2024 йил натижалари
Ўтган йили 108 та лойиҳалар амалга оширилиб (режага нисбатан 119%), умумий қиймати 2,8 трлн сўмлик 89 турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Жумладан, полиэфирли ва акрил полимер ранглар, автобус ва юк автомобиллари учун иситиш печлари, термопластинкали клей ҳамда эмалланган мис сим каби 27 турдаги янги маҳсулотлар ўзлаштирилди. Натижада: 550 та янги иш ўрни яратилди. 215,2 млн долларлик импорт ўрни босилди ва 114,6 млн долларлик экспорт ҳажми таъминланди.
Бу кўрсаткичлар Самарқанд вилояти саноатининг барқарор ривожланиши, импортдан мустақилликка эришиш ва экспорт салоҳиятини оширишда муҳим қадам бўлди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 35 та корхонада ишлаб чиқариш қувватларини тўлиқ ишга тушириш орқали йилига 934,6 млрд сўмлик қўшимча маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Хусусан: “Azia Metall Prof” МЧЖ ҚК йилига 120 минг тонна металдан арматура ишлаб чиқариш қуввати билан 723,5 млрд сўмлик қўшимча маҳсулот ишлаб чиқариши мумкин. “Kamalak Tekstil” МЧЖ резинали гилам ишлаб чиқаришни тўлиқ қувватда йўлга қўйса, 44,7 млрд сўмлик қўшимча маҳсулот ҳажмига эга бўлади. “Trade and Sales Professional” МЧЖ сув ўлчагич ускуналар ишлаб чиқаришда 54 млрд сўмлик ҳажмни қўшиши мумкин.
Тадбиркорларнинг молиялаштириш манбалари ҳам таҳлил қилинди: 61% ўз маблағлари, 28% банк кредитлари, 11% хорижий инвестициялар ҳисобига сармоя киритаётганини билдирган.
2025 йил режалари
2025 йилда 23 та корхона томонидан 38 турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни 2,8 трлн сўмлик ҳажмда ишлаб чиқариш режалаштирилган. Жумладан: “Azia Metall Prof” МЧЖ ҚК рух ва полимер қопламали тунукадан уй-жойлар учун сайдинг панеллар ва металл черепица ишлаб чиқаради. “Glass Elegant” МЧЖ оловбардош ойнадан лаборатория идишлари ва эшик-ойна маҳсулотлари тайёрлайди. “Pharm Partners Group” МЧЖ сув хўжалиги учун спринцовкалар ишлаб чиқаради. “Elxoldind” ИИЧБ томонидан юк ташувчи электр мотоцикллар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади.
Саноат кооперациясида ўсиш
2025 йилда тармоқ ва ҳудудий корхоналар ўртасидаги кооперация доирасида 41 та етказиб берувчи корхона 48 турдаги маҳсулотларни 1,9 трлн сўмлик ҳажмда етказиб беришни режалаштирган. Хусусан: “URAMAS KABEL” МЧЖ электротехника саноати учун 14 млрд сўмлик бошқарув кабел тўпламлари ишлаб чиқаради; “AZIA METALL PROF” МЧЖ ҚК қурилиш саноати учун 442 млрд сўмлик арматура етказиб беради; “LOGIC AUTOMOTIVE AND ENGINEERING” МЧЖ ХК автомобилсозлик саноати учун 8,2 млрд сўмлик автобус пластмасса ўриндиқлари тайёрлайди; “PUREMILKY WORKS” МЧЖ озиқ-овқат саноати учун 6 млрд сўмлик қуритилган сут зардоби ишлаб чиқаради.
Мақсад – импорт ўрнини босиш ва экспортни кўпайтириш
Таҳлиллар маҳаллий ишлаб чиқариш қувватларини тўлиқ ишга тушириш орқали импорт харажатларини камайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш имконини тасдиқламоқда.
Шу билан бирга, корхоналарнинг ўзаро кооперацияси ҳудуднинг иқтисодий самарадорлигини ошириб, Самарқанд вилоятининг инвестициявий жозибадорлигини янада мустаҳкамлайди.
Маҳаллийлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган инвестиция лойиҳалари
2025 йилда Самарқанд вилоятида маҳаллийлаштириш даражаси юқори бўлган йирик саноат лойиҳалари амалга оширилмоқда. Жумладан, вилоятда қуйидаги лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Самарқанд шаҳрида пўлат эритиш ва қора металл ишлаб чиқариш лойиҳаси йўлга қўйилмоқда. Лойиҳанинг ҳамкори – “Xinjifng Zhongde Jiarun Trade Co.Ltd” компанияси. Корхона йилига 600 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Лойиҳанинг умумий қиймати 196 миллион долларни ташкил этади. Бюджетга тушум 35 миллиард сўмга тенг бўлиб, 70 та янги иш ўрни яратилади. Шунингдек, лойиҳа доирасида йилига 15 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган. Лойиҳа ташаббускори – “Azia Metall Prof” МЧЖ ҚК.
Нуробод туманида йирик форматли керамогранит ишлаб чиқариш заводи лойиҳаси амалга оширилади. Бу лойиҳа “Lasselsberger group Co.Ltd” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Корхона йилига 5 миллион тонна керамогранит ишлаб чиқаради. Лойиҳа қиймати 100 миллион доллар бўлиб, 20 миллиард сўм бюджет тушумлари таъминланади ва 50 та иш ўрни яратилади. Шу билан бирга, йилига 3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади. Лойиҳа ташаббускори – “Cemix” МЧЖ.
Шунингдек, “Samferre” МЧЖ корхонаси томонидан ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, корхонада маиший газ плиталари, совутгичлар, музлатгичлар, витринали совутгичлар, кондиционерлар, чангютгичлар ва маиший иситгичлар ишлаб чиқарилмоқда. Жами ишлаб чиқариш қуввати газ плиталари бўйича 100 минг дона, совутгичлар 30 минг дона, музлатгичлар 20 минг дона, витринали совутгичлар 25 минг дона, кондиционерлар 12 минг дона, чангютгичлар 60 минг дона ва маиший иситгичлар 100 минг донани ташкил этади.
Бундан ташқари, ушбу корхонада маиший техникалар учун тобланган ойналар, мисдан тайёрланган Фреон ўтказувчи капиляр трубкалар, совутгич ва музлатгичлар ҳамда газ плиталар учун панжаралар, махсус кабель тўпламлари, витринали совутгичлар учун LED лампалар, совутгич ва музлатгичлар учун пластик HIT листлар маҳаллийлаштирилган ҳолда ишлаб чиқарилмоқда.
Шу билан бирга, “Paxtachi Rodnik Yog”, “Mirankul Construction Materials” ва бошқа корхоналар томонидан ҳам бир қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Амалга оширилаётган мазкур лойиҳалар вилоятнинг саноат салоҳиятини ошириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш