Лойиҳанинг кўлами ва инфратузилмаси
Айритом эркин савдо зонаси 2024 йил август ойида Термиз шаҳрида очилган бўлиб, Марказий Осиёда трансчегара савдосини ривожлантириш йўлидаги энг йирик лойиҳалардан бирига айланди. Бу орқали Ўзбекистоннинг савдо ва логистика бўйича минтақавий хаб сифатидаги ўрни янада мустаҳкамланмоқда.
Зонанинг умумий майдони 26 гектарни ташкил қилади, шундан 164,2 минг м² инфратузилма объектларига ажратилган. Ҳудудда меҳмонхона, тиббиёт клиникаси, бизнес-мактаб, ресторанлар, ишлаб чиқариш майдонлари ва логистика комплекси жойлашган. Лойиҳа доирасида 3,0 мингга яқин иш ўрни яратилиши, йиллик экспорт ҳажми 1,2 миллиард долларга етказилиши ҳамда ҳар йили 1,4 миллион нафаргача ташрифчи жалб қилиниши кўзда тутилган.
Эркин савдо зонаси афғон фуқароларига визасиз ташриф буюриш имконини беради, трансчегаравий савдосини фаоллаштиради ва икки давлат ўртасида иқтисодий алоқаларнинг кенгайишига хизмат қилади.
Айритом фаолияти йўлга қўйилганидан бери бу ерга 740 мингдан ортиқ киши, шу жумладан 400 минг афғон фуқаролари ташриф буюрди. Энг катта талаб меҳмонхона ва тиббий хизматларга тўғри келди. Масалан, Hilton Garden Inn меҳмонхонаси (190 ўринли, 3 юлдузли) хизматларидан 9 мингдан зиёд меҳмон фойдаланган. Шунингдек, йилига 46 минг нафар беморга хизмат кўрсатиш қувватига эга кўп тармоқли Akfa Medline кўп тармоқли клиникаси бу вақтгача 76 мингдан зиёд кишига тиббий хизмат кўрсатган, уларнинг қарийб 80 фоизи афғон фуқароларидир.
Савдо фаолияти ижобий суръатлар билан ривожланмоқда. Мавжуд 490 савдо майдонидан 218 тасида дўконлар аллақачон ишламоқда. Айритом савдо зонаси орқали Афғонистонга умумий қиймати 187 миллион долларлик товар ва маҳсулотлар экспорт қилинди.
Лойиҳанинг аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Айритом савдо зонасида тадбиркорлар ва ташриф буюрувчилар ўртасида сўровнома ўтказди. Натижалар савдо фаолиятидаги тенденциялар ва келгусида ривожлантириш учун устувор йўналишларни белгилаб берди.
Айритом савдо зонасида тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари
Сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг 70 фоизидан ортиғи Айритом савдо маркази фаолияти бошланганидан бери шу ерда савдо қилиб келаётганини таъкидлади. Айланмалар таҳлили шуни кўрсатдики, бизнес субъектларининг 67 фоизи учун йиллик савдо ҳажми 1 миллиард сўмдан (тахминан 78 минг доллар) ошмайди, деярли учдан бир қисмида (29 фоиз) эса йиллик 3–5 миллиард сўм (235–390 минг доллар) оралиғида бўлган.
Айритом савдо зонаси 57 минг квадрат метр майдонни эгаллайди, у ерда уч қаватли савдо ва хизмат кўрсатиш бинолари ишламоқда. Ижара тўлови квадрат метр учун 2,6 доллардан 8,3 долларгача, жойлашувига қараб (подвал, биринчи қават, иккинчи қават) фарқ қилади. Респондентларнинг қарийб ярми (48 фоиз) амалга оширилаётган ижара ставкаларини юқори деб баҳолаган.
Савдо марказида харидорлар оқими ўртача даражада. Дўконларнинг тахминан иккидан бешдан бири (43 фоиз) кунига ўртача 30 нафар мижозга хизмат кўрсатади, деярли чорак қисми (24 фоиз) эса кунига 100–150 нафар харидор ташриф буюришини қайд этган. Тадбиркорларнинг ярмидан кўпроғи (52 фоиз) асосий мижозлар Афғонистон фуқаролари эканини билдирган.
Савдо фаолиятидан ташқари, савдо зонаси инфратузилмаси орқали қўшимча бандлик имкониятлари ҳам яратилган. Ресторанлар, савдо нуқталари, ишлаб чиқариш ва логистика объектлари, клиника, меҳмонхона ва хостелларда 1 мингдан ортиқ маҳаллий аҳоли ҳамда тахминан 140 нафар афғон фуқароси иш билан таъминланган.
Айритом савдо зонасида харидорлар ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари
Ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, харидорларнинг катта қисми (91 фоиз) савдо марказига, асосан, озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш мақсадида ташриф буюрган. Қарийб ярми (48 фоиз) бу ердан кийим-кечак сотиб олишини, 38 фоизи маиший техника, яна 14 фоизи эса фармацевтика маҳсулотлари харид қилишини билдирган. Шу билан бирга, респондентларнинг катта қисми (71 фоизи) Айритомдаги товар ва хизматлар нархлари бошқа бозорларга нисбатан бироз арзонроқ эканини таъкидлаган.
Шунингдек, Айритом савдо зонасига ташрифлар ҳали мунтазам эмас. Харидорларнинг қарийб учдан бир қисми (29 фоиз) бу ерга ойда фақат бир марта келиши маълум бўлди. Транспорт йўналишлари таҳлилига кўра, харидорларнинг 38 фоизи савдо зонасига жамоат транспортида етиб келади, 43 фоиз респондентлар эса савдо зонаси билан мунтазам йўналишли қатнов мавжуд эмаслигини қайд этган.
Айритом савдо ҳудудини ривожлантириш йўналишлари
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Айритом савдо ҳудудига қизиқиш юқори бўлиб, унинг ўсиш салоҳияти катта. Шу билан бирга, ривожланиш учун бир қатор муҳим йўналишлар белгилаб берилди.
Афғонистон фуқаролари асосий мижозлар қатлами сифатида чегара ва божхона назоратидан ўтиш жараёнини енгиллаштириш ва тезлаштиришни муҳим деб ҳисоблашмоқда. Сўровда қатнашганларнинг 71 фоизи бу жараён кўп вақт талаб қилаётганини қайд этган.
Айритомда хизматлардан тўлиқ фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга талаб катта. Респондентларнинг 95 фоизи савдо объектлари 24 соат ишлашини қўллаб-қувватлаган.
Меҳмонхона хизматлари ҳам қўшимча мослашувни талаб қилади. Сўров иштирокчиларининг учдан икки қисмига яқини (71 фоизи) нарх сиёсати қайта кўриб чиқилиши зарурлигини таъкидлаган. Шунингдек, Афғонистондан келаётган мижозларнинг катта қисми таълим (52%), маиший хизматлар (29%) ва дорихона хизматларини (29%) кенгайтиришга қизиқиш билдирган.
Умуман олганда, Айритом марказига талаб юқори бўлиб қолмоқда. Инфратузилма ва сервислар ривожини давом эттириш уни трансчегаравий савдо ва ҳамкорликнинг муҳим нуқтаси сифатида мустаҳкамлайди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар ва маркетинг бўлими
Изоҳ қолдириш