10 ой давомида 46 минг тонна шакар биржа орқали сотилди

10 ой давомида 46 минг тонна шакар биржа орқали сотилди

2019 йил январь-октябрь ойларида биржа савдоларига жами 48,1 минг тонна шакар сотувга қўйилган ва шундан 46,8 минг тоннаси ёки 97 фоизи сотилган.

Республика товар-хом ашё биржаси хабарига кўра, шакарнинг сотувга қўйиш ва сотиш ҳажмлари жорий йилнинг январь-октябрь ойларида 2018 йилнинг худди шу даврига нисбатан 42 бараварга ошган.

2019 йил январь-октябрь даврида биржа савдоларида сотилган 46,8 минг тонна шакарнинг 22,9 минг тоннаси ёки 49 фоизи “XORAZM SHAKAR” АЖ ва 23,8 минг тоннаси ёки 51 фоизи “ANGREN SHAKAR” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган.

2019 йил январь-октябрь даврида шакар ойма-ой бир маромда сотилмаган. Энг кўп ҳажмларда февраль (8,8 минг тонна) ва июнь (5,2 минг тонна) ойларида сотилган бўлса, энг кам ҳажмда январда (1,6 минг тонна) ва мартда (3,6 минг тонна) сотилган. Шакарнинг савдоларга қўйилиш ва сотилиш ҳажмлари май ойидан бошлаб барқарорлашган. Ушбу даврда (май-октябрь) шакарнинг ўртача ойлик сотилиш ҳажми 4,8 минг тоннани ташкил қилган.

Бир тонна шакарнинг ўртача бошланғич нархи ўрганиш даврида бир тонна учун 4 584 500 сўмга, ўртача сотилиш нархи бир тонна учун 4 694 200 сўмга тенг бўлган. Ўрганиш ва таққослаш давридаги ўртача бошланғич ва сотилиш нархлар ўртасида катта фарқланиш мавжуд эмас.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2019 йил 8 октябрдаги ПҚ-4484-сонли қарорига мувофиқ 2020 йил 1 январдан республикада ишлаб чиқарилган шакарнинг камида 90 фоизи фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида барча тоифадаги харидорларга сотилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар