Вилоятда 4615,4 млрд сўмлик (2020 йилга нисбатан 98,0%) истеъмол товарлари ишлаб чиқарилган бўлиб, республикадаги улуши 3,0% (2020 йилда 3,8%)ни ташкил қилган ҳолда ҳудудлар орасида 9-ўрин (2020 йилда 9-ўрин)ни эгаллаган.
2021 йилда вилоятда ишлаб чиқарилган истеъмол моллари таркибида озиқ-овқат маҳсулотларининг улуши - 59,7%, ноозиқ-овқат маҳсулотлари - 38,0%, алкоголли маҳсулотлар - 2,3%ни ташкил қилган. Шуни таъкидлаш лозимки, вилоятда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2020 йилга нисбатан - 1,9%, ноозиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш -1,3%, алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш -13,5% га камайган.
Вилоят ҳудудлари кесимида 2021 йилда ишлаб чиқарилган истеъмол моллари ҳажми 2020 йилга нисбатан Шаҳрисабз (107,3%), Деҳқонобод (106,0%), Чироқчи (103,3%), Ғузор (103,0%), Миришкор (102,5%), Касби (102,4%), Қарши шаҳри (102,4%), Қамаши (102,1%), Шаҳрисабз шаҳри (102,1%), Китоб (101,8%), Нишон (101,1%), Қарши (100,7%), Яккабоғ (100,3%) туманларида ошган бўлса, Косон (97,9%) ва Муборак (97,5%) туманларида пасайиш тенденцияси кузатилган.
Қарши шаҳри (вилоятдаги улуши 23,3%), Чироқчи (12,9%), Шаҳрисабз (10,3%) туманларининг вилоят истеъмол моллари ишлаб чиқаришдаги улуши юқори бўлган бўлса, Миришкор (3,0%), Деҳқонобод (2,3%), Касби (2,2%) ва Муборак (1,7%) туманларининг улуши паст бўлган.
Жон бошига тўғри келадиган истеъмол моллари ишлаб чиқариш ҳажми вилоят бўйича 1368,8 минг сўмни (Республика кўрсаткичидан 3,1 баробар паст, ҳудудлар орасида 13-ўрин) ташкил қилган ҳолда 2020 йилга нисбатан 3,9 фоизга камайган. Шуни таъкидлаш лозимки, вилоятнинг бирорта ҳудуди кўрсаткичи республика ўртача кўрсаткичидан юқори бўлмаган.
Қарши (2,8 баробар) ва Шаҳрисабз (1,6 баробар) шаҳарлари, Шаҳрисабз (1,5 баробар), Чироқчи (102,0%) туманларида жон бошига тўғри келувчи истеъмол моллари ҳажми вилоят кўрсаткичидан юқори бўлган бўлса, Яккабоғ (97,7%), Нишон (89,6%), Косон (88,6%), Миришкор (83,0%), Китоб (73,8%), Муборак (65,6%), Ғузор (34,1%), Қарши (54,4%), Деҳқонобод (2 баробар), Қамаши (2,1 баробар) ва Касби (2,8 баробар) туманларининг кўрсаткичи вилоят кўрсаткичига нисбатан паст бўлган.
2-расм. Туман (шаҳар)ларда жон бошига тўғри келадиган истеъмол моллари ҳажми
Туман (шаҳар)ларда жон бошига тўғри келувчи истеъмол моллари ишлаб чиқариш ҳажми бўйича юқори ўсиш суръатларининг таъминланмагани, айрим туманларда 2020 йилга нисбатан пасайиш ҳолати кузатилганлиги умумий ҳолатда вилоят кўрсаткичининг паст бўлишига сабаб бўлган. Жумладан, Яккабоғ (99,2%), Нишон (98,8%), Қарши (98,3%), Косон (95,7%) ва Муборак (95,4%) туманларида жон бошига тўғри келадиган истеъмол моллари ишлаб чиқариш ҳажми камайган.
Умумий ҳолатда, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг реал эҳтиёжи қондирилиши нуқтаи назаридан вилоятда истеъмол моллари ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳалар сонини кўпайтириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш бўйича тезкор чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши талаб этилади.
Анвар Қобилов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Қашқадарё филиали мудири
Изоҳ қолдириш