Мулоқот контекстида қабул қилинган қарорлар

Мулоқот контекстида қабул қилинган қарорлар

Президентнинг тадбиркорлар билан учрашувида

20 август куни Янги Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Мазкур учрашув ҳисоб бўйича бешинчиси бўлди. Илк очиқ мулоқотдан буён тадбиркорлар томонидан таклиф этилган мингга яқин ташаббус қонун ҳужжатларига киритилди.

Мулоқотдан олдинги сўнгги ҳафталарда унга тайёргарлик давомида тадбиркорликни бизнеснинг асосий йўналишлари – мева-сабзавотчилик, тўқимачилик саноати ва якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. 26 та соҳанинг 7 мингга яқин бизнес вакили билан учрашувлар ўтказилди, мулоқотга тайёргарлик кўриш “колл-марказ”ига эса 13 мингдан зиёд мурожаат ва таклиф келиб тушди.

Ушбу ишларнинг ҳамда олдинги ўтказилган мониторинг ва тадбиркорлик ривожига тўсқинлик қилаётган муаммоларни аниқланишнинг натижаси аввалги мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан тилга олинган, Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган янги ечимларнинг ишлаб чиқилиши бўлди.

Якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилганлар учун ҳуқуқий режим. Якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун махсус ҳуқуқий режим жорий этилмоқда. Йиллик айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган барча тадбиркорлар келгуси йил 1 январдан бошлаб айланманинг 1 фоизи миқдорида бир хил солиқ тўлашга ўтказилади. 1 ноябрдан бошлаб тадбиркорлар учун барча мобил тўлов иловалари орқали ҳисоб-китоб қилиш имконини берадиган универсал “QR-код” берилади.

Бундай тадбиркорлар учун рўйхатдан ўтишдан тортиб, ҳисобот топширишгача бўлган барча хизматларни жамлаган рақамли платформалар яратилади. Бунда тадбиркорлар керакли ҳужжатларни масофавий биометрия ва “СМС-хабарнома” орқали электрон калитсиз имзолаши мумкин. Ишчиларга электрон ҳамён орқали “кунбай”, “соатбай” маош тўлаш имконияти яратилади. Яратилаётган шароитлар орқали якка тартибдаги тадбиркорлар ҳисобида йилига 1 трлн сўм маблағ қолади.

Тармоқларнинг экспорт салоҳиятини ошириш. 200 дан зиёд тўқимачилик корхонаси вакиллари иштирокида ўтказилган учрашувда мазкур соҳани қўллаб-қувватлаш бўйича 7 трлн сўмлик ташаббуслар эълон қилинди. Тўқимачилик тармоғида “ишончли экспортчи” дастури ишга туширилиб, экспортолди молиялаш тизими йўлга қўйилади, бунинг учун 200 млн доллар йўналтирилади.

Электротехника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати, фармацевтика соҳаларида ҳам шундай дастурлар амалга оширилиб, экспортолди молиялаш тизими йўлга қўйилади. Бу тармоқлардаги тадбиркорларнинг айланма маблағи учун 500 млн доллар ажратилади. Ҳар бир тармоқнинг рақобатбардош 10 тадан маҳсулотига “Ўзбекистон рамзи” сифат белгиси берилади.

Ўз ишини кенгайтириш ҳамда корхоналарини пойтахтимиз ва вилоят марказларидан туманларга кўчириш ниятида бўлган тадбиркорларга 10 млрд сўмгача кредит берилади. Бошқа тармоқлардаги тадбиркорлар ҳам шундай ташаббус билан чиқса, улар ҳам қўллаб-қувватланади.

2028 йил 1 январгача аралаш мато ва газлама каби маҳсулотлар божхона божидан озод этилади. Тариф сиёсати орқали ишлаб чиқаришни рағбатлантириш мақсадида давлат улуши бўлмаган корхоналарга экспортда муддати ўтган қарздорлик учун жарима ҳисоблаш ва ундиришга бир йиллик “мораторий” жорий этилади.

Жорий йилда ҳудудларда саноат инфратузилмасини яхшилашга 1,7 трлн сўм ажратилди. Келгуси йили бу харажатлар 25 фоизга оширилиб, 2,1 трлн сўмга етказилади. Бундан ташқари, электр тармоқлари ишини яхшилаш учун яна 2 трлн сўм йўналтирилади.

Туризмни ривожлантириш бўйича янги дастур амалга оширилади. Келгуси уч йилда меҳмонхона ва туризм масканларини ташкил қилиш учун жами 5 минг гектар ер аукционга чиқарилади. Меҳмонхона қураётган тадбиркорлардан ерларни сотиб олиш учун тўлов ундирилмайди. Бу сумма эвазига давлат лойиҳага улушдор сифатида киради, тадбиркорлар эса унинг улушини 10 йил ичида қайта сотиб олиши мумкин бўлади. Агар тадбиркор зудлик билан ер қийматини тўламоқчи бўлса, унга 20 фоизлик чегирма берилади.

Меҳмонхона қуриш учун 7 йил муддатга, жумладан, 2 йиллик имтиёзли давр билан имтиёзли кредит ажратилади. Вилоят марказлари ва туризмга ихтисослашган 36 туманда унинг миқдори 30 млрд сўмгача, бошқа ҳудудларда эса 10 млрд сўмгача бўлади. Келгуси йилдан бизнеснинг қўшимча майдонларга бўлган эҳтиёжини қондириш учун давлат активлари беш йилга ижарага берилади.

Йирик туризм марказлари сони кўпайтирилади. Чортоқнинг “Қорабоғ” маҳалласи, Фарғона вилоятидаги Чимён, Бойсун туманидаги Омонхона, Нуробод туманидаги Нурбулоқ шаҳарчасида йилига 12 ой хизмат кўрсатадиган йирик курорт зоналари ташкил этилади. Уларнинг инфратузилмаси учун 150 млн доллар ажратилади.

Хизмат кўрсатиш учун туристик йиғим фақат Тошкент шаҳри, вилоятлар маркази ва йирик сайёҳлик ҳудудларида тўланиб, республиканинг бошқа ҳеч бир жойида тўланмайди. Оилавий меҳмон уйлари туристларни қабул қилиши бўйича кунлик рухсат этилган меъёр (10 кишидан кўп бўлмаган) 2 каррага кўпайтирилади.

Таълим соҳасида хусусий сектор. Боғчалар қамрови 70-80 фоиздан паст бўлган 80 та туманда боғча ва мактабларнинг бўш ерларида хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассасалари қуришга рухсат этилади. Бунда тадбиркорлардан ер учун ижара ҳақи 30 йил давомида ундирилмайди, уларга давлат боғчаларида ҳар бир болага кўзда тутилган харажатнинг ярми субсидия қилиб берилади.

Ушбу туманлардаги бошқа жойларда боғча ташкил этиш истагини билдирган тадбиркорларга 7 йил муддатга 5 млрд сўмгача 18 фоизли имтиёзли кредит ажратилади, фаолиятини ўзгартирмаслик шарти билан ер майдонлари текинга берилади. Уларга ижтимоий солиқ 1 фоиз миқдорида белгиланиб, тарбиячиларнинг маошини тўлаш харажатлари уч йилгача қоплаб берилади.

Тиббиётда хусусий сектор. Чегара ҳудудларида клиника, реабилитация маркази, меҳмонхона ва лабораторияларни ўз ичига олган тиббиёт кластерлари ташкил этилади. Уларни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун 200 млн долларлик имтиёзли кредит линияси очилади. Бунда тиббиёт кластерларини барпо этган тадбиркорларга 7 йил муддатга, 3 йил имтиёзли давр билан 17 фоизли арзон кредитлар берилади.

Тадбиркорлар учун молиявий хизматлар. Лойиҳага соддалаштирилган тартибда маблағ жалб қилиш бўйича инвестиция платформаси ишга туширилади. Корхоналар ўз лойиҳаларини ушбу платформага жойлаштиради, салоҳиятли инвесторлар эса исталган лойиҳани танлаб, сармоя киритиши мумкин бўлади. Энг муҳими, инвестор таъсисчи эмас, улушдор сифатида даромадга шерик бўлади ва киритган маблағи кафолатли ҳимоя қилинади. Тадбиркорлар ушбу янги тизим орқали йилига қўшимча 1 млрд доллар маблағ жалб қилиш имкониятига эга бўлади.

Стартапларни қўллаб-қувватлаш. Ёшларнинг 1000 та стартап ғояси тижоратлаштирилади, шундан 200 таси халқаро бозорга олиб чиқилади. Жорий йилдан бошлаб “Ёш тадбиркорлар” чемпионати ўтказилади ва бунинг учун энг яхши 100 та ғоя танлаб олинади. Ҳар бир стартап учун 1 млрд сўмгача инвестиция киритилади.

Шунингдек, финтех-стартаплар сонини кўпайтириш бўйича беш йиллик стратегия қабул қилинади. Бунда рақамли молиявий хизматларни ривожлантириш учун банклар, финтех компаниялар ва стартаплар ўртасида кўприк бўладиган янги “опен банкинг” экотизими жорий қилинади. Буларнинг ҳисобидан яқин йилларда стартап лойиҳаларга йўналтирилган инвестициялар ҳажми ҳозиргига нисбатан 10 карра ортади.

Тадбиркорларни банклар томонидан молиялаштириш. Бу йил Ўзбекистон банклари тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун 6 млрд доллар жалб этмоқда, келгуси йили эса кичик ва ўрта бизнесни мақсадли қўллаб-қувватлаш учун қулай шартларда 1 млрд доллар маблағ жалб қилишни режалаштирган. Умуман, банклар келгуси икки йилда бу соҳага 250 трлн сўм йўналтирилади.

Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси банклар орқали 10 млрд сўмгача имтиёзли кредит беради. Ишлаб чиқариш, сервис ва яшил иқтисодиёт соҳасидаги лойиҳалар учун 500 млн сўмгача тижорат кредитлари компания томонидан қайта молиялаштирилади. Натижада ҳар йили 100 мингдан зиёд тадбиркорлар оладиган кредит фоизи 6 фоизгача пасаяди. Йирик тадбиркорлар ҳам компаниядан 10 млрд сўмгача кафиллик олиши мумкин бўлади. Энди тўлов қобилиятини баҳолашда скоринг доирасида солиқ ва коммунал тўлов интизоми, расмий айланмаси ва экспорт операциялари каби маълумотлар ҳам инобатга олинади.

Солиқ маъмурчилиги. Энди фойда солиғи бўйича аванс тўловларини амалга ошириш тартиби фақатгина йилига 20 млрд сўмдан юқори (аввалги 10 млрд сўм ўрнига) айланма қиладиган корхоналар учун амал қилади, бунинг натижасида 14 мингга яқин тадбиркор ўз бизнеси ихтиёрида қўшимча 1 триллион сўмлик айланма маблағини қолдириши мумкин. Ягона солиқдан ҚҚСга ўтадиган корхоналар бир йил давомида фойда солиғи тўлашдан озод қилинади. Бундан ташқари, бухгалтерлар маошининг 5 млн сўмгача бўлган қисми олти ойгача ушбу компанияларнинг солиқ тўловларидан чегириб қолинади.

Келгуси йилдан тадбиркорлар ер, мол-мулк, ижтимоий ва даромад солиқлари бўйича мустақил ҳисоботларни шакллантириш мажбуриятидан озод этилади. Ушбу ҳисоботларни солиқ органларининг ўзи мустақил равишда ва бепул тузадилар. 1 ноябрдан тақдим этилмаган ёки кечиктирилган солиқ ҳисоботлари нечта бўлишидан қатъи назар, ягона жарима қўллайдиган тизим жорий этилади. Бунда кичик бизнес учун жарималар миқдори 3 карра камайтирилади.

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш. Инвестициявий муносабатларни тартибга солувчи, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ва уларга шароитлар яратиб берувчи ҳужжатлар ягона ҳуқуқий ҳужжат – Инвестиция кодексида бирлаштирилади. Халқаро тажриба асосида, “астрент” тизими жорий этилади, унга кўра кечиктирилган ҳар бир кун учун қарздор ҳисобидан пеня ундириш суд қарорида аниқ белгилаб қўйилади.

Давлат органлари ва табиий монополия субъектлари билан шартнома тузишда тадбиркорлар ҳуқуқларини тенг ҳимоя қилишнинг янги механизми жорий этилади. Бунда барча намунавий шартномалар лойиҳалари Бизнес омбудсман, Адлия вазирлиги ва Рақобатни ривожлантириш қўмитаси томонидан мажбурий экспертизадан ўтказилади.

Тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишни соддалаштириш. Сўнгги йилларда бизнес учун 120 турдаги ҳужжатни талаб қилиш бекор қилинди, яна шунча лицензиялар соддалаштирилди ва рақамлаштирилди. Келгуси йилдан яна 10 турдаги лицензия ва рухсатнома, шу жумладан, санитария-эпидемиология, ветеринария ва карантин назоратидаги маҳсулотларнинг 32 тоифаси бўйича мувофиқлик сертификатини олиш талаби бекор қилинади. Мажбурий сертификатланадиган маҳсулотлар рўйхати 459 та номланишга қисқартирилди, яқин келажакда эса яна 288 тага камайтирилади.

Маҳсулотлар хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш билан боғлиқ миллий инфратузилма халқаро стандартларга мослаштирилади. Сертификация ўрнига мувофиқликни декларациялаш амалиёти кенг жорий этилади. Техник жиҳатдан тартибга солиш тизими бутунлай трансформация қилинади, шунингдек, жаҳоннинг етакчи лабораторияларининг Ўзбекистонда ишлаши учун шароитлар яратилади.

Энди тадбиркорлар идорама-идора сарсон бўлмайди, барча ҳужжатларни “ягона дарча” тамойили асосида бир жойдан олиш мумкин. Бу ички бозорни сифатли товарлар билан таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг жаҳон бозорига чиқиш имкониятларини оширади. Натижада, зарур процедуралар учун талаб қилинадиган муддат ҳозирги бир ҳафтадан 15 дақиқага қисқаради. Келгуси йилдан “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили асосида тадбиркорлик фаолиятини тўлақонли йўлга қўйиш мумкин бўлади.

Анъанага кўра, бизнесни ривожлантиришдаги ютуқлар учун тантанали тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Жорий йилда энг илғор тадбиркорлардан 49 нафари давлат мукофоти, 112 нафари “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланди. Улар орасида ўз билими билан бизнес ривожига катта ҳисса қўшаётган олимлар ҳам бор.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар