Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2025 йил II чораги учун «Банклар фаоллик индекси» янгиланди, мазкур индекс мамлакатдаги 35 та тижорат банкларини қамраб олди. Индекс банкларнинг ҳажмига ҳамда ҳудудлардаги филиаллари сонига қараб 20 та катта ва 15 та кичик банкларга гуруҳланган ҳолда ҳисобланган.
2021 йилдан бошлаб «Банклар фаоллик индекси» Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан банк секторидаги трансформация жараёнларини, шунингдек, шаффофлик ва қамровни ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни баҳолаш мақсадида ҳисоблаб чиқилмоқда. Индекс молиявий воситачилик, молиявий оммабоплик, капитал етарлилиги, активлар сифати, бошқарув самарадорлиги, даромад олиш салоҳияти ва ликвидлилик каби еттита асосий йўналиш бўйича гуруҳланган 27 турдаги кўрсаткичга асосланган.
“Банклар фаоллик индекси” банклар фаолиятининг ҳам операциявий, ҳам тузилмавий жиҳатларини акс эттиради ва бозор муҳитидаги фаолликни баҳолайди. Йиғма рейтинг ҳар бир субиндекс бўйича комплекс баҳолаш асосида банкларнинг жорий ҳолатини кўрсатади.
Жорий йилнинг икки чораги якунлари бўйича Ўзбекистон банк тизими активларининг умумий ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21% ни ташкил этди. Шу билан бирга, ўсиш тузилиши банклар гуруҳлари бўйича дифференциацияни намоён этмоқда. Хусусан, давлат иштирокидаги банклар активлари ўртача 17% га ошди, бу эса балансларни барқарор равишда кенгайтиришни акс эттиради. Улар орасида энг юқори ўсиш суръатини Алоқабанк (39%) ва Микрокредитбанк (36%) кўрсатди.
Янги хусусий банклар сегментида ўсиш суръатлари янада юқори бўлди, бу ерда активларнинг жами ўсиши 28% ни ташкил этди. Бу, асосан, бозордаги янги иштирокчилар – «Ҳаёт банк» (419%), «Смарт банк» (233%) ва «Янги банк» (223%) ҳиссаси билан изоҳланади, бу эса кенг кўламли фаолиятни бошлашнинг дастлабки босқичига хос ҳолатдир.
2025 йил II чораги учун йирик банкларнинг фаоллик рейтинги
2025 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, Капитал банк 1-ўринни сақлаб қолган ҳолда рейтингдаги етакчилигини давом эттирди. Траст банк эса энг юқори ўсиш суръатини намоён этиб, бир йўла 3 поғонага кўтарилди ва умумий рейтингда 2-ўринни эгаллади. Ҳамкор банк (3-ўрин) ва Азия Альянс банк (4-ўрин) эса рейтингнинг юқори поғонасидаги позицияларини сақлаб қолди. Йирик банклар гуруҳига кирган Анор банк рейтингда бир поғона пастлаганига қарамай, 5-ўринни эгаллади.
Инвест Финанс банк ўз позицияларини мустаҳкамлаб, уч поғона юқорилади ва 8-ўринни эгаллади. Тенге банк ва Ўзмиллийбанк бир поғонага юқорилаб, мос равишда 14- ва 16-ўринларни эгаллашди.
Шу билан бирга, йирик молиявий муассасалар тоифасидаги банкларнинг учдан бири пасайишни кўрсатди. Давр банк ва Ўзсаноат қурилишбанк бир поғонага пасайган бўлса, Алоқа банк ва Агробанк эса мос равишда икки поғонага пасайди.
Бозорнинг қолган иштирокчилари умумий банклар рейтингидаги позицияларини аввалги даврга нисбатан сақлаб қолишди, бу эса бир қатор асосий йўналишлар бўйича банклар ўртасида рақобатнинг ортиб бораётганини кўрсатади.
Банк депозитларининг берилган кредитлар ҳажмига, шунингдек, бошқа банклар ва давлат олдидаги мажбуриятларига нисбатини ўз ичига олган молиявий воситачилик мезонига кўра, энг катта пасайиш “Ипак йўли” банки томонидан қайд этилди (6 та поғонага пасайиш), бу кредитлаш фаоллигининг заифлашувини акс эттириши мумкин.
Ҳар бир филиалга тўғри келадиган мижозлар сонини, кредит портфелининг концентрациясини ва хусусий сектор кредитлашини баҳоловчи молиявий оммабоплик кўрсаткичи бир вақтнинг ўзида бир нечта молия бозори иштирокчиларига таъсир кўрсатди. Ипотека банк уч поғонага, Анор банк ва Агробанк икки поғонага, Ипак йўли банк ва Асака банк эса мос равишда бир поғонадан пасайди.
Активлар сифати (ROA) ва муаммоли кредитлар (NPL кўрсаткичлари) коэффициентлари асосида ҳисобланган активлар сифати бўйича рейтингда Ипотека-банк сўнгги ўринни сақлаб қолди. Давр банкда ҳам сезиларли пасайиш қайд этилди (4 поғонага пасайиш), Капитал банк ва Анор банк мос равишда икки поғона, Асака банк эса 1 поғона йўқотди.
Даромад олиш салоҳияти бўйича Агробанк 20-ўринни эгаллади. Шу мезон бўйича Тенге банк ва Анор банк ҳам икки поғона йўқотди.
Бошқарув самарадорлиги кўрсаткичида Микрокредитбанк сўнгги ўринни сақлаб турибди. Шунингдек, БРБ банк 3 поғонага пасайган ҳолда салбий динамика кўрсатди, Алоқа банк 2 поғонага ҳамда яна 4 та тижорат банки 1 поғонага пасайди.
Ликвидлилик кўрсаткичи бўйича бир қатор йирик банклар рейтингида пасайиш қайд этилди. Агробанк 3 поғонага пасайиб, рўйхатдаги сўнгги ўринни эгаллади. Анор банк эса янада сезиларли пасайишни кўрсатди — 5 поғона. Капитал банк, Траст банк ва Ҳамкор банк мазкур кўрсаткич бўйича 2 поғонадан пастлади. Шу билан бирга, Ўзсаноатқурилишбанк ушбу мезон бўйича бир йўла 5 поғонага кўтарилиб, ижобий натижа қайд этди.
2025 йил II чораги учун кичик банклар фаоллик рейтинги
Таҳлилларга кўра, тўртта банк – Универсал банк, Ҳаёт банк , ТБC банк ва Октобанк ўз ўринларини сақлаб қолди ва рейтингнинг кучли тўртлигидан жой олди, бу эса банк хизматлари бозоридаги ўзгарувчанлик ва рақобат босими шароитида уларнинг иш модели барқарорлигидан далолат беради.
Ушбу тоифадаги банкларнинг учдан бир қисми ўтган чоракга нисбатан ўз позицияларида яхшиланишни қайд этди. Энг сезиларли яхшиланишни Мадад Инвест банки кўрсатди, у уч поғонага кўтарилиб, кичик банкларнинг умумий рейтингида 11-ўринни эгаллади.
Шу билан бирга, яна бешта банк салбий динамикани кўрсатди. Фаолликнинг энг катта пасайиши Янги банкда қайд этилди, бу эса операцион кўрсаткичлар заифлашганидан далолат беради.
Янгиланган молиявий муассасалар фаолияти рейтинги натижалари Ўзбекистондаги йирик ва кичик банклар ўртасида рақобат кучайиб бораётганидан далолат беради. Бундай кўрсаткичлар мониторинги умуман молия секторининг барқарорлиги ва динамикасини баҳолашнинг муҳим воситаси бўлиб қолмоқда.
Банк-молия ва капитал бозорларини ўрганиш шўъбаси тел: (78)150 02 02 (441)
Изоҳ қолдириш