Пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 4 039,2 минг нафарга етди

Пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 4 039,2 минг нафарга етди

Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчилар сони 4 миллиондан ошди, болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи оилалар сони 1,5 миллиондан кўпроқ. Бу ҳақда АОКАда Пенсия жамғармаси мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Бугунги кунда Пенсия жамғармаси томонидан ҳар ойда 4 млн. нафардан ортиқ пенсия ва нафақа олувчилар ҳамда 1,5 млн. нафардан ортиқ кам таъминланган оилаларга ёки 6,4 млн. нафар фуқарога болалар нафақаси ва моддий ёрдам таъминоти амалга оширилмоқда. Яъни, Жамғарма томонидан республика аҳолисининг 29 фоизига ҳар ойда хизмат кўрсатиб келинмоқда.

Пенсия жамғармаси томонидан 2021 йилда 391,9 минг нафар фуқарога пенсия ва нафақалар тайинланди (шундан, 314,5 минг нафарига пенсия ва 77,4 минг нафарига нафақа) ҳамда 2022 йил 1 январ ҳолатига пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 4 039,2 минг нафарга етди (шундан, 3 588,4 минг нафари пенсия ва 450,8 минг нафари нафақа олувчилар).

Жамғарманинг 2021 йилги даромадлари прогноз кўрсаткичлари 26 569,0 млрд.сўм ёки 105,0% га бажарилди.

2021 йилда пенсия тўловлари учун 36 621,3 млрд. сўм ҳамда нафақа ва компенсация тўловлари 4 199,7 млрд. сўм ажратилди. Ҳар ойда пенсия ва нафақа тўловлари учун талаб этилган маблағлар белгиланган муддатларда молиялаштирилиши ҳамда тўланиши таъминланди. Тўловларни ўз вақтида амалга ошириш мақсадида давлат бюджетидан 10 744,2 млрд.сўм трансферт ажратилди.

2021 йилнинг декабрь ойида пенсияларнинг ўртача миқдори 922,9 минг сўмни ташкил қилиб, йил бошига нисбатан 111,0 минг сўмга ёки 14 фоизга кўпайган. Нафақаларнинг бир ойлик ўртача миқдори 576,9 минг сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 115,1 минг сўмга ёки 25 фоизга кўпайди.

Пенсия ва нафақа олувчиларга ҳисобланган пенсия (нафақа) тўғрисидаги маълумотларни телеграм ижтимоий тармоғи орқали билиш учун “pensiyabotuz” боти амалиётга жорий этилди.

Натижада, Пенсия жамғармаси томонидан 2021 йил давомида 2,2 млн. нафар фуқароларга интерактив ва масофадан хизматлар кўрсатилди. Бу айниқса, пандемия шароитида фуқароларга қулайлик яратди.

Пандемия даврида фуқароларни қўшимча қўллаб-қувватлаш мақсадида:

- 2021 йил 1 февраль ҳолатига 4,9 минг нафар фуқаронинг пенсия ва нафақа ишларидан аниқланган ортиқча тўлов суммасининг жами 12 млрд. сўмлик қарздорлик суммалари ҳисобдан чиқарилди;

- 2021 йил август ойида 280,8 минг боқувчисини йўқотган ва ногирон фарзанди бор оилаларга бир марталик (500 минг сўмдан) моддий ёрдам тўланиб, Жамғарма ҳисобидан 181,1 млрд. сўм маблағ ажратилди;

- 2021 йил декабр ойида 283,9 минг боқувчисини йўқотган ва ногирон фарзанди бор оилаларга бир марталик (800 минг сўмдан) моддий ёрдам тўланиб, Республика бюджети ҳисобидан 221,4 млрд. сўм маблағ ажратилди.

2022 йилдаги асосий вазифалар:

Эришилган натижалар билан биргаликда тизимда бир қатор камчилик ва муаммолар мавжуд. Буни 2021 йилда Пенсия жамғармасига келган 237 мингдан ортиқ фуқароларнинг мурожаатларидан билиш мумкин.

Ушбу мурожаатлар таҳлили ва таклифларга мувофиқ Жамғарма 2022 йилда ўз олдига қуйидаги вазифаларни белгилаб олган.

1. 2022 йил март ойидан бошлаб “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оилани аниқлашда минимал истеъмол харажатларидан фойдаланишни жорий этиш.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-58-сон Фармонига мувофиқ, 2022 йил 1 мартдан бошлаб:

- ишламайдиган ва пенсия олмайдиган Афғонистондаги урушда ўз байналмилал бурчларини бажарганларга уй-жой коммунал тўловлари учун компенсация тўловини жорий этиш;

- ёши 100 га тўлган ва ундан ошган ижтимоий нафақа олувчи шахслар учун ҳар ойда – пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 100 фоизи миқдорида қўшимча тўлов тўлаш.

3. “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойили асосида давлат хизматлари қамрови ва тезкорлигини ошириш, уларнинг кўрсатилишида аҳолининг барча қатламлари манфаатларини инобатга олинишини таъминлаш мақсадида:

- 2022 йил 1 июлдан бошлаб пенсияларни биргина паспорт асосида тайинлаш тизимини йўлга қўйиш;

- 2022 йил 1 октябрдан бошлаб болаликдан ногиронлиги бўлган болаларга нафақаларни ариза талаб этилмаган ҳолда "проактив" тарзда тайинлаш хизматини амалиётини йўлга қўйиш.

4.“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими томонидан ижтимоий нафақаларни тайинлаш тўғрисидаги аризаларни электрон кўринишда онлайн режимида қабул қилиш тизимини йўлга қўйиш.

5. Пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган ойлик иш ҳақининг максимал чегарасини базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробаридан 12 баробарга ошириш бўйича Қонун лойиҳасини Олий Мажлисга киритиш.

6. Пенсия қонунчилигининг моҳияти ҳамда тизимдаги ўзгаришлар ҳақида фуқаролар ўртасида тарғибот ва тушунтириш ишларини фаол давом эттириш, жойларда сайёр учрашувлар ўтказиш ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиш ишларини ташкил этиш ишларини давом эттириш.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар