21 январь куни Марказий банк Бошқарувининг йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда инфляция даражаси, Озиқ-овқат инфляциясига босим, иллик базавий инфляция даражаси ҳақида айтиб ўтилди.
2020 йилнинг II ярмидан бошлаб, тартибга солинадиган нархларнинг нисбатан барқарорлиги, истеъмол талабининг сустлиги ва умуман, ўзгарувчан макроиқтисодий шароитлар нархларнинг йиллик ўсиш суръатлари секинлашишига хизмат қилди. 2020 йил якунлари бўйича инфляция даражаси 2019 йилдаги 15,2 фоизга нисбатан секинлашиб, 11,1 фоизни ташкил этди.
Инфляцияга озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўзгариши нисбатан юқори – 6,5 фоиз банд ҳисса қўшди. Мазкур товарлар гуруҳи бўйича инфляция умумий инфляция даражасидан анча юқори бўлди ва йил якуни бўйича 15,3 фоизни ташкил қилди.
Озиқ-овқат инфляциясига босим, асосан мавсумий омиллар, барқарор талаб, жаҳон ва асосий савдо-ҳамкор давлатлар озиқ-овқат бозорларидаги нархларнинг ўсувчи динамикаси таъсирида юзага келди. Бунда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари юқори даражада ўсди. Хусусан, картошка нархи – 42 фоизга, тухум – 38 фоизга, ўсимлик ёғи – 27 фоизга, шакар – 21 фоизга, гўшт маҳсулотлари – 18,1 фоизга ва нон маҳсулотлари – 15,2 фоизга қимматлашди.
2020 йилда ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар нархларининг ўсиш суръатлари умумий инфляциядан сезиларли даражада паст бўлиб, мос равишда 8,8 фоиз ва 7,1 фоизни ташкил этди.
Декабрь ойида йиллик базавий инфляция даражаси нархларнинг умумий ўсишига нисбатан юқорироқ шаклланди ва 11,7 фоизни ташкил қилди. Бу озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиш тенденцияси ва тартибга солинадиган нархларнинг нисбатан барқарор бўлганлиги билан изоҳланади.
2020 йилда ноаниқликларнинг кучайиши таъсирида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари инфляцион кутилмаларининг нисбатан юқори ўсиши кузатилди. Бу апрель ва июль ойларига тўғри келган бўлса, август ойида кутилмалар пасая бошлади ва аҳоли учун 17-18 фоиз ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун 18-19 фоиз даражасида қайд этилди. Бу, ўз навбатида, инфляцион кутилмаларнинг жиловланмаганлигини ифодалайди.
Асосий савдо-ҳамкор давлатларда ҳам инфляцион кутилмаларнинг ўсиши ва жорий инфляциядан юқори фарқланиши кузатилиб, бу жаҳон бозорларида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўзгарувчанлигини ва иқтисодий агентларнинг келажакдаги тенденциялар бўйича ноаниқликларнинг мавжудлиги билан изоҳланади.
Изоҳ қолдириш