Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё биргаликда минтақавий ҳамкорлик ва интеграцияни қўллаб-қувватлайди

Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё биргаликда минтақавий ҳамкорлик ва интеграцияни қўллаб-қувватлайди

Ташриф доирасида жорий йилнинг 20 февраль куни Европанинг Осиё тадқиқотлари институтида "Минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий интеграцияни фаоллаштириш контекстида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ҳамкорлигининг долзарб масалалари" мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Маълумот учун: Европанинг Осиё тадқиқотлари институти Брюсселда жойлашган етакчи илмий-тадқиқотлар марказидир. Ушбу ташкилотнинг тадқиқотлари Осиё ва Европа ўртасидаги алоқаларни ва ўзаро тушунишни ҳар томонлама мустаҳкамлаш йўлларини топишга қаратилган.

Тадбирда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси муҳокама қилинди ва 2019 йил май ойида расман қабул қилинган эди. Марказий Осиё мамлакатлари Европа мамлакатлари билан муносабатлари ва минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий интеграцияни фаоллаштириш нуқтаи назаридан янги стратегиянинг Ўзбекистон билан алоқаларга таъсири тўғрисида давра суҳбати давомида фикрлар алмашилди.

Айни пайтда, Европа Иттифоқи икки томонлама даражада барча Марказий Осиё давлатлари билан шериклик ва ҳамкорлик шартномалари бўйича амалдаги келишувларга эга. Хусусан, Ўзбекистон 1996 йилнинг июнь ойида Европа Иттифоқи билан шериклик ва ҳамкорлик шартномасини имзолаган (1999 йилнинг июлидан амал қилади), 2017 йилда эса ушбу шартномани янгилашни таклифи билан мурожаат қилди. Шу муносабат билан 2018 йил ноябрь ойида Европа Иттифоқи билан шериклик ва ҳамкорликни кенгайтириш бўйича янги битим тузиш бўйича музокаралар расман бошланди.

Учрашувда Европа Иттифоқи ўз лойиҳаларини 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси доирасида республикани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари билан боғлаш орқали, Ўзбекистонда ислоҳотларни амалга оширишга фаол ҳисса қўшаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон вакиллари Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янгиланган битимни имзолаш борасида амалга оширилган ҳамкорликдаги ишларга юқори баҳо беришди.

Тадбирда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёнинг минтақавий интеграция ва иқтисодий ҳамкорлигини мустаҳкамлашнинг долзарб вазифаларини муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Маълумот учун: Европа Иттифоқи ривожланаётган давлатларга товарларни Европа бозорига экспорти учун "Generalized System of Preferences" (GSP) – "Умумлаштирилган имтиёзлар тизими" товарларнинг номенклатураси бўйича қўлланиладиган имтиёзлар тизими (3000га яқин саноат товарлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бир қисмини қамраб олади. Шунингдек, GSP+ тизимида 6200 та товарлар тури ўрин олган).

Айни пайтда Ўзбекистон "Умумлаштирилган имтиёзлар тизими" (GSP) дан фойдаланмоқда. Унга кўра, 3000 га яқин товарлар божхона тўловисиз ва 3200 га яқин маҳсулотлар ЕИга арзон нархларда экспорт қилиниши мумкин. "Умумлаштирилган имтиёзлар плюс тизими" – GSP+ бўйича бир томонлама тариф имтиёзлар олинса, Европа бозорига 6200 дан ортиқ товар турларини божхона тўловларисиз экспорт қилиш имконияти яратилади.

Ушбу имтиёзларни беришда, ЕИ томонидан бир қатор омилларга асосланилади. Булар мамлакатда хавфсиз меҳнат шароитлари, меҳнат ҳуқуқлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ишлаб чиқариш жараёнини самарали бошқариш таъминланганлик даражасини ўз ичига олади. Давра суҳбати давомида мезбонларга Ўзбекистон Республикаси томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг барча халқаро конвенцияларини тўлиқ бажараётганлиги, иқтисодий муносабатлар либераллаштирилганлиги, иш берувчи ва ишчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши, ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш дастурлари бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, республика корхонларида ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш тўғрисида маълумот батафсил берилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори О.Хакимов томонидан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Минтақавий стратегияси асосида амал қилаётган мамлакатнинг очиқ ва конструктив сиёсати Марказий Осиёни дунёнинг бошқа ҳудудлари учун жозибадор минтақага айлантиришга хизмат қилаётганлиги таъкидланди. Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янгиланган стратегияси 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасининг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси билан ҳамоҳанглиги ҳам бунга қайд этилди.

Давра суҳбатида сўзга чиққан О. Ҳакимов мазкур жиҳатлар Ўзбекистон учун хорижий шериклар билан кенг ҳамкорликни йўлга қўйиш учун яна бир имконият эканлигини таъкидлади.

Бундай форумлар ўзаро манфаатли масалалар бўйича мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш имконини беради. Ҳозирги босқичда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда биргаликда ишлаш қобилиятини кўрсатмоқда. Ҳар икки томон учун ҳам ҳали амалга оширилмаган салоҳият мавжудлиги аниқ.

Шу билан бирга, давра суҳбатида европалик ҳамкорлар Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши учун керакли бўладиган барча ёрдамни аямасликларини ва мазкур жараёнларга алоҳида эътибор қаратишларини таъкидлашди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 25 декабрь куни Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида Европанинг Осиё тадқиқотлар институти директори Аксел Гоэталс ва катта мутахассис Алберт Туркстра билан учрашув бўлиб ўтган эди.

Учрашувдан кўзланган мақсад, меҳнат муҳожирларининг ўз ватанига пул ўтказиш билан боғлиқ харажатларни камайтирадиган муқобил хизмат турларини жорий этиш масалаларини муҳокама қилиш эди. Fintech ва халқаро пул ўтказмаларининг нархини пасайтириш ҳамда молиявий воситаларни ривожлантириш бўйича ҳамкорликда иш олиб бориш бўйича дастлабки келишувга эришилди.

Шунингдек, давра суҳбати давомида томонлар мазкур лойиҳа доирасида келгусидаги ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар хизмати

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар