Жаҳонда уй-жойнинг реал нархлари тўрт йилдан буён пасаймоқда (Халқаро ҳисоб-китоблар банки)
Халқаро ҳисоб-китоблар банки (BIS) маълумотларига кўра, 2026 йилнинг II чорагида жаҳонда уй-жой нархлари инфляцияни ҳисобга олганда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 фоизга пасайди. Бу 2023 йилнинг III чорагидан буён энг катта пасайишдир. Номинал нархлар эса 1,8 фоизга ошган, яъни уй-жой нархларининг ўсиши инфляция суръатидан паст бўлган.
Ривожланган мамлакатларда уй-жойнинг реал нархлари ўртача 0,7 фоизга, ривожланаётган мамлакатларда 2,6 фоизга пасайди. Хитой ва Канадада нархлар қарийб 7 фоизга, Филиппинда 6 фоизга арзонлашган. Португалияда эса нархлар 13 фоизга, Словакияда 10 фоизга ошган.
Жаҳон бўйича умумий пасайиш асосан бир нечта йирик бозорлардаги нархларнинг арзонлашиши билан боғлиқ. Айни пайтда, ривожланган мамлакатларнинг қарийб 70 фоизида ва ривожланаётган мамлакатларнинг 60 фоизида уй-жойнинг реал нархлари ўсишда давом этмоқда. Жаҳонда уй-жойнинг реал нархлари 2019 йил якунидаги даражадан ҳали ҳам 1,7 фоизга юқори.
2026 йилда жаҳон денгиз савдосининг ўсиши тўхташи кутилмоқда (UNCTAD)
БМТнинг Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (UNCTAD) прогнозига кўра, 2026 йилда жаҳонда денгиз орқали юк ташиш ҳажми ўсмайди. 2025 йилда ушбу кўрсаткич 1,9 фоизга ошиб, 12,3 млрд тоннани ташкил этган. Халқаро савдодаги товарларнинг 80 фоиздан ортиғи денгиз транспорти орқали ташилади.
Ҳурмуз бўғози, Қизил денгиз ва бошқа муҳим транспорт йўналишларидаги узилишлар юк ташувчиларни узоқроқ йўналишлардан фойдаланишга мажбур қилмоқда. Натижада юк ҳажми ўзгармаса-да, ташиш масофасининг узайиши ҳисобига юк айланмаси 1,5 фоизга ошиши мумкин. Бу ёқилғи харажатларининг ортиши, етказиб бериш муддатларининг узайиши ва портлар юкламасининг ошишига олиб келади.
2026 йилнинг январь-август ойларида бир марталик шартномалар бўйича контейнерларда юк ташиш тарифлари икки баробардан зиёдга ошди. Ташкилот муқобил транспорт йўналишларини олдиндан шакллантириш, портларнинг қуруқликдаги транспорт тармоқлари билан алоқасини яхшилаш ва чегарадан ўтиш тартибларини соддалаштиришни тавсия этмоқда. 2027 йилда денгиз савдоси ҳажмининг 3,2 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Сунъий интеллектни ривожлантириш учун жалб қилинаётган қарзлар жаҳон молия тизимидаги хатарларни оширмоқда (Англия банки)
Англия банки баҳоларига кўра, 2026 йилда йирик булутли хизматлар ва ҳисоблаш инфратузилмаси операторлари томонидан чиқариладиган облигациялар ҳажми 305 млрд доллардан ошади. Бу жаҳонда инвестицион рейтингга эга облигациялар умумий ҳажмининг қарийб 8 фоизини ташкил этади. Сунъий интеллект инфратузилмасини ривожлантираётган компанияларнинг қарз жалб қилиш ҳажми 2025 йилга нисбатан қарийб икки баробарга ошган.
Йирик технологик компанияларнинг жами эҳтимолий молиявий мажбуриятлари 4 трлн доллардан ортиқ баҳоланмоқда. Бунга амалдаги қарзлар, ижара тўловлари, келгусидаги харидлар бўйича мажбуриятлар ва кафолатлар киради. Лойиҳаларни молиялаштиришда облигациялар, инвестиция жамғармалари ва қўшма корхоналардан фойдаланиш кенгаймоқда.
Асосий хатар технологик компанияларнинг ўзаро молиявий боғлиқлиги ортиб бораётгани билан изоҳланади. Агар сунъий интеллектдан олинадиган даромадлар кутилганидан паст бўлса, компанияларнинг молиявий мажбуриятларини бажаришидаги қийинчиликлар банклар, кредит жамғармалари ва суғурта ташкилотларига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Англия банки ушбу хатарлар технологик соҳа доирасидан чиқиб, молия тизимига тарқалиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Изоҳ қолдириш