– Касбий фаолиятингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз, бу лавозимга қандай келгансиз? Олдин нима иш билан шуғуллангансиз? Қайси кўникмаларингиз сизга юкланган вазифаларни самарали бажаришга ёрдам бермоқда?
– Қоракўл тумани ҳокимининг маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича Мирзақалъа МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси лавозимига 2022 йил 29 августда ишга келганман. Меҳнат фаолиятимни 2012 йил Қоракўл туманидаги Нефть ва газ саноати касб-ҳунар коллежида ўқитувчиликдан бошлаганман. 2013–2016 йилларда “Қоракўлгаз таъминоти” филиалида Эксплуатация бўлими бошлиғи, 2016–2017 йилларда филиалнинг бош муҳандиси лавозимларида ишлаганман. 2017 йилдан 2021 йилга қадар “Ҳудудгазтаъминот” Бухоро вилояти Қоракўл туман бўлимида аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш хизмати бошлиғи бўлиб фаолият юритганман. 2021 йилдан 2022 йил августга қадар “Epsilon Development Company” қўшма корхонасида ишлаб чиқариш устаси бўлиб ишлаганман. Ушбу даврларда орттирган тажрибам, бевосита халқ билан ишлаш жараёнлари менга янги иш фаолиятимда ҳам ёрдам берди, десам муболаға бўлмайди.
– Маҳаллангизнинг жойлашуви, у ердаги мавжуд инфратузилма объектлари (йўллар, мактаб, боғча, поликлиника, саноат корхоналари), аҳолини иш билан таъминлаш имкониятлари ҳақида тўлиқроқ гапириб берсангиз? – Мирзақалъа МФЙ Қоракўл туман марказидан 20-25 км олис масофада жойлашган бўлиб, аҳолиси асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланиб келади. Аҳоли хонадонлари сони – 1125 та, оилалар сони – 1952 та, аҳоли сони эса 7266 нафарни ташкил қилади. МФЙ ҳудудида 2 та мактабгача таълим ташкилоти, 1 та мактаб, 1 та қишлоқ врачлик пункти мавжуд. Ички йўллар узунлиги 27,8 км бўлиб, шундан 4 км асфалтлаштирилган, 19,8 км шағаллаштирилган ҳамда 4 км қисми қум-тупроқдан иборат. МФЙ ҳудудида тадбиркорлик субъектлари сони 2022 йил бошида 3 тани ташкил қилган бўлса, бугунги кунда 40 та тадбиркорлик субъекти, 4 та саноат ишлаб чиқариш цехи мавжуд. 2022 йил бошида аҳолининг ишга яроқли, лекин ишсиз қатлами 376 нафарни ташкил қиларди, асосан қишлоқ шароитида аёллар кўпроқ ишсиз эди. Бунга ечим излаш ҳамда аёллар бандлигини таъминлаш мақсадида болалар кўлочини (?) ишлаб чиқариш цехини ташкил қилдик ҳамда ушбу цехда бугунги кунда 30 дан ортиқ аёл иш билан банд. Уларнинг ўртача ойлик даромади 3-3,5 млн сўмни ташкил қилди. Қолаверса, ҳар бир ишсиз билан алоҳида суҳбат ўтказиб, уларнинг қизиқишларига қараб касб-ҳунарга ўқитиб, имтиёзли кредит олиб бериб, бандлигини таъминлаш чоралари кўрилди. Маҳалла хонадонларида томорқа мавжудлиги, ушбу томорқадан самарали фойдаланиб, даромад топиш имкониятлари ҳам аста-секин ўргатилиб, кўникма шакллантириб борилди.
– Йўл бошида энг қийин бўлган нарса нима бўлди ва сиз уни қандай енгдингиз?
– 2022 йил август ойида ушбу лавозимга тайинланган вақтимда биринчи навбатда ўзимга ўзим савол бердим: бу маҳалла марказдан олис ҳудудда жойлашган, аҳоли билан тил топишиб кета оламанми, олис ҳудудда бирор натижага эриша оламанми, деган ўй-хаёл ва озроқ қўрқув ҳам бор эди. Лекин 10 йиллик меҳнат фаолиятимда орттирган тажрибам аҳоли билан бевосита бирга ишлаган вақтларимда орттирилган кўникмам менга ёрдам берди. МФЙга борганимда ёши улуғ нуронийлар, маҳалладаги обрўли инсонлар билан тез мулоқотга киришиб, тил топиб кетишим орқали ичимдаги қўрқув ва ҳадикни енгиб ўтдим.
– Хонадонбай ўрганиш натижасида қандай янги иқтисодий имкониятларни аниқладингиз?
– 2022 йил иш фаолиятимни бошлаганимдан кейин биринчи навбатда хонадонларга бирма-бир кириб,одамлар билан танишиб, уларнинг турмуш тарзи ва яшаш шароити ўрганилди. Хатлов якунида ким нимага қодирлигини текшириб, ҳаммани тоифага ажратиб, улар билан алоҳида лойиҳалар устида иш бошладик.
– Маҳаллангиз ривожининг асосий иқтисодий ўсиш драйвери нима? Нега ушбу йўналишлар танлаб олинди? Танланган йўналишларни тезкор ривожлантириш учун нима ишлар қилинмоқда?
– Маҳалламиз ривожининг иқтисодий ўсиш драйвери чорвачилик бўлиб, ҳудуднинг жойлашувидан келиб чиқиб қарайдиган бўлсак, чўл зонасида томорқа ерларининг кўплиги ва яйловларнинг мавжудлиги, қолаверса, 60 фоиздан ошиқ хонадонда чорва моллари боқилишини инобатга олиб, чорвачилик йўналишини ўсиш драйвери деб белгиладик. Танланган драйверни тез фурсатда ривожлантириш мақсадида хонадонларга чорвачилик бўйича имтиёзли кредитлар ажратиб берилмоқда. Икки нафар драйвер тадбиркор танлаб олинган бўлиб, ушбу тадбиркорларга чорва моллари бўйича лойиҳа қилинди. Улардан бири Неъмат Раҳмонов наслли чорва молларини кўпайтириш ва бевосита аҳолига ушбу жойнинг ўзидан арзон ва сифатли чорва молларини етказиб бериш билан шуғулланади. Иккинчи тадбиркоримиз Жасур Ҳамроевга наслли чорва молларини олиб келишни кўпайтириш ва гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
– Маҳаллангизда тадбиркорликни ривожлантириш учун қандай имкониятлар мавжуд? Ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият юритган даврингизда маҳаллангизда тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берсангиз. Шу вақт ичида нечта янги корхона барпо этилиб, нечта якка тартибдаги тадбиркор иш билан таъминланди?
– Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш учун ҳозир барча имкониятлар ҳурматли Президентимиз томонидан яратиб берилган, қолаверса, вилоят ва туман ҳокими томонидан ҳам кўплаб шароитлар ҳозирланган. Маҳалла ҳудудида тадбиркорлик қилиш истаги бор фуқароларга ёки тадбиркорлигини кенгайтириш истаги бор тадбиркорларга инфратузилма масаласини туман ҳокимлиги, молиявий томонлама кўмак кўрсатишни ҳоким ёрдамчиси ва банк раҳбари ўз зиммасига олади. Ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият юритган вақтимда амалга оширган лойиҳаларимга тўхталадиган бўлсак, 8 та аҳолига хизмат кўрсатадиган савдо дўкони, 1 та болалар қулоқчини ишлаб чиқарадиган цех, 1 та Акфа ромлари цехи, 1 та мебель цехи, 1 та нон цехи, 5 та умумий овқатланиш шохобчаси, 4 та омихта ем сотиш шохобчаси, 3 та гўшт дўкони, 1 та мини-маркет, 1 та автомобилларни ювиш шохобчаси, 2 та автомобилларга хизмат кўрсатиш устахонаси, 2 та сантехника савдо дўкони, 3 та гўзаллик салони, 2 та эркаклар сартарошхонаси, 1 та гилам тикиш цехи, 1 та сувни филтрлаш цехи ва бошқалар шулар жумласидан. Жами 37 та тадбиркорлик субъектидан 8 таси корхона, 29 таси ЯТТ.
– Бирор эҳтиёжманд оилани ёки ёш тадбиркорни қўллаб-қувватлаб, улар ҳаётида аниқ ўзгариш қилган ҳолатни эслаб ўтинг.
– Мисол тариқасида, Истам Тўхтаев хонадонининг оилавий шароити қийин аҳволда эди. Оилада 5 нафар фуқаро истиқомат қилади. Уларнинг асосий даромадлари хонадонларда кунлик ишлаб пул топиш эди. Ойлик ишлаб топган даромади 2 млн сўм атрофида бўлган. Ўртача ҳисобда жон бошига 400 мингдан тўғри келарди. Оила бошлиғи Тўхтаев Илҳом акани туман ўрмон хўжалигига ишга жойлаштирдик, ойлик иш ҳақи 2 млн сўмни ташкил қилди. Оиладаги фарзанд Истам Тўхтаевнинг ногиронлиги бор, лекин ишлаш имконияти мавжудлигини инобатга олиб, унга 15 млн сўмга электр “Муравей” олиб бердик. Истам ҳозирда кунига ўртача 100-150 минг, ойига эса 3 млн сўм даромад топмоқда. Оиладаги аёлларга чорва моллари олиб бериб, уларнинг бандлигини таъминладик. Ҳозирги кунда оиланинг ўртача даромади 5-5.5 млн сўмга етиб, жон бошига 1-1.1 млн сўмни ташкил этди. Оила камбағалликдан чиқишни уддалай олди. Бу борада фуқароларнинг ҳам хоҳиш-истаклари муҳим роль ўйнайди. Бошқа бир мисол. Бир неча йиллардан бери оиласи бағридан узоқда – мусофир юртда юрган маҳалладошимиз Муҳиддин Шукуров ҳам оиласи бағрига қайтарилди, унинг қизиқиши ва касбини инобатга олиб, имтиёзли кредит ажратилди ва маҳаллада умумий овқатланиш шохобчаси очиб берилди. Бугун улар оилавий меҳнат қилмоқдалар.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатидаги тажрибангизга таянган ҳолда, сизнинг фикрингизча, маҳаллангизда камбағаллик ҳолатларини келтириб чиқарувчи асосий сабаб ва омиллар нимада? Сизнингча, ҳудудингиз аҳолиси ўртасида камбағаллик даражасини янада самарали камайтириш учун қўшимча нима ишлар қилиш керак?
– 2022 йил Мирзақалъа МФЙга ишга келган вақтимда аҳолининг камбағаллик даражаси қарийб 40 фоизга яқин, яъни 38.5 фоизни ташкил қиларди. Улар билан бирма-бир суҳбатлашиб, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиб чиқдик. Биринчи навбатда, маҳалланинг жойлашуви шаҳар марказидан узоқлиги, ишлаш учун иш ва имконият йўқлиги, аҳолининг катта қисми боқимондаликка ўрганиб қолганлиги қайсидир жиҳатдан давлат уларга доим ёрдам бериши керак, деган дунёқарашни пайдо қилган эди. Йиллар давомида биргаликда ҳамфикр бўлиб, бамаслаҳат ишлаб, ҳудудда янги иш ўринларини яратиш орқали уларнинг ҳам дунёқараши ва фикрлашини ўзгартириб бордик. 2025 йилнинг 1 сентябр ҳолатига кўра, камбағаллик даражаси 6.1 фоизни ташкил қилмоқда. Бир нарсани таъкидлаб ўтишим керак, камбағал хонадонга фақат кредит бериш орқали уни камбағалликдан чиқариб бўлмайди. Менимча, ҳудуддаги тадбиркорликка мойил, бизнес қилиш қўлидан келадиган қатламни аниқлаб, зарур бўлса, уларга катта кредитлар ажратиб, янги иш ўринлари яратишга кўмаклашсак ва шу ўринларга камбағал оила аъзоларини ишга жойлаштирсак, уларни камбағалликдан чиқаришга эришиш мумкин.
– Одамлар сизни кўпроқ қайси муаммолар бўйича излашади? Мисол келтира оласизми?
– Маҳалладаги ҳоким ёрдамчисини ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаролар барча муаммоларда излашади, десам муболаға бўлмайди. Чунки фуқаролар ҳоким ёрдамчисига ҳокимнинг маҳалладаги вакили сифатида қарашади ва барча йўналишларда мурожаат билан келишади. Шундай вақтларда биз ҳам уларни босиқлик билан тинглаб, тегишлилиги бўйича маҳалланинг қайси ходимига тааллуқли бўлса, мурожаатни ўша ходимга йўналтирамиз. Шу орқали фуқарони қийнаб келган муаммоларни биргаликда ҳал қилиш чораларини кўрамиз. Агар муаммо туман даражасида бўлса, албатта, туман ҳокимлигига етказамиз.
– Ишсизликни қисқартиришда қандай инновацион ёндашувлар самара берди?
– Ишсизликни қисқартириш бўйича ҳам ўзига хос тажрибамиз бор. Масалан, Тошкент шаҳрида тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган бир нечта маҳалладошимиз мавжуд бўлиб, улар билан доимий мулоқотдамиз. Қолаверса, пойтахтга бориб, улар билан бевосита суҳбатлашган ҳолда, маҳаллада уларнинг Тошкент шаҳридаги ишлаб чиқариш корхоналарининг филиалини очишга келишдик. Ҳозирга қадар 2 та шундай ижобий ишни амалга оширдик ва бу орқали 40 га яқин янги иш ўрни яратилди.
– Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича маҳаллангизда қандай чора-тадбирлар ва инновацион усуллар қўлланди? Маҳалладаги муваффақиятли тадбиркорлик ташаббусларига мисоллар келтирсангиз.
– Маҳалла марказида 10 дан ортиқ тадбиркорликни ўз ичига олган микромарказ қуриш ишлари тугалланай деб қолди. Ушбу 10 дан ортиқ тадбиркорлик субъектида 30 га яқин янги иш ўрни яратилади. Бу жой аҳоли маданий ҳордиқ чиқарадиган, айланиб дам олиб кетадиган ажойиб маскан бўлади. Кейинги йилларда маҳалла ихтисослашувига қўшимча равишда аҳолига хизмат кўрсатиш йўналиши ҳам қўшилиб бормоқда. Тадбиркорликнинг инновацион усулига тўхталадиган бўлсак, ҳозирги кунда қўшни маҳаллалар ҳам ўрганилиб, уларнинг эҳтиёжи ва истеъмолига қараб яқин ҳудудларда керакли, аммо у ерда мавжуд бўлмаган тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш йўналишларини йўлга қўйиш ишлари олиб борилди. Чунки тадбиркорни биринчи навбатда чиқарган товарини сотиш ўйлантиради, шунинг учун яқин ҳудудлардаги талабни билиш орқали тадбиркорлик қилиш, менимча, яхши тажриба бўлади. Бунга Акфа ромлари цехи, мебель цехи, нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда гилам тўқиш цехларини мисол қилиб келтириш мумкин.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида амалий тажрибангиздан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича қандай таклифлар бера оласиз? Ҳоким ёрдамчиси сифатида сизга қандай ёрдам керак?
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 октябрдаги ПҚ-347-сонли қарори 8-бандига асосан, Республика бўйича ўзининг ижобий тажрибасига эга, лидерлик салоҳияти бор, юқори натижалар кўрсатган ҳоким ёрдамчиларидан иборат 50 нафар лойиҳа менежерлари танлаб олинди. Ушбу менежерлар республиканинг 71 та қизил тоифадаги туманига 6 ой мобайнида хизмат сафарига юборилди. Улар орасида мен ҳам бор эдим. 2025 йил 17 февральдан Сирдарё вилояти Ховос туманига бириктирилдим. 6 ой мобайнида ушбу ҳудудда 50 га яқин лойиҳани амалга ошириб, 200 га яқин янги иш ўрнини яратдим. 100 дан ортиқ хонадонни камбағалликдан чиқариш чораларини кўрдим. Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада такомиллаштириш учун биринчи навбатда туманлар ўртасида ҳоким ёрдамчилари орасидаги алоқаларни яхшилаш ва лойиҳалар борасида фикр алмашишни йўлга қўйишни таклиф қиламан. Онлайн платформада тадбиркорлик учун савдога чиқариш бўйича ҳоким ёрдамчиси таклифи графасини очилса ва ушбу жараённи бевосита кузатиб туриш имкони яратиб берилса мақсадга мувофиқ бўларди. Ссуда олиш жараёнида камбағал хонадонларга чорва молини ссудага бериш тартибини ишлаб чиқиш зарур, ҳозир бу амалиётда йўқ. Имтиёзли кредит олиб, тўловни ўз вақтида амалга оширганларга имтиёз сифатида квитанцияда кўрсатилган суммадан кешбек ажратиб бериш ҳам аҳолининг тадбиркорликка қизиқишини ошириши мумкин.
– Агар сизда бюджет, вақт ва ресурслар бўйича ҳеч қандай чеклов бўлмаса, маҳаллангизда қайси лойиҳани амалга оширган бўлардингиз?
– Маҳаллада чорвачилик билан шуғулланиш имкони бор. Бунинг учун томорқаларда чорвачилик учун зарур озуқа маҳсулотларини етиштириб, соғин сигирлар олиб бериб, уларни боқиш ва соғиб олинган сут маҳсулотларини мини сепаратор ёрдамида қайта ишлаган ҳолда бозорда сотиш чораларини кўрардим.
– 2025 йилда ўз олдингизга маҳаллангизни ривожлантириш бўйича қандай янги мақсад ва режалар қўйгансиз? Сиз ишлаётган маҳалла 5 йилдан кейин қандай бўлишига ишонасиз?
– 2025 йил бир қатор лойиҳаларни амалга оширишни режа қилиб қўйганмиз. Жумладан, йил якунига қадар Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган 2 та тадбиркорнинг кичик корхонаси филиалини ишга тушириш (1 та озиқ-овқат маҳсулотлари ва уксус ишлаб чиқариш цехи) ва 1 та 20 ўринли тикув цехини ишга туширишни режа қилганмиз. Беш йилдан кейин маҳалла ҳудудида ишсизлик батамом бўлмайди, камбағаллик даражаси ҳам 2 фоиздан пастга тушади.
– Бу тизимдаги иш тажрибасидан сўнг, ўзингизни келажакда қаерда тасаввур қиласиз? Сизнинг шахсий ривожланишингиз учун маҳаллада ишлаш қандай фойда берди?
– Мен маҳаллада аҳоли билан ишлашда катта тажриба орттирдим десам, муболаға бўлмайди. Бу билан тўхтаб қолиш ниятим йўқ, ҳали ўқиб изланадиган жиҳатларим жуда кўп. Келажакда ўз устимда ишлаган ҳолда тўплаган тажриба ва кўникмаларимни давлатимизнинг равнақи ва ривожи йўлида ишлатиб, самарали меҳнат қилиш ниятим бор. Бош мақсадим – ватанимга янада яхшироқ хизмат қилиб, аҳоли розилиги ва дуосини олиш!
Жамолиддин Турдимов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
"Иқтисодий шарҳ" журнали №9/2025
Изоҳ қолдириш