2020 йилда Ўзбекистон банк секторидаги ўзгаришлар

2020 йилда Ўзбекистон банк секторидаги ўзгаришлар

2020 йил 8 январь куни Ўзбекистон Банк-молия Академияси биносида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан «open space» форматида "2020 йилда Ўзбекистон банк секторидаги ўзгаришлар" мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази раҳбарияти, Марказий банк раҳбарияти, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги билан бир қаторда Ўзбекистон тижорат банклари раҳбарлари, Буюк келажак экспертлари, Pricewaterhouse Coopers халқаро компанияси, Олий Мажлис депутатлари, аудиторлар, солиқ маслаҳатчилари, шунингдек, тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, блоггерлар иштирокида банкларнинг молиявий тикланиши ва барқарорлиги масалалари муҳокама этилди.

Давра суҳбатини Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари – Марказ директори О. Ҳакимов очиб берди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази раҳбари ўз нутқида ўтган йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон банк тизимини ислоҳ қилиш масалалари муҳокама қилинган йиғилишни ёдга олди. Унда "Энди банклар ресурс жалб этиш бўйича "ўз аравасини ўзи тортиши" керак. Шундагина бозор шароитига мос, замонавий бошқарув тизимига эга молиявий институтга айлана олади", – деган эди давлатимиз раҳбари.

- Бугунги кунда банк секторининг асосий камчилиги шундаки, иқтисодиётдаги барча кредитларнинг 90 фоизи банкларга тўғри келади. Ушбу камчиликларни ўрганиб чиқиб, Ўзбекистондаги барча тижорат банклари 2020 йилда трансформация жараёнига тайёргарлик кўрмоқда. - деди О. Ҳакимов.

Бугунги кунда Ўзбекистон банк тизими юқори концентрацияси билан ажралиб туради: барча банк активларининг 86% ҳали давлатга, 70% эса 5 та давлат банклари (Миллий банк, Асака банк, Саноат қурилиш банк, Ипотека банк ва Агро банк) га қарашли. Шунингдек, кредитларга нисбатан давлат улуши бўлган банк омонатларининг улуши 31,5 фоизни ташкил этиши қайд этилди. Таққослаш учун, хусусий банкларда бу кўрсаткич 100% га тенг.

Марказий Банк ва Молия вазирлиги Жаҳон банки билан биргаликда банк секторини ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқмоқда. Бундан ташқари, Молия вазирлиги ҳузурида тижорат банкларини давлат иштирокида ислоҳ қилишни мувофиқлаштириш бошқармаси ташкил этилди. Ўзбекистондаги кўплаб тижорат банклари 2020 йилда трансформация жараёнидан ўтишлари тавсия этилади.

Тадбирда Халқ банк, Ҳамкор банк, Асака банк, Саноат қурилиш банк вакиллари иштирок этдилар. Хусусан, бизнесни ривожлантириш ва мижозларга қулайликлар яратиш бўйича фикрлар билдирилди. Бундан ташқари тадбирда кредитлар портфелининг фаол ўсиши билан бизнесни олиб боришда ёндашувлар ўртасидаги фарқ, мижозларга юқори даражадаги хизмат кўрсатишга тайёрлик, кредит бериш жараёнларини ўз-ўзидан автоматлаштириш даражаси, таваккалчилик технологиялари муҳокама қилинди.


Тижорат банкларининг инвестицион жозибадорлигини ошириш масалалари, шунингдек, ҳукумат томонидан мамлакат банк секторини модернизация қилиш бўйича қабул қилинган қарорлар муҳокама қилинди.

Банклар вакиллари тижорат самарадорлигини ошириш ўрта ва узоқ муддатли стратегияни шакллантириш учун активларни тақсимлашни оптималлаштириш механизмларини ўз ичига олган банк-молия секторини тизимли ўзгартириш бўйича концептуал таклифларни тақдим этдилар.

Шунингдек, «open space» форматида ташкил этилган давра суҳбатида экспертлар Ўзбекистон банк секторидаги ўзгаришлар бўйича ўз таклиф ва мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

Тадбир давомида банк қонунчилигидаги янгиликлар муҳокамаси бўлиб ўтди ва бозор иқтисодиётида амалий мисоллар ёрдамида атрофлича жавоблар берилди.

Инвестиция жозибадорлигини ошириш орқали хусусий секторнинг банк секторидаги иштирокини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

Тадбирда иштирок этган тадбиркорлар, экспертлар, аудиторлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блоггерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар хизмати

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар