Янги Ўзбекистоннинг янги имкониятлари: иқтисодий интеграциялашувнинг истиқболлари

Янги Ўзбекистоннинг янги имкониятлари: иқтисодий интеграциялашувнинг истиқболлари
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ўзининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимизнинг халқаро ва минтақавий иқтисодий ташкилотлардаги иштирокини кучайтиришнинг аҳамияти хусусида алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Жумладан, мамлакатимиз иқтисодиётининг жаҳон ишлаб чиқариш тизимига, дунё бозори талабларига ва иқтисодий интеграция жараёнларига ҳамоҳанг бўлиши маҳсулотлар сифатини ошириши, таннархини пасайтириши, ишлаб чиқарувчиларни янги технологияларни жорий этишга мажбур қилиши ва бозор ислоҳотларини жадал ривожлантиришга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, мамлакатимиздан ташқи савдога юкларни чиқаришда, тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш салмоғини оширишда ҳам интеграциялашувнинг аҳамияти катта эканлиги Мурожаатномада қайд этилди.

Таҳлиллар мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо мамлакатлар билан савдо-иқтисодий муносабатлари барқарор ўсиш хусусиятига эга эканлигини ва мазкур муносабатларнинг салмоғи интеграцион жараёнларнинг чуқурлашуви билан янада кучайишини кўрсатмоқда:

- кейинги икки йилнинг ўзида мамлакатимизнинг Иттифоққа аъзо давлатлар билан савдо айланмаси 52 фоизга ортган;

- ташқи савдога чиқадиган юкларимизнинг 80 фоизи Иттифоқ мамлакатлари ҳудудидаги транзит йўлаклари орқали ўтмоқда;

- интеграцияни кучайтириш орқали нотариф тўсиқларни бартараф этилиши – мамлакатимиз ЯИМнинг 1,5 фоизи миқдорида макроиқтисодий самара келтиради;

- мамлакатимизнинг Иттифоқ умумий электроэнергетик тизимига уланиши оқибатида ўзаро электроэнергия савдоси 2,5 баробарга, энергия ишлаб чиқариш қуввати 7 фоизга ортиб, энерготизим ва энерготаъминотнинг барқарорлиги ошади;

- Иттифоқ доирасида жорий этилаётган космос, медицина, экология, рақамли технологиялар, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги 130 дан ортиқ лойиҳаларда мамлакатимизнинг тўғридан-тўғри иштирокига имконият яратилади;

- мамлакатимизга йил давомида келаётган хорижий сайёҳларнинг 70 фоизини (3,7 млн. киши) ЕОИИга аъзо давлатларнинг фуқаролари ташкил этмоқда ва интеграциялашувнинг чуқурлашиши ортидан мазкур кўрсаткични баробарларга ошириш имконияти туғилади;

- ҳозирда ЕОИИга аъзо давлатларда 25 мингдан ортиқ мамлакатимиз талабалари таълим олаётган бўлса, интеграциялашувнинг кучайиши ортидан таълим ҳужжатларини тўғридан-тўғри тан олиниши натижасида, улар сонини бир неча баробарга орттириш, шунингдек илм-фан ва таълим йўналишларида ҳамкорликдаги қатор илмий-тадқиқот ва амалий лойиҳаларни амалга ошириш, қўшма илмий лабораториялар ва инновацион ишланмалар яратиш мумкин бўлади.

Қайд этилган ҳолатлар мамлакатимизнинг халқаро ва минтақавий иқтисодий ташкилотлардаги иштирокини кучайтириш масаласини атрофлича кенг муҳокама қилишни, мутахассислардан эса – таҳлилий ва комплекс баҳолаш натижалари асосида аниқ асосланган хулоса ва таклифлар тақдим этишларини талаб этмоқда.

О.О.Олимжонов

иқтисод фанлари доктори, профессор

А.О.Иминов

Маршалл номидаги Халқаро киберхавфсизлик мактаби битирувчиси (Германия)

Инфографика: Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасининг асосий йўналишлари

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар