни юртимизнинг “Туризм дарвозаси”га айлантириш орқали келгуси беш йилда туризм хизматлари ҳажми камида 10 баробарга оширилади. Бунда, 600 дан ортиқ янги меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйлари ташкил этилиб, ётоқ ўринлар сони 22 мингтага етказилади.
Вилоятда Халқаро кулинария ва сервис мактаби ташкил этилиб, ўқитишга Франция, Италия, Япония, Туркиядан етакчи рестораторлар жалб этилади. Шунингдек, Халқаро гастрономик фестиваль ташкил этилади.
Самарқанд халқаро аэропортига парвозлар сонини 7 баробарга ошириб, йўловчилар оқими эса йилига 220 мингдан 1,5 миллион нафарга етказилади. Самарқандда хаб бўлади. Чет элдан хусусий самолётлар ҳам учиб келишади.
Келгуси йилда 212 гектар ер майдонида “Самарқанд бизнес ва туризм маркази” барпо этилади. Унда, халқаро конгресс маркази, “Абадий шаҳар” карвонсарой мажмуаси, 8 та меҳмонхона, дам олиш ва кўнгилочар объектлар, ҳунармандчилик маркази, сунъий сув ҳавзалари қурилади. Бу орқали 5 мингдан зиёд ёшлар бандлиги таъминланади.
Келгуси йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг имтиёзли маблағлари ҳисобига 50 та электробус олиб келинади. Умуман, вилоятга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сони йилига 5 миллионга етади”, деди Шавкат Мирзиёев.
Вилоятни ривожлантириш учун 3 млрд 840 млн доллар ажратилади
Келгуси беш йилда Самарқанд вилоятини ривожлантириш учун давлат ҳисобидан 41 триллион сўм ( 3 млрд 840 млн долл) йўналтирилади.
“Қўшимча 30 минг гектар янги ер майдони ўзлаштирилиб, мева-сабзавот, доривор ва озуқа экинларини етиштириш учун танлов асосида ажратилади. Бунда, электр тортиш ва қудуқ қазиш харажатларининг 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилади.
Пайариқ, Қўшработ, Иштихон, Нарпай, Булунғур ва Ургут туманларининг лалми ерларида 19 минг гектар интенсив боғ ва 18 минг гектар токзор барпо этиш орқали қўшимча 40 минг иш ўринлари яратилади.
Мисол учун, Иштихонда 100 гектар майдонда токзорлар “тайёр ҳолда” аҳолига 7 йил муддатга лизинг асосида берилади. Бунда, янги боғ ва токзорлар учун ер солиғини тўлашдаги имтиёзли давр 3 йилдан 5 йилга узайтирилади.
Бандлик жамғармасидан 50 миллиард сўм ажратиб, 5 мингдан зиёд аҳоли томорқасида енгил конструкцияли иссиқхоналар қурилади. Шунингдек, мева-сабзавотни қайта ишлаш кластери фаолияти йўлга қўйилади.
Нуробод, Қўшработ ва Каттақўрғонда 18 минг гектар лалми ер майдонлари ўзлаштирилиб, қўй ва эчкичилик кластерлари ташкил этилади. Бундан ташқари, камида 500 бош қорамол бўлган 48 та йирик чорвачилик комплекслари ишга туширилади ва янги ўзлаштириладиган 2,4 минг гектар озуқа учун ажратилади.
Тойлоқ, Самарқанд, Оқдарё, Каттақўрғон ва Нурободда паррандачилик кластерлари ташкил этилиб, 50 минг тонна парранда гўшти етиштирилади. Доривор ўсимликларни етиштириш мақсадида, Қўшработ, Нуробод, Пайариқ, Иштихон ва Ургутда заъфарон ва лаванда плантациялари ташкил этилади.
Ирригация соҳасида 145 миллион доллар ҳисобига, 69 та насос станцияси модернизация қилинади ва 48 минг гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланади. Шу билан бирга, “Булунғур” сув омборида қурилиш ишлари якунланиб, Булунғур, Пайариқ ва Жомбой туманларида 36 минг гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланади.
Умуман олганда, келгуси беш йилда Самарқанд вилоятини ривожлантириш учун давлат ҳисобидан 41 триллион сўм йўналтирилади. Бу рақамларнинг ҳаммаси аниқ, маблағнинг манбаси аниқ. Мана, ҳоким ўтирибди, ҳар бирини қаердан олишни тушунтириб берганман. Ҳаммасининг таги бор, энди уни амалга ошириш керак”, деди Шавкат Мирзиёев.
Самарқандда йирик «мега-лойиҳалар»нинг ишга туширилади
Келгуси 5 йилда Самарқандда бир қатор йирик “мега-лойиҳалар”нинг ишга туширилиши вилоятни мамлакатнинг “Инновацион саноат хаби”га айлантиради.
“Келгуси беш йилда вилоятда 8 миллиард долларлик 5,5 мингдан зиёд катта-кичик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 250 минг доимий иш ўринлари яратилади. Ушбу лойиҳалар вилоят учун “драйвер” ҳисобланган тармоқларда амалга оширилади.
Жумладан, тўқимачилик саноатида беш йилда умумий қиймати 750 миллион долларлик 182 та лойиҳалар ишга туширилиб, 19 мингта янги иш ўринлари яратилади ва ип-калавани қайта ишлаш даражаси 100 фоизга етказилади.
Қурилиш материаллари саноатида Нуробод, Қўшработ, Нарпай, Паст Дарғом, Пахтачи туманлари ва Каттақўрғон шаҳрида 1,4 миллиард долларлик 21 та лойиҳа амалга оширилиб, 10 мингта иш ўрни ташкил этилади.
“Ургут” эркин иқтисодий зона тажрибасидан келиб чиқиб, Паст Дарғом, Жомбой, Самарқанд туманлари ва Самарқанд шаҳрида электротехника соҳасида 200 миллион доллар инвестициялар ҳисобига 4,5 минг иш ўринлик алоҳида саноат кластери ишга туширилади. Натижада, вилоятда маиший техника ишлаб чиқариш ҳажми 10 баробарга, экспорти 6 баробарга оширилади.
Шунингдек, чарм-пойабзал ва ипакчилик саноатларида 260 миллион долларлик 52 та лойиҳалар амалга оширилиб, 10 мингта янги иш ўринлари ташкил этилади. Вилоятнинг аҳамиятли соҳаларидан бири – мева-сабзавотни қайта ишлаш саноатида 75 та лойиҳа амалга оширилиб, 180 миллион доллар инвестициялар ўзлаштирилади ва 5 мингта доимий иш ўринлари яратилади. Энг муҳими – вилоятда етиштириладиган мева-сабзавотларнинг қайта ишлаш даражаси 50 фоизга етказилади.
Келгуси 5 йилда Самарқандда бир қатор йирик “мега-лойиҳалар”нинг ишга туширилиши вилоятни мамлакатимизнинг “Инновацион саноат хаби”га айлантиради. Жумладан, Самарқанд металлургия заводида 300 миллион доллар инвестиция ҳисобига, металлургия кластери ташкил этилади. Кластерда ҳар йили 870 минг тонна металл маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Худди шундай, “Самавто” корхонасида келгуси йилда 50 миллион доллар инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобига автобус, юк ва махсус автомобилларни ишлаб чиқариш 2,5 баробарга оширилади (4 мингдан 10 мингтага). Шунингдек, “УрГаз карпет” ва “САГ” корхонаси негизида сунъий толадан то тайёр гилам ва тўқимачилик маҳсулотларигача ишлаб чиқариш жараёнини қамраб олган 500 миллион долларлик кластер барпо этилади. Натижада, 5 мингта янги иш ўринлари яратилади ва 250 миллион долларлик қўшимча экспорт ҳажмлари қўшилади.
Ушбу йирик лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида, Ўзбекистон Тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси томонидан тузиладиган “Миллий саноат холдинги” маблағлари жалб этилади”, деди Шавкат Мирзиёев.
«Свет» ва сув бўйича режалаштирилган ишлар
Самарқанд вилоятида сўнгги 5 йилда электр энергия истеъмоли бир ярим баробарга ошгани боис, унинг таъминотини яхшилаш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади. Бу Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев дастурида киритилган.
“Ҳозирги кунда вилоятдаги электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари талабнинг атиги 2 фоизини қоплайди. Келгуси икки йилда Нуробод, Каттақўрғон ва Тойлоқ туманларида жами қуввати 400 Мегаваттли қуёш электр станциялари ва кичик ГЭСлар ишга туширилади. Натижада, 600 минг нафар аҳоли ва 2,5 мингдан зиёд корхоналарни таъминлаш учун етарли бўлган қўшимча электр энергияси ишлаб чиқарилади. 6 минг километр тармоқлар, 500 киловольтли нимстанция, 2 мингта трансформатор ва 61 мингта эски симёғочлар тўлиқ янгиланади.
Шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари давом эттирилади. Бунда шароити оғир 32 та қишлоқ ва маҳаллани ободонлаштириш учун келгуси йилнинг ўзида 390 миллиард сўм йўналтирилади. Ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектларини қуриш учун бюджетдан 275 миллиард сўм ажратилади. Ушбу маблағлар маҳаллий кенгаш қарори асосида, мақсадли ишлатилади.
Келгуси беш йилда марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 64 фоиздан 84 фоизга, оқова сув тизими 12 фоиздан 35 фоизга етказилади. Хусусан, Каттақўрғон шаҳри ичимлик ва оқова сув тизимларини яхшилаш мақсадида 66 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилиб, ичимлик сув таъминоти билан тўлиқ қамраб олинади. Илгари ичимлик суви етиб бормаган Каттақўрғон, Иштихон, Паст Дарғом, Нуробод, Нарпай, Жомбой, Оқдарё ва Тойлоқдаги 177 та маҳалланинг 680 минг аҳолиси тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминланади.
Келгуси беш йилда 28 минг хонадонли 730 та кўп қаватли уйлар барпо этилади, олдинги беш йилга нисбатан 2 баробар кўп. Чекка ва олис ҳудудлардаги 408 та кўп қаватли уйларни таъмирлашга бюджетдан маблағ ажратилади. “Реновация” дастури асосида, Самарқанд шаҳрининг Темир йўл ҳудудида 100 мингдан ортиқ аҳоли учун кўп қаватли замонавий уйлар, Ширин массивида 90 минг нафар аҳолига мўлжалланган шаҳарча барпо этилади.
8 минг километрдан зиёд автомобиль йўли ва ички кўчалар, 270 та кўприкни қуриш-таъмирлаш учун 4 триллион сўм йўналтирилади. Келгуси йилдан Каттақўрғон, Иштихон, Пайариқ ва Қўшработ туманларидаги 105 та маҳалладаги 400 минг аҳоли учун жамоат транспорти қатнови йўлга қўйилади”, деди Президент.
Самарқанд “таълим хаби”га айланади
Самарқанд шаҳри яшаш учун қулай ва жозибадор “миллионли яшил шаҳар”га айлантирилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан учрашувда айтиб ўтди.
“Бунинг учун, Самарқанд, Паст Дарғом, Оқдарё ва Тойлоқ туманлари ҳудудидан 18 минг гектари шаҳар таркибига қўшилади. Давлат идоралари ва маъмурий хизматлар тарихий марказдан янги ҳудудга кўчирилади. Самарқанд шаҳрида янги 2 та тоннель ва 2 та кўприк қурилади.
Самарқанд билим ва илм-фан макони, “таълим хаби”га айланади. Бунинг учун, аввало, мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 69 фоиздан 82 фоизга етказилади. 59 та давлат ва 34 та хусусий, 905 та оилавий боғчалар ташкил этилади. Келгуси беш йилда 38 та янги мактаб қурилади, 711 таси реконструкция қилинади ва капитал таъмирланади, 155 мингта қўшимча ўқувчи ўрни яратилади.
Бундан ташқари, барча шаҳар ва туманларда IT’га ихтисослашган мактаблар ташкил этилиб, уларда 50 мингдан зиёд ёшлар қамраб олинади. Олий таълим билан қамров даражаси 50 фоизга етказилади, ҳозир – 33 фоиз. Самарқанд шаҳрида 20 минг талабага мўлжалланган “Ёшлар шаҳарчаси” барпо этилиб, унда камида 4 та хорижий университетларнинг филиал ва кампуслари жойлаштирилади. Самарқанд давлат университетини жаҳоннинг мингта нуфузли олийгоҳлари қаторига киритиш дастури амалга оширилади. Етакчи техника университетлари билан биргаликда Самарқанд технология университети ташкил этилади”, деди Президент.
Жигарни кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади
Келгуси беш йилда Тошкентда кўрсатилаётган ихтисослашган тиббий хизматларнинг барчаси Самарқандда ҳам йўлга қўйилади.
“Ажратиладиган маблағлар босқичма-босқич 2 баробарга оширилиб, касалликни эрта аниқлаш, бепул дори воситалари билан таъминлаш ва даволаш чоралари кўрилади.
Каттақўрғон шаҳар, Пахтачи, Пастдарғом, Пайариқ ва Ургутда перинатал марказлар ташкил қилинади. Булунғур, Ургут, Иштихон ва Пахтачида 4 та ўткир юрак қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилиб, гемодиализ хизмати ҳам йўлга қўйилади.
Вилоятда 25 мингдан зиёд туғма ногиронлиги бўлганлар учун Болалар тиббий реабилитация маркази филиали очилади. Аҳолига юқори технологик тиббий хизматлар кўрсатиш кўлами кенгайтирилиб, Самарқанд минтақанинг “тиббиёт хаби”га айлантирилади. Келгуси беш йилда Тошкентда кўрсатилаётган ихтисослашган тиббий хизматларнинг барчаси Самарқандда ҳам йўлга қўйилади.
Вилоят кардиология марказида юрак касалликларининг барча турларини даволаш имконини берувчи замонавий жиҳозланган кардиожарроҳлик бўлими ташкил этилади. Келгуси йилда Тиббиёт институти клиникаси негизида Минтақавий нейрохирургия маркази ташкил этилиб, 10 дан ортиқ жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилади. Самарқандда бир йилда 25 мингдан зиёд бемор нейрохирургия хизматига муҳтож бўлиб, уларнинг атиги 30 фоизи вилоятда даволанади.
Республика хирургия маркази филиалида 7 нафар беморга буйракни кўчириб ўтказиш операцияси муваффақиятли ўтказилгани, қувонарли ҳол, албатта. Эндиликда, жигарни кўчириб ўтказиш амалиёти ҳам йўлга қўйилади. Онкология марказининг моддий-техник базаси янгиланиб, болалар онкохирургия ва кимё терапияси, каминвазив хирургия амалиёти жорий этилади. Шу билан бирга, вилоятда илк бор туғма эшитиш нуқсони бор болаларни тўлиқ даволаш йўлга қўйилади”, деди Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ қолдириш