Ўзбекистон Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун 2024” индексида бешта энг илғор ўзгаришларни амалга оширган давлатлар қаторига кирди

Ўзбекистон Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун 2024” индексида бешта энг илғор ўзгаришларни амалга оширган давлатлар қаторига кирди

Жаҳон банки ўзининг “Аёллар, бизнес ва қонун” йиллик ҳисоботини эълон қилди. Унда ҳуқуқий соҳада гендер тенгликка эришиш йўлидаги жаҳон тараққиёти баҳоланади. Ҳужжат 190 та давлатда, жумладан, Ўзбекистонда аёлларнинг аҳволини 10 та кўрсаткич: “хавфсизлик”, “ҳаракатланиш эркинлиги”, “бандлик”, “меҳнатга ҳақ тўлаш”, “никоҳ”, “ота-оналик”, “болаларни парваришлаш”, “тадбиркорлик”, “мулкни бошқариш” ва “пенсия таъминоти” бўйича баҳоловчи индексни ўз ичига олади.

“Аёллар, бизнес ва қонун” ҳисоботининг охирги нашри 2022 йил 1 октябрдан 2023 йил 1 октябргача бўлган даврда мамлакатлар қонунчилигидаги тегишли ўзгаришларни баҳолайди. Бу даврда дунёдаги атиги 18 та давлат ёки индексда баҳоланган давлатларнинг 10 фоизидан камроғи юқоридаги кўрсаткичлар доирасида аёлларнинг мавқеини яхшилаган ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширди.

Умуман олганда, ушбу 18 та мамлакат гендер тенглигига эришишга қаратилган 47 та ислоҳотларни амалга оширди. Хусусан, Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги бешта мамлакат, жумладан Ўзбекистон, Арманистон, Озарбайжон, Кипр ва Молдовада тўққизта шундай ислоҳот амалга оширилди.

Ўзбекистон Иордания, Малайзия, Серра-Леоне ва Того билан биргаликда энг катта муваффақиятга эришган беш давлат қаторидан жой олди. 2022 йил октябрь ойидан буён мамлакатда хотин-қизларнинг мавқеини оширишга қаратилган тўртта муҳим ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилди.

Ушбу ислоҳотлар, хусусан иккита асосий кўрсаткич – “меҳнатга ҳақ тўлаш” ва “никоҳ” доирасида мамлакатнинг рейтингдаги ўрнини яхшилашга ижобий таъсир кўрсатди. Бу Ўзбекистон рейтингининг 11,9 пунктга кўтарилишига олиб келди ва мамлакат “Аёллар, бизнес ва қонун 2024” индексида максимал 100 баллдан 82,5 балл тўплаган. Ўзбекистон Сингапур, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликлари билан бир хил балл тўплади, шунингдек, Марказий Осиёда энг яхши натижаларни кўрсатди.

Хусусан, Ўзбекистонда аёлларга эркаклар билан бир хил қийматдаги меҳнат учун тенг ҳақ тўлашни кафолатловчи меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Шунингдек, айрим соҳаларда аёллар меҳнатидан фойдаланишга қўйилган чекловлар бекор қилинди. 2022 йил октябрь ойида меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро стандартлар ва конвенцияларга мос келадиган ушбу қоидаларни ўз ичига олган янги Меҳнат кодекси қабул қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда аёлларни оиладаги зўравонликдан ҳимоя қилувчи меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. 2023 йил апрель ойида Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга оиладаги зўравонликка, жумладан, оилавий муносабатлардаги жисмоний, руҳий ва иқтисодий зўравонликка қарши курашиш бўйича ўзгартиришлар киритилди. Шунингдек, ушбу турдаги жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

“Жаҳон банки “Аёллар, бизнес ва қонун” ҳисоботининг охирги нашрида таъкидланган Ўзбекистоннинг гендер тенгликни таъминлаш борасида эришган ютуқларини олқишлайди. Яқинда амалга оширилган ҳуқуқий ислоҳотлар аёлларнинг фуқаролик, меҳнат ва иқтисодий ҳуқуқларини сезиларли даражада кенгайтирди”, - деди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татяна Проскурякова. “Биз ҳукуматга зарур молиявий ва таҳлилий кўмак кўрсатиш орқали ушбу ислоҳотларни амалга оширишга мамнуният билан ўз ҳиссамизни қўшдик. Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш борасидаги кейинги саъй-ҳаракатлар, жинсидан қатъий назар барча фуқаролар учун бир хил имкониятлар яратадиган янада адолатли ва фаровон жамият барпо этишга хизмат қилади”.

Таъкидлаш жоизки, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан ўтказилган тадқиқот ишлайдиган ва ўз-ўзини банд қилган аёлларнинг умумий сони 5 фоизга кўпайган тақдирда аҳоли жон бошига даромад 2,5 фоизга ошишини кўрсатди. Шу билан бирга, хотин-қизлар учун тадбиркорлик имкониятлари кенгайтирилиши аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажмини 3 фоизга оширади, ўзини-ўзи банд қилган хотин-қизлар имкониятлари кенгайтирилганда бу кўрсаткич 1,3 фоизга ортади.

Расмий статистик маълумотларга кўра, эркаклар ва аёлларнинг ўртача ойлик иш ҳақи ҳамда эркакларнинг ўртача ойлик маошидаги фоизли фарқ улуши сезиларли номувофиқликни намоён этмоқда – 2022 йилда 34% (2019 йилда 36,2%).

Гендер иш ҳақи тафовутининг асоси: аёллар меҳнатига этарлича юқори баҳо бермаслик ва оналикнинг аспектлари.

Аёлларнинг энг кўп улушига эга бўлган иккита сектор кам ҳақ тўланадиган соҳалар - таълим, соғлиқни сақлаш (тарбиячилар ва ҳамширалар) ва ижтимоий сектордир. Аёллар парваришлаш соҳаларида ҳаддан ташқари кўп. Иш билан банд бўлган аёлларнинг ярмидан кўпи ушбу соҳаларда ишламоқда. Қишлоқдаги аёллар янада чекланган ва унумдорлиги паст ёки уй ишларида банд.

Жаҳон банки ҳукуматга зарур таҳлилий ва молиявий кўмак кўрсатиш орқали “Аёллар, бизнес ва қонун 2024” ҳисоботида таъкидланган Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлади. Бу Банк томонидан турли ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги муҳим ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 ва 2023 йилларда амалга оширилган мамлакатда ривожланиш сиёсатини қўллаб-қувватлаш бўйича операцияларни ўз ичига олади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар