Жаҳон банки (ЖБ) ўзининг дунё мамлакатларида бизнес муҳитини баҳоловчи машҳур Doing Business (Бизнес юритиш) рейтинги ҳисоботини бутунлай бекор қилди. Бу ҳақда ЖБ ўзининг расмий сайтида хабар берди.
«Жаҳон банки раҳбарияти Doing Business ҳисоботини эълон қилишни тўхтатиш бўйича қарор қабул қилди. <...> Эндиликда биз ишбилармонлик ва инвестицион климатни баҳолаш бўйича янгича ёндашув устида ишлаймиз», — дейилади хабарда.
Аввалроқ ЖБ Doing Business рейтингини 2018 ва 2020 йилги ҳисоботларда маълумотлар ўзгариши билан боғлиқ номувофиқликлар тўғрисидаги хабарлар сабабли нашр этишни тўхтатган эди. Ташкилот сўнгги беш йиллик ҳисобот маълумотларини қайта кўриб чиқмоқчилигини маълум қилган эди.
WSJ нинг ёзишича, тергов-суриштирув ишлари натижаларига кўра, Хитой ва бошқа мамлакатларга тегишли кўрсаткичларни сунъий равишда яхшилаш мақсадида ҳисобот методологияси ва маълумотларини ўзгартириш тўғрисида раҳбарият томонидан ходимларга босим ўтказиш ҳолатлари аниқланган.
Раҳбарият деганда, ўша вақтдаги Жаҳон банки ижрочи директори, айни пайтда Халқаро валюта фондининг бошқарувчи директори Кристалина Георгиева ва ўша вақтдаги Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Ким назарда тутилганлиги айтилмоқда.
«Мен Жаҳон банки Doing Business 2018 рейтинги ҳисоботидаги ролим билан боғлиқ маълумотлар хатоликлари текширувининг натижалари ва талқинларига мутлақо қўшилмайман», — деди Георгиева.
Хабарда айтилишича, Doing Business рейтинги ҳисоботи Жаҳон банкининг, камбағал мамлакатларни молиялаштиришни таъминлаш ишлари билан бир қаторда, иқтисодий тақдиқотларга асосланган нуфузли нашри бўлиб келган. Йиллик ҳисоботнинг эълон қилиниши дунё миқёсида оммавий ахборот воситаларининг диққат марказида бўлиб, мамлакатлар сиёсий ўзгаришлар воситасида рейтингдаги ўз ўринларини яхшилашда кимўзарга ҳаракат қилишарди.
Йиллар мобайнида мазкур рейтинг ҳукуматларнининг бизнес учун лицензия олиш, электр тармоқларига улаш ёки солиқ мажбуриятларини бажариш имкониятини баҳолашда ҳисобга олинадиган барча кўрсаткичларни яхшилашларига туртки бериб келган.
Мустақил аудиторлик текширувини олиб бориш учун ЖБ томонидан ёлланган WilmerHale юридик фирмаси 15 сентябрь куни Doing Business рейтинги ҳисоботи устидан ундаги маълумотлар холислиги нуқтаи назаридан олиб борилган мустақил аудиторлик текшируви натижаларини эълон қилди (pdf). Унга кўра, банкнинг юқори мартабали раҳбарлари, жумладан, Георгиева 2018 йилги рейтингда Хитойнинг кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида рейтингни ишлаб чиқувчи масъул ходимларга босим ўтказган. Шу билан бир вақтда, у ва бошқалар банкни молиявий қўллаб-қувватлаши учун Хитойни кўндиришга уринган.
Тергов-суриштирув ишлари натижалари шуни тасдиқлайдики, собиқ раҳбарият Хитойнинг 2018 йилги рейтингдаги ўрнини яхшилаш мақсадида ҳисобот методологиясини ўзгартирган, маълумот йиғиш жараёни тугаганига қарамасдан маълумотлар базасини қайта очиб Хитойга тегишли маълумотларни қайта ишлаган. Натижада Хитой 85-ўриндан 78-ўринга кўтарилган.
Бундан ташқари, Озарбайжон, БАА ва Саудия Арабистонига тегишли маълумотларда ҳам кичик ўзгартиришлар амалга оширилганлиги қайд қилинган.
Хусусан, ЖБнинг иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича собиқ директори ва Кристалина Георгиеванинг маслаҳатчиси, Симеон Дьянков Doing Business жамоасига Саудия Арабистони кўрсаткичларини ўзгартириш бўйича кўрсатма берган. Унга кўра, мамлакат бўйича маълумотларни ўзгартириш орқали Doing Business 2020 рейтингида кўрсаткичларини яхшилаш бўйича энг яхши натижаларни кўрсатган мамлакатлар рўйхатида биринчи ўринда турган Иорданиянинг ўрнига Саудия Арабистонга етакчи ўрин берилган. Бу, ўз навбатида, Саудия Арабистони билан солиқ тизими ўхшаш бўлган БААга тегишли маълумотларни ҳам ўзгартиришни талаб этган. Шунга қарамасдан, мазкур ўзгаришлар БААнинг умумий рейтингида акс этмаган.
Шунингдек, ҳужжатда қайд этилишича, Симеон Дьянков кўрсатмаси билан Doing Business 2020 рейтингида Озарбайжоннинг учта ислоҳоти ҳисобга олинмаган. ЖБ ходимлари суриштирув вақтида Дьянковнинг мамлакатга нисбатан душманларча муносабатда эканлигини ва у ердаги ислоҳотларнинг ҳаққонийлигига ишонмаслигини таъкидлашган. Симеон Дянковнинг ўзи Озарбайжондаги бир нечта ислоҳотларнинг тан олинишини «музлатиб қўйиш» қарори «Ўзбекистон протоколи»га (Uzbekistan Protocol) — «шубҳа остидаги ислоҳотларни тан олишдан воз кечиш имконини берувчи ёзилмаган қоида» — мос келишини қайд этган.
Doing Business жамоаси «Ўзбекистон протоколи»ни тасдиқланган методологик тамойил сифатида билмаганликларини маълум қилишган. Doing Business менежери Ўзбекистон бўйича ўтган рейтингдаги маълумотлар жамоанинг ҳудудий директори, ҳудудий вице-президент, ижрочи директор ва бошқалар иштирокидаги қарори билан «музлатиб қўйилган"ини таъкидлаган.
WSJ қайд этишича, ҳисоботнинг шубҳа остига олинганлиги илк марта 2018 йилда, Жаҳон банкининг бош иқтисоодчиси Паул Ромер WSJ га берган интервюсида ҳисоботдаги маълумотлар сиёсий мақсадларда ўзгартирилганлигидан гумон қилаётганлигини айтганида, маълум бўлган эди.
WSJ га кўра, ўшанда Жаҳон банки ҳисобот манипуляция қилинганини рад этган ва жаноб Ромер кўп ўтмай истеъфога чиққан.
Бироқ 2020 йилги ички аудиторлик текшируви натижалари ҳисобот маълумотлари бузиб кўрсатилганлигини тасдиқлагач, банк ҳисоботни эълон қилишни тўхтатган ва мустақил тергов-суриштирувга топширган.
Маълумот учун, Жаҳон банкининг Doing Business 2020 йиллик ҳисоботида Ўзбекистон 69-поғонага кўтарилиб, бизнес муҳитни яхшилашда энг катта муваффақиятга эришган 20 та энг яхши давлатлар қаторига кирган эди. 2018 йилнинг июль ойида президент Шавкат Мирзиёев ўз фармони билан мамлакатда тадбиркорлик учун шароитлар яратиш ва шу орқали 2022 йилда ушбу рейтингда энг яхши 20 та давлат қаторига кириш бўйича топшириқ берган эди.
Изоҳ қолдириш