Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори ўсишни давом эттирмоқда – Иқтисодий тадқиқотлар ислоҳотлар маркази ҳисоботи

Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори ўсишни давом эттирмоқда – Иқтисодий тадқиқотлар ислоҳотлар маркази ҳисоботи

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан кўчмас мулк бозорида кузатилинаётган ўзгаришлар таҳлил қилинди. 2025 йил биринчи ярим йиллиги якунига кўра, уй-жой сотувлари 10,6 фоизга ошиб, 136,5 минг хонадонни ташкил этди.

Июнь ойи якунига кўра 21 мингта олди-сотди битимлари рўйхатдан ўтказилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,7%га ошди.

Ҳудудий динамика

2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида ҳудудларда кўчмас мулк бозорида барқарор ўсиш кузатилмоқда. Олди-сотди шартномаларида энг юқори ўсиш Жиззах (29,9%), Навоий (18,3%) ва Сурхондарё (17,7%) вилоятларида қайд этилди. Шу билан бирга, Тошкент вилоятида битимлар ҳажми бироз камайгани (2,6%) кузатилди.

Иккиламчи кўчмас мулк бозори

Июнь ойида иккиламчи бозорда уй-жойларнинг ўртача нархи ўтган ойга нисбатан 0,3%га ошди. Йиллик ҳисобда ўсиш 1,8%ни ташкил этди.

Ҳудудлар кесимида, июнь ойида Жиззах вилоятида уй-жой нархлари бироз пасайганига (-1,3%) қарамасдан, йиллик ўсиш суръати бўйича етакчилик қилмоқда (11,7%). Шу билан бирга, йиллик ҳисобда ижобий динамика Сурхондарё (10,9%), Қорақалпоғистон Республикаси (9,3%), Хоразм (7,3%) ва Наманган (7,1%) вилоятларида қайд этилди.

Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бозоридаги вазият

Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жойнинг ўртача нархи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,8%га пасайиб, янги қурилган уйлар нархлари эса бироз камайди (1,6%).

Ўтган йилнинг июнь ойидан пойтахтдаги иккиламчи уй-жой нархларида энг катта пасайиш Мирзо-Улуғбек (-7,6%), Яшнобод (-7,3%) ва Чилонзор (-6,9%) туманларида кузатилди.

Бирламчи уй-жой нархларида энг катта пасайиш Учтепа (-9,7%), Юнусобод (-8,8%) ва Шайхонтоҳур (-7,7%) туманларида қайд этилди.

Тошкентда уй-жой ижара бозори таҳлили

Июнь ойида Тошкент шаҳрида ижара нархлари барқарорлиги кузатилди. Ўртача ижара нархи ўтган ойдаги кўрсаткични сақлаб қолди ва бир квадрат метр учун 8,1 долларни ташкил этди.

Пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи нисбатан юқорилигича қолмоқда. Ушбу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 10,3 долларни ташкил этди.

Йиллик ҳисобда ўртача ижара нархлари 2,6%га пасайди. Энг сезиларли пасайиш Учтепа, Яшнобод ва Чилонзор туманларида қайд этилди.

Жалолиддин Усмонов,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

тел: (78) 150 02 02 (417)


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар