АҚШда ишлаб чиқарувчилар нархлари инфляцияси сўнгги 4 йилдаги энг юқори даражага етди (U.S. Bureau of Labor Statistics)
АҚШ Меҳнат статистикаси бюроси (BLS) маълумотларига кўра, 2026 йил сентябрь ойида ишлаб чиқарувчилар нархлари индекси (PPI) бир ойда 1,3 фоизга ошиб, 2022 йил бошидан буён энг юқори ўсиш суръатини қайд этди. Бунга асосан энергия ресурслари нархининг ошиши сабаб бўлиб, натижада транспорт ва ишлаб чиқариш харажатлари кўпайди.
Энергия ресурслари нархи 10,8 фоизга, жумладан, бензин 20,3 фоизга, дизель ёқилғиси 21 фоизга ошди. Йиллик ҳисобда дизель ёқилғиси 115,2 фоизга қимматлашди. Натижада автомобиль транспортида юк ташиш нархлари ўтган йилнинг сентябрь ойига нисбатан 19 фоизга ошиб, сўнгги тўрт йилдаги энг юқори ўсиш суръатини қайд этди.
Оралиқ ишлаб чиқаришнинг дастлабки икки босқичида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари йиллик ҳисобда 15,6 фоизга, озиқ-овқат маҳсулотларининг улгуржи нархлари эса бир ойда 1,2 фоизга ошди. Хизматлар соҳасида нархларнинг ойлик ўсиш суръати августдаги 0,2 фоиздан сентябрда 0,8 фоизгача тезлашди.
Умуман, товарлар бўйича ишлаб чиқарувчилар нархлари бир ойда 2,6 фоизга ошди. Бу 2009 йил декабрда мазкур статистика юритила бошланганидан буён энг юқори ўсиш кўрсаткичи ҳисобланади. Ушбу ўсишнинг 80 фоиздан ортиғи энергия ресурслари нархининг қимматлашиши ҳиссасига тўғри келди. Шу билан бирга, савдо хизматлари соҳасида савдо маржаси 1,4 фоизга ошди ва хизматлар нархлари умумий ўсишининг қарийб ярмини таъминлади.
Хитой гўшт ва сут маҳсулотлари экспортини оширмоқда (Reuters)
Хитойнинг озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш сиёсати натижасида гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми кенгайиб, ички талабдан ошиб кетди. Юзага келган ортиқча маҳсулотлар экспортга йўналтирилмоқда.
Хитой божхона хизмати маълумотларига кўра, 2025 йилда паррандачилик маҳсулотлари экспорти 2,6 млрд долларга етиб, 2020 йилга нисбатан икки баробар ошди. Хитой илк бор товуқ гўштининг соф экспортчисига айланди. Прогнозларга кўра, 2026 йилда сут маҳсулотлари экспорти 600 млн долларга етиб, сўнгги уч йилда икки баробар ошади.
Нарх бўйича устунлик экспорт ҳажмини ошириш омилларидан бирига айланмоқда. Хусусан, Хитой парранда гўшти маҳсулотлари хорижий харидорларга Бразилия ва Таиланднинг шу турдаги маҳсулотларига нисбатан бир тоннаси 1 минг доллар арзонроқ нархда таклиф этилмоқда. Хитой корхоналари ҳозирда 20 дан ортиқ мамлакатга гўшт маҳсулотларини етказиб бермоқда.
Европа комиссияси Хитойдан ўрдак гўшти импорти бўйича антидемпинг текширувини бошлади, шунингдек, Хитойда ишлаб чиқарилган нўхат оқсилига 41–67 фоиз миқдорида божлар жорий этди. Шу билан бирга, 2025 йилда Хитойнинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ташқи савдосидаги тақчиллик 100 млрд доллардан юқори даражада сақланиб қолди.
Жаҳон бозорида мазут тақчиллиги нархлар ўсишини қўллаб-қувватламоқда (Reuters)
Reuters маълумотларига кўра, 2026 йил февраль ойига нисбатан Ормуз бўғози орқали юқори олтингугуртли мазут (HSFO) етказиб бериш ҳажми ойига камида 800 минг тоннага қисқарди.
Kpler маълумотларига кўра, 2025 йил январидан 2026 йил февралигача Ормуз бўғози орқали мазут экспортининг ўртача ойлик ҳажми 3,7 млн тоннани ташкил этган. Етказиб бериш ҳажмининг қўшимча қисқариши Россия нефтни қайта ишлаш заводлари фаолиятидаги узилишлар билан боғлиқ бўлиб, улар туфайли мазут ишлаб чиқаришдаги ойлик йўқотишлар 1 млн тонна деб баҳоланмоқда.
Таклиф чекланган шароитда октябрь ойида қовушқоқлиги 380 сантистокс (сСт) бўлган юқори олтингугуртли мазутнинг базавий нархига қўшиладиган устама 10 баробарга ошиб, февралдаги бир тонна учун 5,1 доллардан октябрда 50 долларгача етди. Шунингдек, денгиз орқали ташиш харажатларининг ошиши ва Ормуз бўғози орқали юк ташиш билан боғлиқ хавфлар етказиб бериш қийматининг ошишига қўшимча таъсир кўрсатмоқда.
Саудия Арабистонидан хом нефть етказиб беришдаги узилишлар сабабли Шимолий Осиёдаги нефтни қайта ишлаш заводлари мазутдан муқобил хомашё сифатида фойдаланишни оширмоқда. Ноябрь ойида юқори олтингугуртли мазутни қайта ишлаш ҳажми 1 млн тоннадан ошади.
Шу билан бирга, кемалар учун муқобил ёқилғи турларига талаб ортиб бормоқда. Сингапур Денгиз ва порт маъмурияти маълумотларига кўра, 2026 йил январь-сентябрь ойларида кемаларни ёқилғи билан таъминлаш (бункеровка) учун суюлтирилган табиий газ сотуви 487,1 минг тоннага етиб, йиллик ҳисобда 21 фоизга ошди. Vitol компанияси ҳам кемаларни ёқилғи билан таъминлаш фаолияти географиясини кенгайтирмоқда. Жумладан, Форс кўрфазидаги анъанавий таъминот йўналишларига муқобил сифатида Покистоннинг Гвадар портидан фойдаланишни йўлга қўймоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш