Президент Шавкат Мирзиёев 22 май куни Любляна шаҳрида Словения Президенти Наташа Пирц Мусар билан учрашади. Ушбу мамлакат парламенти ва ҳукумати раҳбарияти билан музокаралар ўтказади, қўшма ишбилармонлик тадбирларида иштирок этади.
Ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, фармацевтика, саноат, озиқ-овқат ва тўқимачилик тармоқларида кооперация лойиҳаларини амалга ошириш, меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик қилиш ва гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилади.
Ўзбекистон ва Словения ўртасидаги узоқ йиллик ҳамкорлик сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилиб бормоқда. Гарчи географик жиҳатдан узоқ бўлса-да, икки давлатнинг кўп томонлама алоқалари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Словения Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан интеграцияси йўлида муҳим ҳамкор сифатида, Ўзбекистон эса Словения учун Марказий Осиёдаги ишончли иқтисодий шериклардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси Словения божхона хизматлари билан “Ўзбекистон Республикаси, бир томондан ва Европа Иттифоқи ҳамда уларга аъзо давлатлар, иккинчи томондан, таъсис этувчи шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисида” Битим (21.06.1996-й.) асосида ҳамкорлик қилади. Шунингдек, мазкур битим асосида Словения божхона хизмати билан сўровнома ва маълумот алмашинуви ишлари амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон ва Словения ташқи савдо айланмаси 2024-йилда 173 mln.AQSh долларини ташкил этиб, олдинги йилга нисбатан 47 фоизга ортган. Биргина 2025 йилнинг январь-апрель ойларида ушбу кўрсаткич 137 млн АҚШ долларга етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 41 фоизга ошган. Словения томонидан фармацевтика ва технологик асбоб-ускуналар тақдим этилаётган бўлса, ўз ўрнида Ўзбекистондан шу давлатга қишлоқ хўжалиги, кимё маҳсулотлари, транспорт воситалари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари экспорт қилинмоқда. Жумладан, Ўзбекистоннинг Словения бозорига экспорти 50 миллион АҚШ долларга яқинлашиб, олдинги йилга нисбатан 16 баробарга ўсган. Бу рақамлар икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг фаоллашаётганини ва янги имкониятларга эга эканлигини кўрсатади.
Бошқа ижобий омиллар қаторида Ўзбекистон томонидан Европа Иттифоқининг GSP+ преференциялар тизими бенефициар мақомидан фаол фойдаланилаётгани Словения билан савдо алоқаларини янада ривожлантириш имкониятларини оширмоқда. Охирги йилларда 40 фоизга ошган ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўсиши бунга яққол мисол бўлади.
Шунингдек, келгусида транспорт ва логистика соҳасида ҳам ҳамкорликни кучайтириш имкониятлари мавжуд. Словения, Европанинг марказида жойлашган давлатлардан бири сифатида, Ўзбекистоннинг Европа бозорларига экспорт қилиш имкониятларини янада кенгайтириш учун муҳим логистика маркази сифатида муҳим ҳисобланади. Ўз ўрнида, Словениянинг экологик тоза технологияларини Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалигида сувни тежаш, органик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришда қўллаш самарали имконият беради. Ўзбекистон эса, ўзининг ярим тайёр ва тайёр қишлоқ хўжалиги ҳамда саноат маҳсулотлари билан Словения учун зарур маҳсулотлар етказиб берувчи муҳим ҳамкор бўлиш имкониятига эга. Бу икки давлат ўртасида ўзаро фойдали ва барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилади.
Нурбек Рахматуллаев
Божхона қўмитасининг
Илмий маркази катта инспектори
Изоҳ қолдириш