Ўзбекистонга январь ойида Европа Иттифоқи давлатларидан ташриф буюрган туристлар сони ошди

Ўзбекистонга январь ойида Европа Иттифоқи давлатларидан ташриф буюрган туристлар сони ошди

Марказий Осиёнинг қоқ юрагида жойлашган Ўзбекистон Республикаси ўзининг кўплаб меъморий обидалари, табиий ландшафтлари, ўтмиш цивилизацияларига оид қалъалар харобалари, маданий воқеалари, лаззатли таомлари ва машҳур ҳунармандчилик устахоналари билан танилган. Бу ерда илгари туризм соҳасини ривожлантириш учун етарли шароитлар бўлмаган, лекин ҳозирда инфратузилмани такомиллаштириш устида жадал иш олиб борилмоқда.

2016 йил бошида Ўзбекистонда туризм секторини тубдан ислоҳ қилиш жараёни бошлаб юборилди. Ушбу соҳадаги ўзгаришлар минтақаларнинг жадал ривожланишини таъминлашга қодир миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг стратегик йўналишларидан бири сифатида эътироф этилди. ЮНВТО баҳолашига кўра, 2019 йилдаёқ Ўзбекистон туризм соҳаси энг жадал ривожланаётган давлатлар бешлигига кирди, нуфузли “The Guardian” нашри эса мамлакатни дунёдаги энг яхши сайёҳлик йўналиши деб тан олди.

Таҳлиллар сўнгги йилларда туризмнинг асосий кўрсаткичлари ижобий ўсиш тенденциясига эга бўлганини кўрсатди. 2018 йилда хорижий сайёҳлар сони 2017 йилга нисбатан 98 фоизга, туризм фаолияти билан шуғулланувчи фирма ва ташкилотлар сони эса 131 фоизга ошган. 2018 йилда мамлакатимизга 2 млн хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2021 йилда уларнинг сони 3,3 бараварга ортиб, 6,7 млн кишига етди. Турли минтақалардан келган сайёҳлар сонининг ўсиши турлича бўлиши эътиборга лойиқ. Масалан, узоқ хориж мамлакатларидан келган сайёҳлар сонининг йиллик ўсиши 50 фоизни ташкил этган бўлса, Марказий Осиё давлатларидан ташриф буюрувчилар йилига ўртача 22-25 фоизга ошган. Шу билан бирга, ички туризм соҳасида ҳам ижобий натижалар қайд этилди. 2019 йилда маҳаллий сайёҳлар сони 2016 йилга нисбатан қарийб икки бараварга ошиб, 14,7 млн кишини ташкил қилди.

Таъкидлаш жоизки, коронавирус пандемияси шароитида жорий этилган чекловлар ҳамда юзага келган глобал инқироз оқибатлари туфайли туризм соҳаси жиддий зарар кўрди. Жумладан, 2020 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижлик сайёҳлар сони 4,5 баравардан ортиқ, яъни 1,5 млн нафарга, туризм хизматлари ҳажми эса 261 млнгача камайди. Хусусан, пандемия бошланган 2019 йилда кўрсатилган туризм хизматларининг умумий ҳажми 1,5 млрд доллардан ошди, экспорт эса 1,3 млрд долларга етди ва жами хизматлар экспортининг 38,2 фоизига тенг бўлди.

Статистика агентлигининг дастлабки маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январь ойида 4 601 нафар Европа Иттифоқи давлатлари фуқаролари туристик мақсадда Ўзбекистонга ташриф буюрган.

Ушбу туристларнинг асосий қисми Германия (652 нафар), Италия (597 нафар), Буюк Британия (523 нафар), Испания (455 нафар) ва Франция (436 нафар) давлатлари ҳиссасига тўғри келган.

Ушбу кўрсаткич бўйича бошқа Европа Иттифоқи давлатлари бўйича тақсимот қуйидагича (нафар):

Португалия – 235, Польша – 194, Руминия – 184, Дания – 140, Латвия – 130, Болгария – 115, Австрия – 114, Швеция – 111, Литва – 110, Венгрия – 95, Бельгия – 94, Греция – 84, Чехия – 84, Ирландия – 71 ва Бошқалар – 177.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар