1 январдан пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақи максимал миқдори оширилади

1 январдан пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақи максимал миқдори оширилади

Сенат навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган масалалардан бири “Фуқаролар давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун бўлди.

Қонун билан 2023 йил 1 январидан пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақи максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдори 10 баробаридан 12 баробарига ошириш назарда тутиляпти.

Сенаторлар қайд этишича, киритилаётган ўзгартишга мувофиқ, 2023 йил 1 январдан бошлаб фуқароларга пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун инобатга олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи пенсияни ҳисоблаш базавий миқдори 12 бараваридан ортиқ бўлмаган, яъни 3 888 000 сўм миқдоридаги ўртача ойлик иш ҳақидан ҳисобга олиш белгиланмоқда.

Натижада, 352 минг нафар фуқаро пенсия миқдори қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ўртача ойлик пенсия миқдори 400 минг сўмгача ошади. Шулардан, 304 минг нафари ёшга доир пенсия олувчилар, 25,2 минг нафари ногиронлиги бўлган шахслар ва 23 минг нафари боқувчисини йўқотган шахслардир.

Қонунга мувофиқ кўзда тутилган тадбирларни амалга оширишда Пенсия жамғармасидан қўшимча равишда 1,5 триллион сўмдан ортиқ миқдордаги маблағлар талаб этилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар