2020 йилда Ўзбекистоннинг энг фаол банклари

2020 йилда Ўзбекистоннинг энг фаол банклари

Банк активларида хусусий банклар улуши ўзгаришини, шунингдек, банк секторида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва трансформация жараёнлари самарадорлигини доимий равишда баҳолаб бориш мақсадида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан мамлакатимиздаги 31 тижорат банклари учун “Банклар фаоллик индекси” ишлаб чиқилди. Ушбу индекс асосида Марказ ҳар чоракда банклар рейтингини эълон қилиб бормоқда.

Мазкур индексни ҳисоблашда банкларнинг қуйидаги йўналишлар бўйича кўрсаткичларидан фойдаланилди:

  • Молиявий воситачилик
  • Молиявий оммабоплик
  • Капитал етарлилиги
  • Активлар сифати
  • Бошқарув самарадорлиги
  • Даромад олиш салоҳияти
  • Ликвидлилик

2021 йил 1 январь ҳолатига республикамиз банк тизими активлари 366,1 трлн. сўм, мажбуриятлари 307,8 трлн. сўм ҳамда капитали 58,4 трлн. сўмни ташкил этди. Ҳозирги кунда банк тизимида 55 274 киши фаолият олиб бормоқда.

Банкларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб, банклар икки гуруҳга ажратилди: 1) йирик банклар 2) кичик банклар. Ҳар бир гуруҳ бўйича алоҳида рейтинг тузилди.

Йирик банклар учун фаоллик рейтинги

17 йирик банклар учун фаоллик индекси бўйича умумий рейтингда Капитал банк ва Ҳамкор банк етакчилик қилмоқда. Капитал банкнинг молиявий воситачилик, активлар сифати ҳамда ликвидлилик кўрсаткичлари бўйича юқори натижалари банкнинг 1-ўринни эгаллашини таъминлади. Хусусан, мазкур банкнинг муддатли депозитларининг жами кредитларига нисбати 85 фоизни ташкил этди. Бундан ташқари, банкнинг мажбуриятлари таркибида бошқа банклар ва молия институтларидан олинган маблағлар улуши (3 фоиз) ва ҳукуматдан олинган маблағлар улуши (0,5 фоиз) энг паст кўрсаткичлардан ҳисобланади. Лекин, қайд этиш керакки, Капитал банкнинг капитал етарлилиги бўйича рейтинги банкнинг бу борадаги кўрсаткичлари Базель қўмитаси томонидан белгиланган минимал талабларга яқинлашиб қолганидан далолат бермоқда.

Йирик банклар фаоллик индекси

2020 йил 4-чорак учун

Ҳамкор банк умумий рейтингнинг 2-поғонасидан жой олди. Ҳисоб-китоб натижаларига кўра, Ҳамкор банк молиявий оммабоплик бўйича 1-рақамли банк сифатида эътироф этилди. Чунки, ушбу банкнинг ҳар бир филиалига тўғри келувчи кредит олган юридик ва жисмоний шахслар сони нисбатан кўпроқни ташкил этмоқда. Шунингдек, ушбу банк даромад олиш ва ликвидлилик кўрсаткичлари бўйича ҳам топ-5 йирик банклардан бири ҳисобланади. Шунга қарамасдан, Ҳамкор банк алоҳида рейтинг натижалари активлар сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатмоқда.

Давлат улуши мавжуд йирик банклардан Алоқа банк 3-ўринни эгаллади. Ушбу банк молиявий воситачилик (3-ўрин), капитал етарлилиги (2-ўрин) ва активлар сифати (4-ўрин) бўйича энг яхши кўрсаткичлардан бирини намоён этди. Банкнинг муддатли депозитларининг жами кредитларига нисбати (58 фоиз) бошқа давлат банкларига нисбатан юқори ҳисобланса, бошқа банклар ва молия институтларидан олинган депозитлар ва кредитларнинг жами мажбуриятларидаги улуши (23 фоиз) ҳамда ҳукуматдан олинган маблағларнинг мажбуриятларига нисбати (11 фоиз) банк тизими кўрсаткичларидан пастроқдир.

Кичик банклар фаоллик индекси

2020 йил 4-чорак учун

Батафсил таҳлил «Экономическое обозрение» журналининг кейинги сонида чоп этилади.

*Тадқиқот методологияси ва батафсил маълумотларни ўз ичига олган тўлиқ ҳисоботни Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказидан сўров бўйича олиш мумкин.

Мурожаат учун:

Тел.: (+998) 78 150-02-02

E-mail: k.khamidov@cer.uz,

Х.С. Хамидов,

Бош илмий ходим

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Жамоатчилик билан алоқалар хизмати


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар