2022 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришлар ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
Молиявий санкциялар бекор қилинади
2022 йил 1 январдан:
- камерал солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар қўлланилмайди;
- тадбиркорлар томонидан солиқ ҳисоботини белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун молиявий санкциялар бекор қилинади.
ID-карта қаердан олинади?
2022 йил 1 январдан Ўзбекистон фуқароси, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация ID-картаси ҳамда Ўзбекистон фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш Давлат хизматлари марказлари орқали ҳам амалга оширилади. Паспорт учун тўлов нархи БҲМнинг 1,2 бараваридан 1 бараваригача арзонлаштирилади.
Бундан ташқари, ДХМлар ва ЯИДХП орқали босқичма-босқич жорий этиладиган давлат хизматлари рўйхати — 87 та, қолаверса, 1 январдан кўрсатиш муддатлари қисқартириладиган давлат хизматларининг айрим турлари рўйхати — улар 59 та тасдиқланди.
Малака сертификатларини бериш учун мурожаатлар
1 январдан жисмоний шахсларга айрим фаолият турлари билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи малака сертификатларини бериш ҳамда уларни ушбу мақсадда аттестациядан ўтказиш учун мурожаатлар электрон шаклда қабул қилинади.
Бунда имтиҳон жараёнлари узлуксиз видеотасвирга (овозли) туширилади ва видеотасвир камида бир йил сақланади.
Айрим давлат ОТМ тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини мустақил белгилайди
Молиявий мустақил давлат ОТМлари 2022 йил 1 январдан қуйидагилар бўйича мустақил қарор қабул қилади:
- контракт қийматини, тўлаш муддатларини белгилаш ва узайтириш;
- маҳаллий ва хорижий профессор-ўқитувчи ва мутахассисларни шартнома асосида жалб қилиш;
- ўз ҳисобидан талабалар учун стипендия ва грантлар ажратиш;
- хорижийан ўқув ва илмий адабиётлар, дарсликлар, ўқув қўлланмаларни тўғридан-тўғри харид қилиш;
- бўш турган бино ва иншоотларда пуллик хизматлар кўрсатиш тартибини белгилаш;
- автотранспорт воситаларининг йўл босиш йиллик лимити ва уларга хизмат кўрсатиш талабларини белгилаш.
Шунингдек қарорга кўра, ички аудит ва молиявий назорат хизматлари учун давлат ОТМ харажатларини онлайн мониторинг қилиш имконияти яратилади.
Пенсияларни тендерда ютган банк тўлайди
2022 йил 1 январдан пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловлар (пенсия ва нафақалар)ни тўлаш ҳар уч йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида ўтказиладиган тендер асосида танланган тижорат банки ва бошқа ихтисослашган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.
Бунда пенсия ва нафақаларни нақд пулда маҳалла фуқаролар йиғинларига, фуқароларнинг яшаш манзилларига етказиб бериш мажбурияти юклатилади.
ҚҚС тўловчилар мажбуриятлари ўзгаради
2022 йил 1 январдан ҚҚС тўловчилар ва устав жамғармасида давлат улуши 50 фоиздан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар учун қуйидагилар мажбурий ҳисобланади:
- асосий воситалар, номоддий активлар ва товар-моддий ресурсларни ҳисобга олиш ҳамда ўз устав фондини шакллантириш ва камайтириш билан боғлиқ барча операцияларни давлат солиқ органларининг “E-aktiv” автоматлаштирилган автомат тизимида акс эттириш;
- хўжалик фаолияти давомида товар-моддий захиралар сақлаш муддати тугагач йўқ қилинганда ва ҳисобдан чиқарилганда 3 иш кунидан кечиктирмасдан “E-aktiv” ААТда акс эттириш.
Шунингдек, юридик шахслар томонидан кўчмас мулкни ижарага бериш (олиш) ёки текин фойдаланиш шартномалари давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилади. Бунда ҳисобга қўйиш масофадан туриб фақат электрон шаклда амалга оширилади.
Давлат бошқарув идоралари ходимларига қўшимча устама тўланади
“Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, 2022 йил 1 январдан хорижий тиллардан миллий ва халқаро сертификатга эга давлат бошқарув идораларининг барча бўғинлари ходимларига лавозим маошига нисбатан 20 фоизгача қўшимча устама тўланади.
Педагогларга аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги сертификат электрон шаклда берилади
2022 йил 1 январдан:
- педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш бўйича вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) ҳамда таълим муассасалари миқёсидаги аттестация комиссияларини тузиш ва йиғма жилд орқали ҳужжат топшириш амалиёти бекор қилинади;
- педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш уларнинг педагогик маҳорати ва психологик тайёргарлигини баҳолаш ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан ўқув фани бўйича малака синовини ўтказиш орқали амалга оширилади;
- педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаси (лавозим) бериш бўйича ҳужжатларни қабул қилиш ДХМ ёки ЯИДХП ёхуд Таълим инспекцияси расмий веб-сайтидаги махсус портал орқали амалга оширилади;
- педагог кадрларга қоғоз шаклидаги аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги сертификат бериш амалиёти бекор қилиниб, электрон шаклдаги сертификат бериш тартиби жорий этилади;
- педагог кадрларга бунгача берилган сертификатлар ўз кучида қолади ва амал қилиш муддати тугагунга қадар сертификатда кўрсатилган малака тоифаси (лавозими) бўйича базавий тариф ставкалари асосида ҳақ тўлашда ҳисобга олинади.
Тадбиркорлар фаолиятида текширувлар
- назорат қилувчи органлар тадбиркорлар фаолиятини белгиланган тартибда тасдиқланган саволнома бўйича текширади;
- Савдо-саноат палатаси аъзоси бўлган тадбиркорлар фаолиятини текширишда ушбу тадбиркорлар розилиги билан Савдо-саноат палатаси ходимлари иштирок этади;
- Текширишларни рўйхатга олиш китобининг ҳисоби электрон тарзда юритилади;
- тадбиркорлар фаолиятида текширувлар қонунбузилишларга йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича профилактика тадбирлари ўтказилгандан сўнг амалга оширилади (солиқ текширувлари, жиноят ишлари ва тезкор-қидирув фаолияти доирасидаги текширувлар бундан мустасно).
Ногиронлиги бўлган ҳар бир ходим учун субсидия ажратилади
2022 йил 1 январдан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳар бир ходим учун 6 ойда БҲМнинг 1,5 бараварида субсидия берилади.
Мобил илова ишга туширилади
2022 йил 1 январдан қуйидаги маълумот ва хизматларни ўз ичига олувчи мобил илова ишга туширилади:
- метрополитен йўналишлари (уларнинг қурилиши бўйича маълумотлар);
- бекатлар (улар атрофида жойлашган объектлар ва жамоат транспорти йўналишлари);
- поездлар ҳаракати жадвали;
- электрон тўлов.
Мева-сабзавотчилик соҳасини ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратилади
2022 йил 1 январдан:
- фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа маҳсулот етиштирувчиларга – мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш учун ҳосил қийматининг 50 фоизигача йиллик 14 фоиз ставкада 6 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатга кредит ажратилади;
- мева-сабзавотларни қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчиларга – етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишга талаб этиладиган айланма маблағларни тўлдириш учун йиллик 14 фоиз ставкада 12 ойлик “револьвер” кредит берилади.
Мазкур тадбирларни молиялаштириш учун Жамғармага 2 трлн сўм бюджет ссудаси ажратилади.
Электр энергияси фаолият турига кўра сотиб олинади
2022 йил 1 январдан “Ўзбекгидроэнерго” АЖ таркибидаги гидроэлектр станциялари томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергияси фаолият турига кўра кафолатланган тарзда II тариф гуруҳи истеъмолчилари учун белгиланган тарифга нисбатан:
● сув оқими бўйича ишлайдиган гидроэлектр станцияларида – 70 фоиз миқдорда;
● электр энергетикаси тизимининг режимига боғлиқ ҳолда диспетчер томонидан тартибга солинадиган, ростловчи гидроэлектр станцияларида – 100 фоиз миқдорда;
● гидротўплаш электр станцияларида – 150 фоиз миқдорда сотиб олинади.
Электр энергиясини янги ишга тушириладиган қуёш, шамол, биогаз электр станцияларидан (бундан саноат кўламидаги 1 МВт ёки ундан ортиқ қувватлар мустасно), қуввати 5 МВт гача бўлган гидроэлектр станцияларидан ўз эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилгандан ортиқча электр энергиясини кафолатланган тарзда сотиб олиш II гуруҳ истеъмолчилари учун белгиланган тарифнинг 80 фоизи миқдорида амалга оширилади.
Бюджет маблағлари харажатларни амалга ошириш қандай ҳолатда тўхтатилади?
2022 йил 1 январдан консолидациялашган бюджет маблағлари ва бошқа марказлашган манбалар ҳисобидан харажатларни амалга ошириш ва ишларни бажариш қуйидаги ҳолларда тақиқланади:
- молиялаштириш манбаи аниқ бўлмаганда;
- лойиҳа ҳужжатлари (ишчи лойиҳа, иш ҳужжатлари, лойиҳа-смета ҳужжатлари) мавжуд бўлмаганда ёки улар қурилиш-монтаж ишлари билан бир вақтда тайёрланганда, яъни параллел равишда олиб борилганда;
- пудратчи (лойиҳачи) ташкилотлар танлов (тендер) ўтказилмасдан танлаб олинганда.
Харид чекини рўйхатдан ўтказганларга харид суммасининг 1 фоизи қайтарилади
Чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида қилинган харид чекини солиқ органларининг махсус мобил иловасида сканерлаган жисмоний шахсларнинг карталарига ой якунида харид суммасининг 1%и қайтарилади.
Шунингдек, мижозга чек бермасдан маҳсулот сотганлик ёки хизматлар кўрсатганлик тўғрисида солиқ органларига махсус дастур орқали хабар берган жисмоний шахсларга, ҳуқуқбузардан ундирилган жариманинг 20%и миқдорида мукофот тўланади.
Ҳоким ёрдамчилари сони биттага кўпаяди
2022 йил 1 январдан ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси лавозими таъсис этилади.
Мазкур лавозимга:
- Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, тижорат банклари, иқтисодий ва инвестиция комплексларига кирувчи бошқа идоралар, уларнинг ҳудудий бўлинмаларида бўлим (шўъба) бошлиғидан паст бўлмаган лавозимда ишловчи раҳбар ходимлар, шунингдек, маҳаллий ҳокимликларнинг раҳбар ходимлари тайинланади;
- номзодлар очиқ танловлар асосида ишга қабул қилинади;
- тадбиркорлар, бошқа соҳа вакиллари, фаол ёшлар, раҳбарлик лавозимида фаолият юритмаётган ходимлар ва олий маълумотга эга бўлмаган фуқаролар ҳам ишга қабул қилиниши мумкин.
Талаб қилинадиган ҳужжатлар тури камаяди
Давлат ташкилотлари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан бир қатор маълумотнома ва ҳужжатларни талаб қилиш тартиби бекор қилинади.
Айрим тўловлар миқдори камаяди
Айрим давлат хизматлари учун ундириладиган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа тўловлар миқдори камайтирилади.
Давлат хизматчилари даромадлари декларацияси жорий этилади
2022 йил 1 январдан давлат хизматчилари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилади.
Уларга хорижда банк ҳисобрақамларини очиш тақиқланади. Манфаатлар тўқнашувини ошкор қилиш ва олдини олиш бўйича чора кўрмаганлик учун жавобгарлик жорий қилинади.
Етим болаларни фарзандликка олиш қандай амалга оширилади
2022 йил 1 январдан:
- етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг уй-жойга муҳтожлиги “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аниқланади;
- етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка, васийликка (ҳомийликка, патронатга) олиш “Васийлик ва ҳомилик” электрон платформаси орқали онлайн мурожаатга асосан амалга оширилади.
Бюджет харажатлари
Туман ва шаҳар бюджетлари харажатларининг 5 фоизи жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Оролбўйи минтақасидаги тадбиркорларга солиқ имтиёзлари берилади
Мўйноқ туманидаги тадбиркорлик субъектлари учун бир қатор солиқ ставкалари 1% этиб белгиланади ҳамда кичик тадбиркорлик субектларига корхона қурилиши учун зарур бўлган асбоб-ускуна ва техникаларни темир йўл транспортида ташиш харажатларининг ярми қоплаб берилади.
Автомототранспорт воситаларини электрон онлайн-ауцион йўли билан ижарага бериш
Жисмоний ва юридик шахслар томонидан автомототранспорт воситаларини электрон онлайн-ауцион йўли билан ижарага беришда шартномаларни нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинади.
Бунда, электрон онлайн-аукцион натижасига кўра расмийлаштирилган баённома ижара шартномаси кучига эга бўлади.
Тезкор хабар маркази ишга тушади
Фуқароларга коррупция ҳақида тезкор хабар бериш имконини берувчи тун-у кун фаолият юритадиган “Call-markaz” ишга туширилади.
Хонадонларда пилла етиштирувчиларга субсидия ажратилади
Хонадонда пилла етиштирувчиларга ҳосилнинг бир килограмми учун 5 минг сўм миқдорида субсидия ажратилади ҳамда тутзорларни суғориш учун фойдаланилган сув ҳажмига солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорда қўлланилади.
Ишлаб чиқарувчилар томонидан сотиладиган газга акциз солиғи солинмайди
Тадбиркорларга табиий ва суюлтирилган газни Ўзбекистонга импорт қилишда ҚҚСни 120 кунгача муддатга фоизлар ҳисобланмаган ва унинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда, кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш ҳуқуқи берилади.
2022 йилдан кўп квартирали уйлар камида 1 Гбит/с тезликли интернетга уланади
2022 йил 1 январдан Интернетга кенг полосали уланиш тармоқларини лойиҳалаш ва қуришда қуйидагилар назарда тутилади:
- маъмурий бинолар ва кўп квартирали уйларни камида 1 Гбит/с ўтказувчанлик қобилияти билан;
- таълим ташкилотлари, соғлиқни сақлаш муассасалари ва бошқа давлат ташкилотларини камида 100 Мбит/с ўтказувчанлик қобилияти имконияти билан улаш.
Пахта ип-калаваси ва трикотаж матони олиб чиқишда қанча йиғим ундиралади?
Ўзбекистон божхона чегараси орқали пахта ип-калаваси ва трикотаж матони олиб чиқишда 2021 йил 1 январдан бошлаб олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм ип-калава учун 0,01 АҚШ доллари, 2022 йил 1 январдан олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм ип-калава ва трикотаж мато учун 0,05 АҚШ доллари, 2023 йил 1 январдан – 0,1 АҚШ доллари, 2025 йил 1 январдан – 0,2 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади.
Изоҳ қолдириш